Ҳуқуқий маслаҳатхона: Иш вақти тугаса-ю, иш тугамаса... Ходимга қўшимча ҳақ тўланадими?

11.01.2020 10:01:00

Ишхоналарда бундай вазият кўп учрайди. Фидойи ходимлар ишдан ташқари вақтда ёки дам олиш кунлари ҳам меҳнат қилишларига тўғри келади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида бу масалага қандай муносабат билдирилади?

Иш вақти – ҳафтасига 40 соат

Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Кимлар имтиёзга эга?

Айрим тоифадаги ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади. Лекин иш ҳақи камайтирилмайди. Қандай ходимлар бундай имтиёзга эга?

  • 18 ёшга тўлмаганлар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлари;
  • ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлганлар;
  • алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар;
  • 3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар.

36 соатга туширилган касблар

Иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган ходимлар учун белгиланади.

Юқори даражадаги ҳис-ҳаяжон, ақлий зўриқиш, асаб танглиги билан боғлиқ, яъни алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги айрим тоифадаги ходимлар учун иш вақтининг муддати ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Бундай касб вакилларига тиббиёт ходимлари ва педагоглар мисол бўлади.

Ходимни сурункасига икки смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади.

Тунда ишловчи ходимлар

Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади. Агар ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги иш вақти муддати бир соатга, иш ҳафтаси муддати ҳам шунга мувофиқ равишда қисқартирилади.

Ишлаб чиқариш шароитларига кўра зарур бўлган ҳолларда, хусусан ишлаб чиқариш узлуксиз бўлган жойларда, 6 кунлик иш ҳафтаси шароитида смена бўлиб ишланаётган жойларда тунги иш муддати кундузги иш муддатига тенглаштирилади.

Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади. Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда тўланган ҳақ тариф ставкаларига (мансаб маошларига) қўшилмайди. Бевосита тунги сменадан олдингиси кечки смена деб ҳисобланади.

Ишдан кейинги меҳнат: йилига 120 соат!

Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Бунга ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — 1 кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт.

Ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас.

Дам олиш кунлари ва байрам саналаридаги иш учун икки ҳисса ҳақ тўланади!

Дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунларида ходимни ишлатиш тақиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни бундай кунларда ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина йўл қўйилади.

Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Шунингдек, ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Бундай вазиятда иш учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Буни аёлларга буюрманг!

Ҳомиладор аёллар, 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.

Аммо бу турдаги ходималарнинг хизмати ташкилот учун жуда зарур бўлиб, раҳбар бунга розилик сўраши ёки ходиманинг ўзи иш куни ва вақтидан ташқари пайтда ишга чиқиш, меҳнат сафарига бориш таклифини бериши мумкин. Бу ҳолда қўшимча иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса тақдим этиш керак.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Арсланов И
2020-01-11 20:44:58
Қайси орган назорат қилади қонунга хилоф равишда ходимни ишга жалб қилишни? Агар бу ташкилот бўлса нима учун у ишламайди?

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+