Ҳуқуқий маслаҳатхона: Маҳсулотнинг айби дўкондан ташқарида ошкор бўлса...

07.12.2019 14:12:27

Дўкондан бирорта буюм сотиб олдингиз. Ўзингиз танлагансиз, ёқтиргансиз, лекин текширишга келганда шошибсиз-да. Уйга келганда матоҳнинг айби ошкор бўлди. Дўкон пештоқидаги “Сотилган маҳсулот қайтиб олинмайди” ёзуви кўз олдингизга келди. Энди афсус чекишдан бошқа илож йўқ.

Йўқ, илож бор! Сотувчининг ўзи чиқарган қонунларига ишонманг. Ҳамма учун тенг қонун – “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикси қонуни бундай муаммоларни бартараф этади.

Товар алмаштириб берилади

Қонуннинг 13-моддасида нуқсонли товар сотиб олинган ҳолда истеъмолчининг ҳуқуқлари санаб ўтилган. Сотиб олинган товарда нуқсон аниқланса, товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб берилади. Харид нархи тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилинади. Шунингдек, товарнинг нуқсонлари бепул бартараф этилиши, бунга кетган харажатлар қопланиши мумкин. Айним ҳолларда эса харид нархи нуқсонга мутаносиб равишда камайтирилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳуқуқлар товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида амал қилади. Кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича 6 ойлик муддат белгиланади.

Кўчмас мулк истеъмолчига ўтказилган кундан эътиборан 2 йил мобайнида, агар шартномада бундан узоқроқ муддат назарда тутилмаган бўлса, мавсумий товарлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган муддат мобайнида аниқланган бўлса, истеъмолчи мазкур ҳуқуқларини рўёбга чиқариши мумкин.

Истеъмолчининг талабларини кўриб чиқиш учун касса ёки товар чеки, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат асос бўлади. Товарда аниқланган нуқсонлар ишлаб чиқарувчи томонидан бартараф этилади.

20 кун, 1 ой, 2 ой, 10 йил...

Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида алмаштириб бериши шарт.

Айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан 1 ой ичида қондирилиши керак. Чўл ва олис жойларда, товарлар вақти-вақти билан олиб бориладиган жойларда истеъмолчининг бундай талаби ушбу жойларга навбатдаги товар етказиб бериш учун кетадиган муддат ичида, лекин 2 ойдан кечиктирмай қондирилиши лозим.

Истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, агар у норматив ҳужжатларда назарда тутилган товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати мобайнида, бундай муддат белгиланмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилинган) пайтдан эътиборан 10 йил мобайнида юзага келган бўлса, қопланиши лозим.

Баъзида айб истеъмолчидан ўтади. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки фойдаланиш, сақлаш ёхуд ташишнинг белгиланган қоидалари истеъмолчи томонидан бузилиши туфайли етказилганлигини исботласа, у жавобгарликдан озод қилинади.

Маҳсулотнинг нархи ўзгарган бўлса-чи?

Узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин 3 кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади (сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради).

Товардаги нуқсонларни бартараф этиш хусусида талаб қўйилган тақдирда, ундан фойдаланишнинг кафолат муддати истеъмолчининг товардан фойдалана олмаган даврга тенг муддатга узайтирилади. Мазкур муддат истеъмолчи нуқсонларни бартараф этиш талаби билан мурожаат этган кундан эътиборан ҳисоблана бошлайди.

Нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилган вақтда товарнинг нархи ўзгарган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.

Нуқсонли товар бошқа маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан паст бўлса, истеъмолчи нархлардаги фарқни қўшимча равишда тўлаши лозим. Алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан юқори бўлса, истеъмолчига нархлардаги фарқ қайтарилади. Бундай ҳисоб-китоб чоғида алмаштирилиши керак бўлган товар нархи ошган тақдирда, унинг талаб қўйилган пайтдаги нархи, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги нархи қўлланилади.

Пулни қайтариб оласиз!

Товар истеъмолчиларга кредитга сотилган бўлса, шартнома бекор қилинган тақдирда, пул суммаси товар қайтарилаётган пайтга қадар узилган кредит миқдорида қайтариб берилади, шунингдек, кредит берганлик ҳақи тўланади.

Ҳажми катта ёки вазни 5 килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда товарни элтиш ва қайтариб олиб келиш истеъмолчи томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) қоплаши шарт.

Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+