Ҳуқуқий маслаҳатхона: Руҳий касалликлар ва наркология диспансеридан маълумотнома олиш тартиби ўзгарди

22.02.2020 10:02:27

“Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинди.

Энди маълумотномани диспансернинг ўзидан олмайсиз

Унга кўра Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинди.

Фуқароларга Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали) орқали тақдим этилади.

Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади. Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда шу йил 1 мартга қадар давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизимини ишлаб чиқади.

Давлат хизматлари марказига боринг

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади.

Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,0 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги фуқаролар бундан мустасно. Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этганда тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Керакли ҳужжат – электрон почтангизда!

Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Давлат хизматлари маркази маълумотнома келиб тушгандан сўнг реал вақт режимида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади. Давлат хизматлари маркази ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, ариза берувчининг сўровига кўра, унга маълумотномани электрон шаклда ёки қоғоз шаклда муҳрини босиб, масъул ходимнинг имзосини қўйиб бериши шарт.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+