Ҳуқуқий маслаҳатхона: Термитларга қарши қандай курашамиз?

16.11.2019 15:11:17

Термитнинг бошқача номи – оқ чумоли. Уларнинг 2933 дан ортиқ тури бўлиб, бутун бошли армия, десак муболаға эмас Ҳар бирининг ўз вазифаси бўлиб, қироли, аскари, ишчиси, шу билан бирга эркаги ва урғочиси мавжуд. Уй ҳашоратлари ичида энг хавфлиси бўлиб, инсон ҳаётига хавф туғдира олади. Жумладан, юртимизда ҳам бир нечта аҳоли уйларига зарар етказиб, ҳаётларига зомин бўлган.

Ёғоч ейдиган ҳашорат

Нега дейсизми? Термитларнинг асосий емиши ёғоч ва шу тарздаги қурилиш материаллари бўлгани боис, аҳоли турар жойларига жиддий зиён етказади. Термитлар табиий шароитда яроқсиз, чириган ёғоч, қуриган ўсимлик ва уларнинг қолдиқлари ҳамда таркибида селлюлоза мавжуд материаллар билан озиқланади. Ҳатто, ғишт, лой, гипс, оҳак, бетон плита материалларини, шиша толали мато, синтетик плёнка, сунъий тери, алюмин зарқоғозларни, қўрғошин ва мис симларни ҳам кемириб ташлайди. Термитлар ҳар қандай ёғочнинг ташқи қопламига зарар етказмасдан ички қисмини ейиш хусусиятига эга. Бир уйда яшайдиган 25 мингта термит бир йилда 50 минг сантиметр куб ёғоч ейди. Баъзи термитларнинг ини ҳайратланарли даражада улкан: ер устидаги қисми 8 метрга етиши мумкин.

Ер юзини забт этди

Бу ҳашорот Антарктидадан ташқари барча қитъаларда мавжуд. Энг кам қисми Европада ва Шимолий Америкада, аксарияти Африкада тарқалган. Осиёда термитларнинг 435 тури аниқланган бўлиб, Хитойда анча мўл. Австралияда ҳам кўплаб турлари аниқланган. Оқ чумолилар совуқ ҳавони ёқтирмайди, шу сабаб бундай об-ҳаволи мамлакатларда деярли учрамайди.

Термитларнинг таҳминан 10 фоизи зараркуранда ҳисобланади. У сабаб мамлакатлар йилига миллиардлаб маблағларидан айриладилар. Ҳашорат тарихий обидаларни еб битириши билан маданий бойликка ҳам чанг солади.

Юртимиздаги хавфли икки тури

Ўзбекистонда термитларнинг атиги икки тури мавжуд: Туркистон термити ва касбий орти термити. ХХ аср ўрталарига келиб, қурғоқ ерларга сув келтирилиши, сизот сувларнинг кўтарилиши туфайли термит хавфи тубдан ошди. Термитлар сувдан қочиб, ер юзасига чиқди, аҳоли турар жойларида ўзларига керакли озуқа топди. Улар кескин кўпайишининг яна бир сабаби чўл ҳудудларининг ўзлаштирилиши, термитлар уя қурган ёғоч-тахталар аҳоли томонидан иморат қуришда ишлатилиши билан боғлиқ.

Давлат назоратини талаб этади

2012 йил “Республикада термитларга қарши курашиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган эди. Шу йили мазкур қарорга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, такомилга етказилди.

Қарордан кўзланган мақсад аҳоли турар жойлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар, ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлар ва бошқа турдаги объектларни сақлаш, уларга зарар етказаётган термитларнинг тарқалиши ва уларнинг зарарли фаолиятига қарши курашишни янада кучайтиришдан иборат.

Ушбу ҳужжат асосида термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситалари ишлаб чиқарилади. Термитлар тарқалган объектларни аниқлаш ҳамда аҳоли ўртасида термитларга қарши курашиш бўйича тушунтириш ишлари амалга оширилади.

Термитларнинг табиий ўчоқлари бўлган ва қурилиши хавфли деб белгиланган ҳудудларнинг аниқ рўйхати тузилади. Ушбу ҳудудларда термитлар бартараф этилганлиги бўйича хулосалар берилади.

Кураш ва профилактика

Дезинфекция станциялари аҳоли яшайдиган уй-жойларда, ижтимоий соҳа объектларида, корхона ва ташкилотларда ҳамда маданий-тарихий обидаларда термитларга қарши курашиш ва профилактик чора-тадбирларни амалга оширади.

“Ўзагрокиёҳимоя” АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятлари табиий шароитда термитлар тарқалган ҳудудларда (далаларда, қабристонларда, чўл зоналарида ва бошқа очиқ жойларда) уларга қарши курашиш ва профилактик чоралар қўлланилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари термитларнинг табиий ўчоқлари бўлган ва қурилиш учун хавфли деб белгиланган ҳудудларда термитлар бартараф этилмагунга қадар қурилиш учун ер майдонлари ажратилишини тақиқлайди.

Тегишли ҳудудда термитлар тарқалишининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш тадбирлари ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетлари маблағларидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси дунё амалиётида тан олинган термитларга қарши чидамли бино ва иншоотлар қуриш тажрибасини ўрганади. Шундан келиб чиқиб, белгиланган тартибда қурилиш таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига республикадаги олий таълим муассасаларида биология, табиатшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш ихтисосликлари бўйича тайёрланаётган бакалавр ва магистрлар ўқув дастурларига "Биозарарланиш асослари", "Ҳашаротлар экологияси" махсус курсларини киритилади.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+