Ҳуқуқий маслаҳатхона: Уйингиздаги қўйни суғурта қилдирганмисиз?

19.10.2019 15:10:42

Шу йил 30 сентябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори асосида “Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Унга кўра чорва ҳайвонлари “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятининг ҳудудий филиаллари ҳамда бошқа суғурта ташкилотлари томонидан суғурта қилинади.

Қорамолдан тортиб асаларигача...

Қайси ҳайвонлар суғурталанади? Юридик ва жисмоний шахслар тасарруфида бўлган қорамол, қўй, эчки, от, туя, чўчқа, парранда, балиқ, мўйнали ҳайвонлар ва асалари.

Суғурталанган ҳайвоннинг суғуртанинг амал қилиш муддатида нобуд бўлиши, ўғирланиши ва мажбуран сўйилиши суғурта ҳодисаси ҳисобланади.

Суғурта шартномаси қуйидаги суғурта таваккалчиликлари асосида тузилади:

- қорамоллар, қўйлар, эчкилар, отлар, туялар, чўчқалар, паррандалар ва мўйнали ҳайвонлар учун — ёнғин, бўрон, довул, сел, сув тошқини, яшин уриши, зилзила, қаттиқ совуқ тушиши натижасида музлаб қолиши, электр токи уриши (ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаса), заҳарли ўтлар ёки моддалардан заҳарланиш, транспорт воситаларининг уриб кетиши, портлаш, кўчки, йиртқич ҳайвонлар ҳужуми, сувга ёки жарликка қулаш, ўғирланиш (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса) ўткир предметлардан зарар кўриш ёки нобуд бўлиш, маълум касалликларнинг келиб чиқиши оқибатида нобуд бўлиши, ҳайвонлар ўлиши муқаррар бўлганда ёки касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлат ветеринария хизмати ходими ва маҳалла фуқаролар йиғини вакили иштирокида мажбуран сўйилиш;

асаларилар учун — ёнғин, бўрон, довул, сел, сув тошқини, яшин уриши, зилзила, қаттиқ совуқ тушиши оқибатида музлаб қолиш, касалликлар оқибатида нобуд бўлиш, ўғирланиш (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса);

балиқлар учун — бўрон, довул, сел, сув тошқини, зилзила, касалликлар оқибатида нобуд бўлиш, мазкур жойга хос бўлмаган даражада ҳавонинг совуқ келиши, муз кўчиши, портлаш, балиқхўр қушлар (чайка, баклан) томонидан зарар етиши, учинчи шахс томонидан қасддан қилинган ҳаракат, ўғирлик (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса).

Суғурта пули миқдори қанча?

Суғурта шартномаси юридик шахслар билан уларнинг мурожаатига кўра суғурталовчи томонидан ишлаб чиқилган суғурта шартномаси шаклига мувофиқ ихтиёрий тузилади.

 Жисмоний шахслар билан тузиладиган суғурта шартномаси уларнинг мурожаатига кўра суғурта мукофоти тўлангандан сўнг суғурта полиси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Чорва ҳайвонларининг суғурта қийматига нисбатан суғурта пулининг энг юқори миқдори қуйидагича белгиланади:

қорамол, от, туя, чўчқа, қўй ва эчкилар учун 80 фоиз;

мўйнали ҳайвонлар учун 60 фоиз;

парранда, балиқ ва асалари учун 50 фоиз.

Жисмоний шахсларга тегишли чорва ҳайвонларининг суғурта қиймати бозор нархларидан келиб чиқиб, суғурталовчи ва суғурта қилдирувчининг келишувига асосан суғурта шартномасида белгиланади.

Товон тўлаш рад этилса-чи?

Суғурта мукофоти юридик шахслар томонидан суғурта шартномасига кўра 5 кун муддатда суғурталовчига тўланади. Жисмоний шахслар томонидан суғурта мукофоти нақд пул ёки пластик карточка орқали ҳамда бошқа тўлов воситалари орқали тўланиши мумкин.

Суғурта полиси жисмоний шахсларга cуғурта мукофоти тўланган кунда, юридик шахсларга суғурта мукофоти тўлангандан сўнг 3 кун муддатда берилади.

Суғурта ҳодисаси рўй берганда, шу вақтдан бошлаб 5 кун муддатда суғурта қилдирувчи ёки унинг ишончли вакили суғурталовчига ёзма ёки оғзаки хабар қилиши шарт.

Суғурталанган ҳайвонларнинг нобуд бўлгани, ўғирлангани ва мажбуран сўйилганлиги ҳақида 3 кун муддатда далолатнома тузилади. Суғурта товонини олиш учун суғурта қилдирувчи ёки унинг ишончли вакили суғурталовчига далолатнома тузилгандан сўнг 2 кун муддатда ариза билан мурожаат қилади.

Агарда суғурта товонини тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинса, суғурталовчи суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлашнинг рад этишни асослантирган сабабларини кўрсатган ҳолда хабар беради. Суғурта товони суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб 5 кун муддатда тўлаб берилади.

Қуйидаги ҳолатларда суғурталовчи суғурта ҳодисасини тан олмайди ва ҳайвонларга етказилган зарар учун суғурта товони тўламайди:

ҳайвонлар суғурта шартномаси кучга кирган кундан сўнг 20 кун муддатда касалликлар оқибатида нобуд бўлса, мажбуран сўйилса ёки йўқ қилинса;

суғурта қилдирувчи имконияти бўлган ҳолда, суғурта ҳодисаси бўлганлиги тўғрисида ўрнатилган муддатларда хабар бермаса ва натижада суғурта ҳодисаси бўлганлигини ҳамда етказилган зарарни аниқлаб бўлмаса;

ҳайвонлар Низомда кўрсатилмаган таваккалчиликлари ёки касалликлар оқибатида нобуд бўлса, мажбуран сўйилса ёки йўқ қилинса;

ҳайвонлар хўжалик мақсадлари учун сўйилган бўлса;

суғурта қилдирувчи ветеринар мутахассиснинг давосиз касалга чалинган ёки бахтсиз ҳодисага дучор бўлган ҳайвонни сўйиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажармаганлиги туфайли ҳайвон нобуд бўлса;

суғурта қилдирувчи томонидан суғурта ҳодисаси вақтида ва ундан сўнг ҳайвонларни нобуд бўлишининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмагани натижасида қўшимча нобуд бўлган ҳайвонлар учун;

суғурта қилдирувчи била туриб, ёлғон ва ҳақиқий бўлмаган маълумотларни тақдим этса.

Дурдона АЛИМОВА

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+