Иномжон Қудратов: “Адолат” СДП фракцияси Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласида муҳокамаларни бошлади

30.03.2020 12:03:12

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи халқ вакиллари билан батафсил кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидлаб ўтилган эди. Бунда, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлигига алоҳида урғу берилди. 

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда тараққиётнинг янги босқичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашишга, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга боғлиқ. 

Бугунги глобаллашув жараёнида мамлакатимиз иқтисодиёти жаҳон ишлаб чиқариш тизимига, халқаро бозор талаблари ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлиши лозим. 

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тақдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 109-бандида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласини атрофлича ўрганиш вазифаси белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ушбу масалада муҳокамалар бошланиб кетди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги бўйича таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари якунлари тўғрисидаги ахборот ҳамда бошқа таҳлилий материаллар тақдим этилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилиниб, унда мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳамда ушбу мақсадларга эришиш учун халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва жаҳон бозорига интеграциялашув жараёнини жадаллаштириш зарурлигига аҳамият қаратилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи ҳам тузилди. 

Ҳозирда “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракциясининг аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган ана шу материалларни синчковлик билан ўрганмоқдалар. Шу мақсадда фракция депутатларидан иборат махсус ишчи гуруҳи ҳам ташкил қилинди ҳамда унга ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мослигини ўрганиш, ҳамкорликнинг ҳар бир иқтисодиёт тармоғига ижобий ёки салбий таъсирини батафсил ёритиб бериш, ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистонинг бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиш каби вазифалар юклатилди. 

Ишчи гуруҳ, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи юзасидан фракциянинг барча аъзолари фикр ва таклифларини умумлаштириш асосида фракция нуқтаи назарини шакллантириш ҳамда ушбу масалада фракцияда ташкил этилган муҳокамаларнинг мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этишга ҳам масъулдир. 


Иномжон ҚУДРАТОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+