Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият

27.06.2020 18:06:55

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари у туғилишидан олдиноқ пайдо бўлади. Ҳомила нафас ола бошлаган ониданоқ яшаш, ўзининг илк эҳтиёжларини қондириш ҳуқуқи пайдо бўлади. Туғилганидан сўнг эса навбати билан барчамиз билган Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларга эга бўлиб боради. Аҳамиятлиси, инсон вафотидан сўнг ҳам унинг айрим ҳақлари мавжуд бўлади. Шу боисдан инсон ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати муқаддас ҳисобланади. Шунинг учун инсон ўз ҳақи поймол этилганини ҳеч қачон хотиржамлик билан қабул қила олмайди. Фуқароларга ҳар қанча қулайлик, фаровонлик тақдим этинг, агар унинг ҳуқуқлари чекланса, ўзини бахтли деб айта олмайди. Аксинча, ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган бўлиб, фаровонлиги тўкис бўлмаса ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаши мумкин.

Мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг асосий мазмуни илк кунларданоқ, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилди. Аҳолининг ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан тўғридан-тўғри Президентга мурожаат этишини таъминлаш мақсадида Президент қабулхоналари ташкил этилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашга масъул бўлган ички ишлар, прокуратура, суд каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолияти танқидий баҳоланди, инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият тамойили асосида ишни янгитдан ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Давлат ташкилоти ходимларининг, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг мажбурий меҳнатига чек қўйилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши лозим тамо­йили амалиётга татбиқ этилди. Аммо қилинган бу ишларни етарли деб ҳисоблаш ва хотиржамликка берилиш жоиз эмас.

Сўнгги вақтларда жамият орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фуқароларга таз­йиқи, раҳбарларнинг қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаши, маҳаллий ҳокимият вакилларининг тегишли қонунчиликка зид ҳаракатлари каби масалалар борки, ҳали бу соҳада қилишимиз лозим бўлган ишларимиз етарли эканлигидан далолат бермоқда.

Куни кеча Президентимиз томонидан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон ва у асосида қабул қилинган миллий дастур, йўл харитаси, низом ҳам бу бўйича келгусидаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Ушбу фармон ҳамда шу пайт­гача соҳада қабул қилинган норматив-ҳужжатлар ва мамлакатимиз имзолаган халқ­аро ҳужжатлар ижроси мониторингини ташкил этишга қаратилган муҳим вазифалар белгилангани билан аҳамиятлидир. Бу борада, айниқса, фуқаролик жамияти институтлари, парламент ва маҳаллий Кенгашларга ҳам алоҳида йўналишлар белгилаб берилгани, муҳим масалага жамоатчиликнинг эътиборини янада кучайтириш механизми сифатида хизмат қилади. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш соҳасида Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамиятлари институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш белгиланган. 

Шу билан бирга, парламент қошида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш кўзда тутилмоқда. Аҳамиятлиси, мазкур фармоннинг ҳар бир банди ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва тан­қидий муҳокама қилиш вазифаси қўйилмоқда. Худди шу амалиётни ҳудудлар миқёсида маҳаллий Кенгаш сессияларида ҳам жорий этиш белгиланмоқда.

Бу борада партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаол бўлиши талаб этилади. Чунки адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқлари-эркинликларини таъминлаш партиямиз Сайловолди дастурининг бош ғояси ҳисобланади. Бежизга дастуримиз “Адолат ҳар бир инсон учун” деб номланмаган. Шунингдек, унда инсон ҳуқуқларини таъминлашда суд, прокуратура, жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар, адвокатура каби соҳаларда бир қатор тизимли ислоҳотларни амалга ошириш белгиланган.

Шу билан бирга, Бош қомусимиздаги “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бош­қа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият”лиги тўғрисидаги конституциявий тамойилни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашда зарур бўлган “давлат ва жамият томонидан инсон қадр-қиммати ҳимоя этилиши ва ҳурмат қилиниши лозим”лиги тўғрисидаги янги тамойил билан тўлдириш каби партия фаолларининг таклифи ҳам акс эттирилган.

Албатта, инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат мажбуриятлари билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ҳам етарли бўлиши лозим. Яъни инсон ўз ҳуқуқини талаб қилиб олиши учун, аввало, уни билиши лозим. Айни шу мақсадда партиямиз Сайловолди дастурига таълим муассасаларида ижтимоий-гуманитар йўналишдаги ўқув предметларини оптималлаштириш ҳисобидан инсон ҳуқуқлари предметини жорий этиш масаласи қўйилган эди. Қувонарлиси, мазкур масала фармонда ўз аксини топди. Жумладан, тегишли вазирликларга олий таълим муассасалари, кадрлар малакасини оширишга ихтисослаштирилган муассасалар, шунингдек, мактаблар ва касб-ҳунар таълими муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқ­лари” ва “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув курслари (дарсликлари)ни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш вазифаси юклатилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича етарлича сиёсий ирода, сиёсий қарорлар қабул қилинмоқда. Энди ижро этувчи тузилмалар томонидан уларни ҳаётга татбиқ этиш асосий масалага айланмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсон ва ўз ўрнида дунё ҳамжамияти эътиборидаги масала бўлгани туфайли унда арзимас ёки кичик масаланинг ўзи бўлмайди, қилинган ҳар бир хато қимматга тушади. Чунки қайсидир тузилманинг хатоси туфайли мамлакат имиджи тушиши, сиёсий иродага шубҳа қилувчилар пайдо бўлишига олиб келади. Шундай экан, бу йўналишдаги ҳар бир вазифа бекаму кўст ижросини топиши лозим.

Наримон УМАРОВ,
Олий мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+