Инсон ҳуқуқлари соҳасида янги қадам

24.02.2021 17:02:32

Жаҳон ҳамжамияти яқин-яқингача мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолиятига кескин эътирозларни билдириб келаётган эди. Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилаётганига ишончи комил бўлаётган халқаро ташкилотлар бу борада илиқ муносабатда бўлмоқда.

Шу йилнинг 22 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси ишида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

 Коронавирус пандемияси муносабати билан Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилган кенгашнинг навбатдаги йиғилишида давлатимиз раҳбари мамлакатимизда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига батафсил тўхталди.

Аввало, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатидаги илк иштироки қизғин кутиб олинди.

Хабарингиз бор, ўтган йили 13 октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланган эди. 15 давлат 2021 йил 1 январдан бошлаб уч йиллик муддатга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолигига сайланган. Улар – Боливия, Хитой, Кот-д'Ивуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия, Сенегал, Украина, Ўзбекистон ва Буюк Британия.

БМТ Бош ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та давлат аъзо ҳисобланади ва Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Шу нуқтаи назардан айтганда, ушбу нуфузли ташкилотнинг юксак минбарида янграган Президентимиз маърузасида еттита устувор йўналиш белгилаб берилди. Бу йўналишлар декларация талабларидан келиб чиқиб, ҳар бир инсон ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар мамлакатимизда тенг ҳуқуқли эканлигига алоҳида урғу берилди. Бундан ташқари, инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ёки халқаро мақомидан қатъи назар мамлакатимизда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўрилгани, биргина 2020 йилда 50 минг ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганлиги ва 2021 йилда яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлишлиги маълум қилинди.

Президентимиз маърузада устувор вазифалардан бири мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер сиёсати масалалари эканлигига ҳам эътибор қаратди.  Аёлларнинг ролини тубдан ошириш бўйича чора-тадбирлар мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида кенг миқёсда амалга оширилганлиги ва буни келажакда ҳам қатъий давом эттирилишини алоҳида таъкидлади. 2021 йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилганлигини ҳам маълум қилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширганлигимиз бўлди. Мамлакатимизда 2021 йилда “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни кўзда тутилганлиги болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида бу борадаги тадбирларимизнинг муҳим натижаси бўлади.

Президентимиз ушбу маърузасида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф этди. Шунингдек, ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига ўз ҳиссамизни қўшмоқчи эканлигимизни ҳам маълум қилди. Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда мисли кўрилмаган шиддат билан амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилда БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш масаласини илгари сурди. Бу бутун Ўзбекистон ёшларини тўлқинлантириб, уларни қизиқиш ва иштиёқини янада кучайтирди, десам муболаға бўлмайди. Юртимизда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилаётгани эса, ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, эзгу мақсадлар сари етаклайди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилгани, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келаётгани юқоридаги фикрларимизнинг ёрқин исботидир.

Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан ишлаш, аҳолининг ҳар бир мурожаатига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Мамлакатимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши тамойили амалиётда ўз исботини топмоқда.

 

Собир ТУРСУНОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+