ИШСИЗЛАРГА ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРИЛАДИ?

20.09.2019 20:09:08

1999 йил Меҳнат вазирлиги томонидан “Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тўғрисида” Низом тасдиқланган.

Мос келувчи иш топилмаса...

Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

-ишсиз шахс зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга мақбул келадиган иш танлаш мумкин бўлмаса;

-ишсиз шахснинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлса;

-ишсиз шахс касбга боғлиқ бўлган касаллиги туфайли, узоқ танаффусдан кейин, ишлаб чиқаришда янги технологиялар жорий қилиниши муносабати билан аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса.

Иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинади

Бундан ташқари пенсиянинг туридан қатъи назар, пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларни уларнинг жисмоний имкониятларини ҳисобга олиб, меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ва касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини оширишга муҳтож бўлсалар, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мумкин.

Бу тоифали фуқаролар ишсиз деб эътироф этилмайдилар. Аммо маҳаллий меҳнат органларида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олиниш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Бунда уларга қонун ҳужжатларида белгиланган барча зарурий хизматлар кўрсатилиши лозим. Фақат касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш даврида стипендия тўлаш бундан мустасно.

Корхоналарнинг тугатилиши, қайта ташкил этилиши, ходимлар сонининг қисқартирилиши туфайли бўшатилаётган ходимларнинг касбий таълими, уларнинг хоҳишига мувофиқ, тизимнинг исталган ўқув базасида ташкил қилиниши мумкин.

Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган, касбий тайёргарлик ва қайта тайёргарликдан ўтишга, малака оширишга муҳтож бўлган фуқароларга бепул маслаҳатлар берилади. Мутахассислар касб танлаш ва касбий таълим олиш имкониятларини тушунтирадилар.

Кимларга алоҳида эътибор қаратилади?

Касбий маслаҳат бериш орқали ёрдам кўрсатишда айрим аҳоли гуруҳларига — ногиронлар, болали аёлларга алоҳида эътибор қаратилмоғи лозим. Бу ҳолда, ушбу тоифадаги шахсларни уларнинг касбий таълимидан кейинги мақбул меҳнат фаолиятига йўллашда ҳудудий хусусиятларни ҳам ҳисобга олмоқ зарур. Касбий маслаҳат олиш юзасидан мурожаат қилган шахсларга мақбул келиши мумкин бўлган бир нечта касб, меҳнат фаолияти, касбга ўқитиш тури, ўрни ва муддатлари бўйича вариантлар таклиф қилинади. Мазкур шахслар ана шулардан ўзлари учун энг мақбулини танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курсли ҳамда якка тартибда ташкил қилиниши мумкин.

Ўқишни курсли шаклда ташкил этилганда, одатда, ўқув гуруҳларидаги тингловчилар сони 10 нафардан 30 нафаргача бўлиши мумкин. Курсли ўқитишда ишчиларнинг назарий таълими ўқув гуруҳига амалга оширилади. Якка тартибда касбга тайёрлашда таълим олувчи назарий билимлар курсини ўқитувчилардан маслаҳатлар (консультациялар) олиш йўли билан ва мустақил равишда ўрганади.

Уста-шогирд усулида

Якка тартибда ўқитиш турларидан бирига ишсизларни миллий ҳунармандчилик касбларига «Уста-шогирд» усулида ўргатиш киради. Миллий ва бадиий ҳунармандчилик касбларига ўргатиш фақат «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлган усталар ҳамда солиқ органларида рўйхатга олинган, ижтимоий суғурта бадалларини тўлаётган, якка тартибда фаолият кўсатаётган тадбиркор усталарнинг мактабларида амалга оширилади.

Миллий ҳунармандчилик касбларини ўргатадиган халқ усталари «Уста-шогирд» усулида касб ўргатишда ўзларининг имкониятларига қараб, таълим олувчи шогирдларнинг сонини ихтиёрий равишда белгилашлари мумкин, бироқ уларнинг умумий сони 4-5 кишидан кўп бўлмаслиги лозим. Шогирдларнинг ёши турлича бўлиши мумкин. Бу усулда ўқишга йўллашдан олдин, жорий тартиб бўйича ўқиш муддатлари кўрсатилиб шартнома тузилади.

Шартномада кўрсатилган муддат тугагандан сўнг, зарурат бўлса, уста ва шогирдлар ўртасида маълум муддатга икки томонлама қўшимча шартномалар тузилиб, шогирдлар ўзлари танлаган касбларини янада мукаммалроқ ўрганишлари мумкин, бироқ бу ҳолда қўшимча таълим муддати меҳнат органлари томонидан молиявий таъминланмайди.

Меҳнат стажига қўшилади

Шартномада ўқишни тугатган шогирдни иш билан таъминлаш (ишга жойлаштириш) шартлари акс эттирилади. Меҳнат органлари халқ усталари билан шартномалар тузишдан олдин уларнинг устахоналаридаги меҳнат ва санитария шароитларини, материал (хом ашё), асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланганликларини, ишлаб-чиқарилаётган маҳсулот турлари ва аҳолининг унга бўлган эҳтиёжини, устанинг истиқболдаги мўлжалларини атрофлича ўрганиб чиқишлари шарт. Шогирдларга бериладиган ўқув маслаҳатлари учун ажратилган вақт, касб ўргатиш учун ажратилган умумий вақтнинг 30—40 фоизини ташкил қилади.

Қозон назорати ва ер ости иншоотларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган касблар (қозон машинисти, қозонхона ўтёқарлари, кран машинистлари, электромеханиклар, лифтчилар ва бошқалар) бўйича ишсизларни ўқитиш меҳнат органларининг мазкур тоифали ишчилар зарур бўлган корхоналар билан тузган шартномалари асосида фақат касб-ҳунар коллежларида, ўқув марказларида, ўқув-курс комбинатларида, техника мактабларида амалга оширилади. Ишчиларни бундай касбларга якка тартибда тайёрлашга йўл қўйилмайди.

Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш муддати, одатда, 6 ойдан ошмаслиги шарт.

Меҳнат органлари томонидан касбга тайёрлаш учун юборилган ва ўқишни якунлаган фуқароларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувлар амалдаги қонунчилик томонидан белгиланган тартибда киритилади. Бу ҳолда, кўрсатилган таълим олиш даври меҳнат стажига қўшилади.

Дурдона АЛИМОВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+