Ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуғимиз!

22.02.2021 18:02:19

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши 46-сессиясида нутқ сўзладилар. Юксак минбардан туриб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларга барчанинг диққатини қаратдилар.

         Жумладан, маърузада инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, гендер ҳуқуқи сиёсати, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар шунингдек, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш айниқса, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида эканлигини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.

         Президент маърузасини давом эттирар экан: “Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширдик, бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан биридир”, деб алоҳида таъкидладилар. 2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида мамлакатда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиниши ҳақида айтиб ўтдилар.

         Барчамизга маълумки, бундан атиги беш йил аввал ҳамма давлат ва нодавлат идоралари айниқса, халқ таълими, соғлиқни сақлаш тизими ҳодимлари, минг афсуслар бўлсинки, олий ўқув юрти талабалари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари мавсумий ишларга, пахта йиғим-теримига, ободонлаштириш ишларига асосий меҳнат кучи сифатида мажбуран, оммавий тартибда жалб этилар эди.

         Жумладан, вояга етмаган ўқувчи-болалар ҳам катталар билан теппа-тенг, мажбурий тартибда ишларга сафарбар қилингани айни ҳақиқат.  

Мамлакатдаги инсонпарвар ижтимоий сиёсат ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиниши ўлароқ, бугунги кунда болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш каби қўштирноқ ичидаги тажрибадан мутлақо воз кечилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида ушбу учрашувда биринчи марта иштирок этар экан, ўтган тарихан қисқа давр ичида болалар мажбурий меҳнатидан тамомила воз кечилгани мамлакатда олиб борилган ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан биридир.

Адҳамжон Умаров

Ўзбекистон "Адолат" СДП

Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+