Камчиликларни хаспўшлашдан фойда йўқ

08.11.2019 13:11:12

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг IХ Қурултойи партиянинг ўтган даврдаги фаолиятини сарҳисоб қилиб, янги босқичда партия олдида турган вазифалар ва йўналишларни белгилаб берганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Ушбу муҳим анжуманда иштирокчилар томонидан партиянинг Сайловолди дастури қандай бажарилганлигига холис баҳо берилди. Эришилган ютуқларнинг омиллари батафсил очиб берилди, камчиликлар ҳам хаспўшланмасдан, уларнинг туб сабаблари кўрсатилди, бартараф этиш йўллари кўрсатиб ўтилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Айниқса, сўзга чиққан ҳар бир иштирокчининг фикри, ўзаро тортишувлар, мулоқотлар, билдириладиган таклиф-мулоҳазалар партиямизнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишларини белгилашдаги ролини кучайтириш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол ва кенгроқ иштирок этиш руҳида бўлгани эътиборга молик.

Таъкидланганидек, ортда қолган беш йиллик муддат ўзига хос курашувчанлик қобилиятини намоён  этиш, партиянинг амалий ишлари, таклифлари орқали халқ орасида танилиши, нуфузи ва обруси ошишининг муҳим даври бўлди. Айниқса, партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан фуароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, аҳоли бандлигини ошириш, ёшларнинг иқтидор ва истеъдодларини руёбга чиқариш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, сиёсий жараёнларда фаол ишитрок этишига ундаш каби турли долзарб мавзуларда 10 200 дан ортиқ маънавий–маърифий, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий  мавзулардаги тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилиши боис халқ орасида партиянинг танилувчанлиги ортиб бормоқда. Ўтказилган тадбирларда 658 мингдан ортиқ иштирокчилар қатнашиб, партия мақсад, ғоялари, мафкураси билан яқиндан танишишга муваффақ бўлди.

Хусусан, партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳисобот даврида партия ишчи гуруҳлари томонидан 1048 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 3040 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан  882 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, 744 дан ортиқ масала ўз ижобий ечимини топди. 900 дан ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. 1000 га яқин мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда партия фаоллари орасидан шакллантирилган кўнгилли лекторлар томонидан вилоят бўйича жами 3 489 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, 66 279 нафар иштирокчилар қамраб олинди.

Шунингдек, лойиҳалар доирасидаги ўрганишларда аҳоли томонидан ўртага ташланган таклифлар, ечимини кутаётган кўплаб маслаларга ечим топилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йиллар сарҳисоби ўз навбатида галдаги вазифаларни ҳам белгилаб берди. Олдимизда муҳим сиёсий жараён эшик қоқиб турибди. Мазкур сайловларда олдимизга улкан мақсадлар қўйганмиз.  Бу мақсадларга эришиш йўлида бутун кучимиз ва саъй-ҳаракатимизни ишга солган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+