“Кечувда отларни алмаштирмайдилар”

13.01.2020 17:01:28

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта из қолдирган Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар ўз ниҳоясига етди. Мазкур кампанияда наманганлик “адолат”чилар қандай иштирок этдилар? Эришилган натижалардан кўнгил тўлдими? Партия вилоят Кенгашида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда ана шу каби саволлар ўртага ташланиб, уларга жавоблар изланди.

Исроил Жўраев, “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси:

– Очиғини айтганда, сайловлар ҳаммамиз учун катта синов бўлди. Албатта, фаолларимиз сайловолди кампаниясида, тарғибот-ташвиқот ишларида жонбозлик кўрсатиб ишладилар. Муайян натижаларга эришдик ҳам. Бироқ улар бизни тўла қониқтиради, деб айта олмайман. Шунинг учун келгуси сайловларга бугундан бошлаб астойдил ҳозирлик кўриш, масалага танқидий-таҳлилий ёндошиш, шу асосда келгуси давр учун режаларни белгилаб олиш даркор.

Энг аввало, шуни айтиш керакки, вилоятдан икки киши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди. Булар -  “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Акмал Бурҳонов ва давлат хизматлари вилоят бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмоиловдир. Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳига эса беш киши аъзо бўлди.

Йиғилиш қатнашчилари партиядошларимиз бир қатор туманларда депутатлик ўринлари учун курашда яхши натижаларга эришганликларини қайд этдилар. Масалан, Учқўрғон тумани халқ депутатлари туман кенгашига “Адолат” СДПдан беш нафар депутат сайланди. Агар беш йил олдинги сайловда вакиллик органида атиги бир нафар ўринга эга бўлинганлигини ҳисобга олсак, бу, жиддий силжиш юз берганини англатади. Ёки Чуст, Чортоқ, Мингбулоқ туманларини олайлик. Мазкур ҳудудларда ҳам сайловчилар “адолат”чилар учун кўп овоз бердилар. Уларнинг ҳар бирида тўрт нафардан депутат сайланди ва партия гуруҳи ташкил этиш ҳуқуқи қўлга киритилди. Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон туманлари халқ депутатлари кенгашларида ҳам уч кишидан иборат депутатлик гуруҳларимиз фаолият кўрсатади.

Шу билан бирга сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раисининг ўринбосарлари Баҳодир Болтабоев ва Абдужаббор Нишонов, Кенгаш матбуот хизмати котиби Нурбек Абдуллаев, Учқўрғон, Чортоқ туман кенгашларининг етакчилари Рустамжон Хўжамбердиев, Ҳабибахон Мирабдуллаева ва бошқалар бундан-да юқорироқ кўрсаткичларга эришиш имкониятлари бой берилганлигини ҳам қайд этдилар. Айниқса, номзодларни танлашда йўл қўйилган хатолар ишга салбий таъсир кўрсатди. Жойларда тарғибот-ташвиқот тизимли асосда олиб борилмаганлиги ҳам панд берди. Поп, Норин, Уйчи туман, Наманган шаҳар кенгашларининг раҳбарлари сайловолди кампанияси арафасида ўзгартирилгани мазкур ҳудудларда муваффақият қозониш имконини бермади. Бу ўринда “Кечувда отларни алмаштирмайдилар” деган нақл беихтиёр ёдга тушади.

Ана шу ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олиб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқишга қарор қилинди. Бу жараёнда партия етакчилари билан бир қаторда фаоллар, фахрийлар ва депутатларнинг ҳам иштирок этишини таъминлаш мақбул деб топилди.

Тадбир ниҳоясида сайловларда юқори натижаларга эришган “Адолат” СДП туман кенгашларининг раисларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Йиғилиш қатнашчилари партия ташкилотлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан ҳам зарур чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

                                                        Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

                                      Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+