Конференция таҳлилий-танқидий руҳда ўтди

21.10.2019 19:10:21

Ўзбекистон «Адолат» СДП Наманган вилоят ташкилотларида ҳисобот-сайлов конференциялари якунига етди. Уларда  ўтган беш йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, янги вазифалар белгиланди. Айниқса, 2019 йил декабрида ўтказиладиган парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказиладиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Янгиқўрғон туман партия ташкилоти конференцияси ҳам танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.

Унда   партия фаоллари, депутатлар, БПТ ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.  Туман партия ташкилотининг ҳисобот давридаги фаолияти ҳақида партия кенгаш раиси Раҳимжон Тошматов ахборот берди. Музокарада қатнашганлар ҳам туман кенгаши ва БПТ ишини янада такомиллаштириш, сайловолди кампаниясини муваффақиятли ўтказиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Насиба Мамадалиева, Халқ депутатлари туман кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси:

– Партиядошларимиз фаолиятига назар солсак, кейинги пайтда фаолият бирмунча яхшиланганини кўрамиз. Масалан, шу йилнинг ўзида халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига масала киритдик. Яқинда туманимиз марказида ўтказилган «Адолат» сайли  партиямизнинг танилувчанлигини янада оширди. Бундан кейин ҳам фаолликни пасайтирмаган ҳолда иш олиб боришимиз керак. Ҳаммамиз бунинг учун бор имкониятларни сафарбар этамиз.

Конференцияда «Адолат» СДП вилоят кенгаши раиси И.Жўраев қатнашди ва нутқ сўзлади. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тадбир ниҳоясида партия аъзолигига янги қабул қилинган бир гуруҳ фуқароларга аъзолик билетлари топширилди.

                                                                                                                   Дилбар АСҚАРОВА, Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгашидаги

«Адолат» СДП гуруҳи раҳбари

Улашинг!