Коронавирус Андижон бозорларидаги нарх-навога таъсир қилдими?

18.03.2020 17:03:48

Халқ фаровонлигини белгиловчи муҳим кўрсаткичлардан бири — бу бозорлар. Бозорда нарх-наво меъёрида бўлса, фуқаролар олиб борилаётган иқтисодий-сиёсий ислоҳотларга хайрихоҳ бўлади. Қолаверса, тўкинлик, файз-барака одамларимиз кайфиятини кўтаришга хизмат қилади.

Бежиз бу тўғрида сўз очмадик. Кун мавзусига айланган коронавирус сабаб, “Бозорларда нарх-наво ошиб кетибди ,..”, дегувчилар учрамоқда. Чиндан ҳам шундайми? Ҳолатни ўрганиш мақсадида Андижон шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида бўлдик.

Бозорга кирган кишининг кўзи қувнайди. Гўшт, картошка, сабзи, пиёз каби асосий истеъмол маҳсулотларининг нархи арзон, сифати аъло. Нарх-наволар харидор талабидан келиб чиқиб шакллантирилмоқда, асоссиз ўсишининг, сифатсиз ва қалбаки маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш чоралари кўриляпти.

Тегишли ташкилотлар ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда бозор ҳудудида ўнлаб қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқатлар савдо ярмаркаси ташкил қилинди. Юртдошларимиз  яратилган имкониятлардан хурсанд.

Жасурбек ХУРЗОТОВ, Андижон шаҳридаги “Жасур савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

-Асосан улгуржи савдо билан шуғулланамиз. Бугундан ўзимиз ҳам бозорда савдо қилишни бошладик. 1 кг. шакарнинг нархи 5 минг 500 сўм. 1 кг. пахта ёғи 9 минг 500 сўмдан сотиляпти. Харидорлар бундан хурсанд. Мақсадимиз одамларни рози қилиш.

Асрорбек ҒУЛОМИДДИНОВ, тадбиркор:

-Кечаги кун очиғи биз учун ҳам анча оғир бўлди. Айримлар эҳтиёжидан ортиқча ун сотиб олиш ҳаракатида. Харидорларга захирамиз кўплиги, нарх-наво ҳам ошмаслигини тушунтирдик. Натижада бугун ҳаммаси жойига тушди. 1 кг. Андижон уни  3 минг сўмдан сотиляпти.

Албатта, сотувчиларнинг фикрларини харидорлар ҳам тасдиқлайди. Ортиқча навбат кутмай, бемалол савдо қилиняпти, Айрим “уддабурон тадбиркорлар” (даллол, олибсотар)ни ҳалол тадбиркорликка амал қилмай, нарх-навони оширишига йўл қўйилмаяпти.

Шоирахон ЭРГАШЕВА, Андижон шаҳар, “Обод” маҳалласида яшовчи нафақахўр:

-Тўғриси она сифатида мен ҳам ваҳимага тушиб қолгандим. Касалликдан сақланиш хақида ўйлаш ўрнига озиқ-овқат хақида бош қотираётгандик.  Бозорга келиб, хотиржам бўлдим. Бунақа серобчилик учун фақат шукр қилиш керак.

Ҳа, дастурхонимизнинг  тўкин бўлишига сира шубҳа йўқ. Асосийси,  озиқ-овқат захирамиз етарли.

                                                           

 Акбаржон НАЗАРОВ,

                                     Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

                                            вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+