“Кўрсатгичларимиз йил якунига қадар ўзгариши лозим”

08.09.2020 11:09:54

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдаги II Пленумида жорий йилнинг 1-ярим йилликдаги ижроси таҳлил қилинди ва 2-ярим йиллигидаги устувор вазифалари белгилаб олинди.

 Пандемия даврида карантин қоидаларига амал қилиш, бозорларда нарх-навонинг сунъий ошиб кетиши ҳолатларининг олдини олиш, карантин тадбирларини амалга ошириш, шунингдек, вақтинчалик даромад манбаидан маҳрум бўлганлар, кам таъминланганлар, кўп болали оилалар ҳолидан ҳабар олишга қаратилган лойиҳалар доирасида партиянинг туман ва шаҳар Кенгаши раислари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаол иштирок этдилар. Аммо барча шаҳар-туманларнинг фаолиятини бирдек ижобий баҳолаб бўлмайди. Айрим ҳудудларда Кенгаш раисларининг вазифага масъулиятсизлиги ва бефарқлиги туфайли ўзлари ҳамда депутатлари арзирли ишларни амалга ошира олмаганлар. Шу билан  бирга, фаолиятига яраша оммавий ахборот воситаларида ҳам тарғиботи етарли  бўлмаган.  

Вилоят Кенгаши раиси Ш.Каримов ҳудудий Кенгашлар раисларининг фаолиятини юзма-юз таҳлил қилиб, йўл қўйган камчиликлари юзасидан тавсиялар берди. Эришган ютуқларини эса эътироф этди.

-Партиянинг сайловолди дастурларидан ҳамда партия ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда олдимизда турган, режалаштирилган ишларимизни тўлақонли ҳаётга татбиқ этиб, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг ролини мустаҳкамлаш, унинг электоратини ёш, ташаббускор ва соғлом фикрловчи кадрлар ҳисобига тўлдириб бориш, жараёнларда фаол иштирок этиш, воқеа-ҳодисаларга нисбатан тўғри, адолатли, ҳолис ва тезкор фикр, муносабат билдириш йўлида ўз устимизда мунтазам ишлашимиз талаб этилади, – деди раис ўз сўзида. – Тушунаман. Бу йил пандемия туфайли айрим лойиҳаларимиз амалда ижро этилмади ва сафдошларимиз салмоғини оширишга имкониятимиз етарли бўлмади. Лекин шароитга мослашиб, мақсадимиз йўлида дадил ҳаракат қилишимиз керак. Кўрсаткичларимиз йил якунига қадар ўзгариши, натижалар сони ошиши лозим.

Пленум давомида партия томонидан ижрога қаратилиши белгиланган лойиҳаларнинг тўлақонли сифат ҳамда сон жиҳатидан бажарилишида намуна кўрсатган шаҳар-туман Кенгашлари алоҳида таъкидланиб, тақдирланди. Сусткашликка йўл қўйганларига жорий йилнинг 9 ой якунлари  фаолиятига баҳо бериш бўйича муддат берилди. 

Келгуси фаолиятда партиянинг барча лойиҳаларини тўлақонли ижросини таъминлашга бўлган муносабатни кескин ўзгартириш, партия лойиҳа ва тадбирларини тасдиқланган медиа-режа доирасида кенг омма эътиборига ҳавола этишни янада кучайтириш, ижро интизомига шахсий масъулият ҳамда жавобгарликни оширган ҳолда виждонан ёндошиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг бош нашри “Адолат” газетасига обуна бўлиш, янги бошланғич партия ташкилотлари ташкил этиш, партия аъзолик бадал режасини тўлиқ бажариш каби масалалар кўриб чиқилди.

 Камола  ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+