Маблағлар қачонгача сандиқларда қадрсизланади?

18.06.2020 18:06:39

Мамлакат иқтисодиёти, уни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳақида кўп гапирамиз-ку, аммо ўзимизнинг асосий имкониятлармизга негадир кўпчилик эътибор қаратмаяпти.

Марказий банки маълумотига кўра бугунги кунда юридик шахслар ва аҳолининг охирги уч йилдаги депозитлар қолдиғи 11 млрд. АҚШ долларидан ортиқни ташкил етади. Мазкур маблағнинг асосий қисми аҳоли уйида сақланаётган ёки мамлакат “хуфиёна иқтисодиёт”ида айлантирилаётган бўлиши мумкин. Ушбу маблағни расмий иқтисодиётга жалб қилиш учун аввало банклар томонидан шу кунгача кимларга ва неча фоиздан кредит маблағлари берилаётганлигни текшириш керак. Ундан кейин адолат мезонига таянган ҳолда имтиёзли фоизларни кўллаш лозим, деб биламиз.

Ухлаётган пулларни қандай уйғотамиз?

Биринчидан, юридик шахслар ва айниқса аҳолининг банк тизимига бўлган ишончни ошириш ва жозибадор, рағбатлантирувчи банк омонат турларини таклиф қилиш, унинг учун банкларда кредит фоизларини камайтириш, яъни реал амалий ишлар бажариш зарур, деб биламиз. Чет эл тажрибасини қўллаган ҳолда кредит бериш учун талаб қилинадиган хужжатларнинг минимал даражага тушириш (2-4 тадан ошмаслиги керак).

Тижорат банклари томонидан аҳолининг омонатларини жалб қилиш мақсадида хусусан, омонатга реал инфляция даражаларидан кам бўлмаган миқдорларда фоиз ҳисоблаш билан бир қаторда, ютуқли омонат турларини кенг жорий етиш лозим бўлади. Бунда аввало адолатлилик тамойилларига тўлиқ риоя қилиш ва ҳар ой якуни билан ютуқ эгаларини очиқ, ошкора тақдирлашларни ўтказиш яхши самара бериши мумкин. Шу билан бирга омонотчининг биринчи талабига кўра омонат пулини қайтариш ҳам ишонч ошишига хизмат қилади.

Иккинчидан, капитал бозорини ривожлантириш ва давлат қимматли қоғозларини жисмоний шахсларга сотишни ташкиллаштириш.

Бугунги кунда давлат қимматли қоғозлари банкларга бирламчи бозорда ва юридик шахслар учун иккиламчи бозорда сотилади. Бизда ҳозирги кунда юридик шахслар улуши жуда ҳам кам миқдорни ташкил етади. Шунингдек, мазкур қимматли қоғозларни жисмоний шахсларга ва чет эл инвесторларига сотиш кўзда тутилмаган. Давлат қимматли қоғозлари ушбу тоифалар учун ҳам чиқарилиши зарур.

Учинчидан, кимматли коғозларни ҳарид қилаётган шахслар солиқ имтиёзига муҳтож эмас. Қонунчиликка кўра қимматли қоғоз сотиб олган жисмоний ва юридик шахслар олаётган дивидентларидан фойда солиғи тўлайди. Бу бозор бизда деярли ривожланмаганини ҳисобга олсак, ушбу солиқлар бекор қилиниши катта йўқотишларга сабаб бўлмайди, аксинча аҳолининг қимматли қоғозларга бўлган қизиқиши ортиб ва сотиб олишига ишонч пайдо қилади.

Тўртинчидан, мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида “хуфиёна иқтисодиёт” сектори улушини қисқартиришга қаратилган чоралар белгилаш. Бунда янгидан руйхатдан ўтиб иш бошлаган ва норасмий фаолиятини расмийлаштирган тадбиркорлик субъектларига биринчи уч йилда солиқ имтиёзлари бериш ва уларга инфратузилма қулайликларини яратишда, ахборот технологияларини ўзларида жорий етишда давлат томонидан шериклик асосида кўмаклашиш, текширувчилар сонини кескин қисқартириб, масофадан туриб камерал ўрганишлар ўтказишга кенг имконият яратиш натижа бериши мумкин.

Шунингдек, рағбатлантирувчи ва тақиқловчи чора-тадбирлар мувозанатига эътибор қаратилиши лозим. Рағбатлантирувчи чора-тадбирлар том маънода тадбиркорларга фойда келтириши лозим. Масалан, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи камайтирилиши, лицензия ва рухсат этувчи тартиб қоидаларнинг соддалаштирилиши ёки бекор қилиниши, юридик шахсларга солиқ имтиёзлари берилиши ва хоказолар. Шунингдек, таъқиқловчи нормаларни, яъни турли жарима ва тўсиқларни аниқ белгилаб бериш ва тадбиркор томонидан амал қилинмаса жавобгарликка тортилиши мумкинлигини таъкидлаш жоиз.

Бешинчидан, аҳоли тадбиркорлик билан шуғулланиши учун ҳақиқатда давлат томонидан ёрдам берилиши керак. Кейинги йилларда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун хужжатларни расмийлаштиришда анча енгилликлар берилди, лекин жойлардаги ижро органлари томонидан ер, бўш биноларни ажратилишида ханузгача муаммолар борлиги кўзга ташланмоқда. Айниқса ер ажратилиши бўйича фақат туман ва шаҳар хокимларнинг қарорлари асосида ёки ким ошди савдолари орқали берилиш номигагина юзаки бажарилмоқда. Барча даражадаги депутатлар иштироқида ерлар ва бўш турган биноларни шаҳар ва туман Кенгашнинг сессиялари Қарори билан ажратилишини йўлга кўйиш бу жараёнга аниқлик ва шаффофлик киритади.

Нега банкда пул сақламаймиз?

Аҳоли орасида банк депозитлари кам тарқалганлигининг асосий сабабларидан бири Ўзбекистон банк секторига давлат улушининг юқорилиги ҳисобланади (банк активларининг 85% қисми 13 давлат банкига тегишли). Ҳозирда давлат банкларнинг асосий ресурс базасини давлат томонидан ажратилган ресурслар ташкил этади (банк мажбуриятларининг 60%). Аҳоли томонидан банкларга қўйиладиган омонатлар миқдорини ошириш мақсадида:

- банк секторида давлат улушини қисқартириш (жорий 85% дан
2025 йилгача 40% гача қисқартириш);

- банкларга ғазначилик йўналишини ривожлантириш орқали аҳоли омонатлари жалб этилишини ошириш;

рақамли банк хизматларини ривожлантириш ҳисобига, онлайн омонатлар жалб этиш жараёнини соддалаштириш зарур.

Аҳоли маблағаларининг банкларсиз ҳам жалб этиш мумкин

Аҳолинг бўш турган маблағларини молия бозори профессионаллари томонидан бошқариладиган қуйидаги фондларга тикилиши мақсадга мувофиқ

Хусусий пенсия жамғармалари ушбу жамғармалар сонининг оширилиши улар ўртасида рақобатни кучайишига ҳамда аҳоли ўртасида бўш пул маблағларни жамғариш бўйича танловларнинг кенгайишига олиб келади. Ўз навбатида бу ихтиёрий тушумларни кўпайишига олиб келади.

Хедж-фондлар (Hedge Fund) нинг асосий вазифаси аҳоли орасидаги бўш маблағларини бир жойга йиғиш ва ушбу пул маблағларини турли хил қарз инструментларига йўналтиришдан иборат. Кредит портфели асосан риск (тавакаллик) даражаси юқорироқ бўлган қарз инструментларидан ташкил топади;

Хусусий капитал фонд (Private Equity Fund)ларида хедж-фондларидан фарқли ўлароқ, йиғилган пул маблағлари турли хил компанияларнинг акцияларига ва фойдали инвестицион проектларга йўналтирилади. Портфели асосан турли хил компания акцияларидан ташкил топади.

Кўриб турганингиздек, бизнинг асосий бойлигимиз, инвестициямиз халқимиз. Фақатгина уларга етарли ва рағбатлантирувчи шароитларни яратибгина ҳар икки томон учун ҳам фойдали битимга эришиш мумкин. 

Шундагина халқ бойлиги – юрт бойлигига айланади.

 

Абдуғани УМИРОВ,

Дилшод ХАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари,

“Адолат”СДП фракцияси аъзолари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+