Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Наманган вилояти бошқармасига партиядошимиз раҳбар бўлди

24.02.2020 17:02:39

Мамлакатимизда Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда жойларда янги тизимни шакллантиришга қаратилган ташкилий йиғилишлар ўтказилмоқда. Куни кеча Наманганда ҳам шу масала кўриб чиқилди. Унда  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги  вилояти бошқармасига раҳбарлар тайинланди.

Йиғилишни Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаст Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозоров қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди. Қайд этилганидек, Президент фармонига биноан ташкил этилган мазкур вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи бўлиб қолади. Янги тизим олдига қўйилган вазифаларни бажаришда  маҳалладан тортиб республика даражасигача  40 мингдан ортиқ ходим иш олиб боради. Улар “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини ҳаётга  имкон қадар самарали татбиқ этиш, кенг кўламли ободонлаштириш тадбирларини амалга оширишга бош-қош бўладидар.

Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиқлигига Аппаков Мусохон Пўлатович тайинланди. У ҳозирга қадар  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Наманган вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Тайинлов доирасида бошқарма бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари, бошқарма бошлиғининг хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосарлари ҳам тайинланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, М. П. Аппаков Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси ҳисобланади. У ўтган йил охирида бўлиб ўтган сайловларда халқ депутатлари вилоят кенгашининг депутати этиб сайланганди. Айни пайтда у вилоят кенгашида тузилган “Адолат” СДП гуруҳига ҳам раҳбарлик қилмоқда.

Шуни айтиш керакки, Мусохон Пўлатович Аппаков вилоят жамоатчиги  яхши танийдиган инсон. У  узоқ йиллар ички ишлар органларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб,  нафақага чиққан, истеъфодаги полковник. Яхшигина ташкилотчилик қобилиятига, раҳбарлик салоҳиятига эга, бошқаларни ўз ортидан эргаштира олади.

Партиядошимизга янги вазифада катта муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+