Маънавий-маърифий тадбирлар самараси

26.11.2020 17:11:33

Ноябрь  ойида  Наманган вилояти  маданий  ҳаётида  қатор  муҳим  воқеалар юз  берди.  Улардан  бири  “Янги  Ўзбекистон  -  янги  дунёқараш” шиори  остидаги маънавий-маърифий тадбирлардир. Пойтахт  Тошкентдан  ва  вилоят  марказидан ижодий  зиёлилар  ҳамда  санъаткорлар  таркибида бўлган  тарғибот  гуруҳлари  қарийб икки  ҳафта  барча маҳаллаларда аҳоли билан учрашувлар ўтказдилар. Уларда  ўн  минглаб  фуқаролар  иштирок  этдилар. Мамлакатимиз  ижтимоий-сиёсий  ҳаётида  юз  бераётган  ўзгаришлар, амалга оширилаётган  ислоҳотлар  ва  уларнинг  самаралари  ҳақида  сўз  юритилди. 

– Тадбирларнинг  дастлабкиларидан  бири   марказдан  анчагина  узоқда  жойлашган  Санг  қишлоғида ташкил  этилди, - дейди Ўзбекистон  “Адолат”  СДП  Поп   туман  кенгашининг  раиси  Зафаржон  Ҳасанов.  -  Аввал  тарғибот  гуруҳи  аъзоларининг  чиқишлари  тингланди.  Тилга  олинган  мавзулар  бўйича  савол-жавоблар  ҳам  бўлди. Сўнгра  навбат  санъаткорларга  берилди.  Тошкентдан  ва  Намангандан ташриф буюрган  хонанда  ва  созандалар  ижросидаги  куй-қўшиқлар  даврага  файз  киритди. Туманимиздаги  бадиий  ҳаваскорлик  дасталарининг  иштирокчилари  ҳам ўз  санъатларини  намойиш  этдилар.

– Чортоқ  туманидаги  “Боғистон”  маҳалласи  фуқаролари 22-умумтаълим  мактабининг мажлислар  залига тўпландилар. Улар  ҳузурига Наманган  давлат университети  кафедра  мудири  Сайдулла Болтабоев,  туман  ҳокимининг ўринбосари  Дилфуза  Ҳакимова, Ўзбекистон  Журналистлар ижодий  уюшмаси  вилоят  бўлими раиси  Носиржон  Деҳқонов,  Ўзбекистон  “Адолат”  СДП Наманган шаҳар  кенгашининг  раиси Саидолим  Абдураҳмонов  ташриф  буюрдилар. Улар  юртимизда  кейинги  йилларда  рўёбга  чиқарилаётган  улкан  бунёдкорлик  лойиҳалари  билан  таништирдилар. Мамлакатимизнинг  жаҳон  ҳамжамиятида тобора  мустаҳкам  ўрин  эгаллаётганлиги  алоҳида  қайд  этилди. Шундан  сўнг янграган  она-Ватан, ажойиб табиат,  дўстлик ва  муҳаббат ҳақидаги куй-қўшиқлар,  жозибадор  рақслар  барчани  мамнун  этди.

Тарғибот  гуруҳларининг  аҳоли  билан  учрашувларида  Ўзбекистон халқ  артистлари  Зулайҳо Бойхонова  ва  Мирза  Азизов,  шоира  Сайёра  Тўйчиева  ҳам  иштирок  этдилар. Наманганлик  санъат  ва  адабиёт  ихлосмандлари  уларнинг чиқишларини  қизғин  кутиб  олдилар.

Наманган  вилоят  маҳалла  ва  оилани  қўллаб-қувватлаш  бошқармаси  бошлиғи,  халқ депутатлари  вилоят кенгашидаги  “Адолат”  СДП гуруҳи  раҳбари  Мусохон  Аппаковнинг  айтишича,  тарғибот  гуруҳлари  ташриф  буюрмаган  биронта  маҳалла  қолмади. Бунда  одамларнинг  кайфияти  кўтарилди,  ҳаётда  юз  бераётган  янгиликлардан воқифлик  даражаси ошди. Аҳоли  билан  мулоқотларда  партиядошларимиз  ҳам  фаол қатнашдилар.   Ўйлаймизки,  бундай мароқли  учрашувлар келгусида ҳам  давом  этади.

Ўзбекистон  “Адолат”  СДП 

  Наманган  вилоят

Кенгаши  матбуот  хизмати

        

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+