Маънавий юксалиш сари қадам

29.06.2020 14:06:28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида миллий тикланиш давридан миллий юксалиш даври томон ҳаракат ғояси илгари сурилган эди. Ушбу ғоянинг бевосита амалга ошиш механизми ўлароқ, куни кеча мамлакатимиз Президенти Наманган вилоятига ташриф буюриб, халқ депутатлари вилоят Кенгашида ўзбек маданиятини ривожлантириш бўйича жуда қимматли таклиф билдирди. Унга кўра, эндиликда ҳар бир умумтаълим мактаби ўқувчиси таълим муассасасини ўз аттестатида физика, математика ва бошқа кўплаб фанлар қаторида бирон мусиқий чолғуни чалишни ўрганганлик тўғрисидаги баҳоси билан битиради.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда иқтисодиётни ривожлантириш орқали инсонларнинг турмуш даражасини кўтариш жараёнини бошдан кечиряпмиз-у, аммо маданият ва санъат соҳасини юксалтирмай туриб, ижобий натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтди.

Тарихдан маълумки, илм-у маърифатда донг таратган алломаларимиз диний ва дунёвий илмлар қаторида мусиқа илмини ҳам батафсил ўрганиб, уни чуқур эгаллаганлар. Абу Наср Форобий, Сафиуддин ал-Урмавий, Абдулқодир Мароғий, Зайнуллобиддин Ҳусайний, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва яна кўплаб жаҳонга машҳур мутафаккирлар мусиқий чолғуни чалишни билган ва бу хусусда фикр-мулоҳаза билдира олган. Бундан кўриниб турибдики, мусиқа илмини эгаллаш эстетикаси ўзига хос категория бўлиб, ўрта аср олимларининг комилликка эришишида катта аҳамият касб этган.

Жаҳон тажрибасига мурожаат этадиган бўлсак, унда ҳам аниқ фанлар соҳасида йирик тадқиқот олиб борган олимлар мусиқий чолғулардан бирини чала билган. Альберт Эйнштейннинг скрипка чалгани ҳаммага маълум факт. Артур Конан Дойль ўзининг дунёга машҳур бўлган қаҳрамони Шерлок Холмсни скрипка чаладиган инсон сифатида тасвирлаган. Умуман олганда, бугунги кунда Европанинг физик-математик олимларига баҳо берганда, уларнинг бирон бир мусиқий чолғуни эгаллагани ушбу рейтингнинг юқори бўлишига сабабчи бўладиган омил сифатида акс этади.

Давлатимиз раҳбарининг умумтаълим мактаблари дастурига мусиқий чолғуни ўрганиш фанини киритиш борасидаги таклифи бутун бир тизимни ривожлантиришга катта таъсир кўрсатишни тақозо этади. Бу билан, аввало, соҳа мутахассислари учун қўшимча иш ўринларининг яратилишига имконият берилмоқда.Бинобарин, маданият ва санъат йўналишида ўрта махсус ва олий таълимни тугатган кадрлар иш билан таъминланади.

Маълумки, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини мусиқа санъатига қизиқтириш осон иш эмас. Бунинг учун кучли мотивация керак. Яъни, ўқувчига чолғу чалишнинг афзаллигини тушунтира билиш, шу билан бирга, мусиқий чолғуни чалишда муҳим ҳисобланган сифатлар, хусусан, тинглаш қобилиятини ривожлантириш педагогдан юксак маҳорат талаб этади. Бунинг учун педагогнинг ўзи ижрочилик борасида ўз касбини яхши эгаллаган, ўқувчи қалбида мусиқага меҳр уйғота оладиган ҳамда санъатнинг инсон умрида тутган аҳамиятининг муҳимлигини ёшларга етказа биладиган таъсир кучига эга бўлиши зарур.

Тан олиш керакки, шу вақтгача халқ таълими тизимида ўқитиладиган мусиқа фани ҳамиша паст савияда олиб борилган. Мусиқа фани ўқитувчилари билимининг етарли эмаслиги, мусиқий чолғуни чала билиш тажрибасининг йўқлиги, ўқитиш услубининг ўта жўн ва жайдари кўринишга эга бўлгани сабабли вояга етган кўплаб авлодларнинг мусиқа ҳақидаги тасаввурлари нотўғри шаклланган. Шу боис, ҳозирги кунда катта ёшдаги зиёли одамлар билан гаплашганда мусиқа ҳақида гап кетса, соҳани фақатгина кўнгилочар предмет сифатида тушуниб, мийиғида кулиб қабул қиладилар.

Аслида эса, мусиқа илми инсоннинг баркамол бўлиб вояга етишида муҳим ўрин эгаллайди.

Хусусан, мусиқий чолғуни эгаллаш ниятида бўлган бола, аввало, сабрли бўлишни ўрганади. Негаки, мусиқа машғулотлари ўқувчидан ёлғиз қолиб, ўз устида ишлаш, мақсадга эришиш йўлида вазифани уддалаш, масъулият ҳиссининг ўсиши каби инсоний фазилатларнинг шаклланиши ва камол топишига ёрдам беради. Зеро, қатъият ва чидамлилик сифати инсон умрининг ёшлик чоғларида тарбия топиб, унинг бутун ҳаёти давомида ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимига мусиқа илмини киритиш борасидаги таклифининг яна бошқа бир ҳикмати ҳам бор.

Мусиқа санъати азал-азалдан халқимиз тафаккурининг ажралмас қисми бўлиб келган. Ҳар бир хонадонда дутор ёки бошқа бир мусиқий чолғунинг деворда осилиб туриши, инсонлар қалбига чуқур маънавий озуқа берадиган мусиқий-шеърий машваратларнинг одатий ҳаёт тарзига айланиши мусиқа санъати томонидан буюрилган шарт-шароит бўлиб келган. Шундай экан, халқимизнинг менталитетига хос бўлган ушбу хусусиятни ёш авлодни эстетик тарбиялаш воситаси сифатида халқ таълими тизимига жорий этиш ғояси бугунги кун учун долзарб масаладир.

Зеро, жамиятимизнинг бу соҳада маърифатли бўлиши, миллий мусиқий меросимизга тегишли бўлган Шашмақом ва бахшичилик санъатини том маънода тушуниши миллий ўзлигимизни таниш ва шу орқали миллий ғурур ҳисси билан бирлашишимиз, юксак мақсадлар сари юришимизга катта замин яратади.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси ва

“Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари” қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+