Мақсуд Қурбонбоев: 2020 йил — иқтисодий соҳа ходимлари учун синов йили

15.01.2020 09:01:37

Куни кеча Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда 2020 йил Давлат бюджети параметрларини сўзсиз ижро этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Жорий йилдан бошлаб иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сонини кўпайтириш ва бюджет даромадларини мунтазам ошириб бориш бўйича доимий равишда тизимли ишларни ташкил этиш зарурлиги бўйича таклифлар берилди.

Президентимиз мазкур жараёнларда ҳар бир тадбиркорга шароит яратиш, уларнинг дардига малҳам бўлиш, бир нафар тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши зарур, деб таъкидладилар.

Ҳақиқатдан ҳам, 2020 йил иқтисодий соҳа ходимлари ва барча даражадаги ҳокимлар учун синов йили бўлади. Сабаби, илгари маҳаллий ҳокимликлар томонидан қилинадиган қурилиш-таъмирлаш ишлари ва шунга ўхшаган катта маблағ талаб этиладиган дастурларга республика бюджетидан маблағлар ажратилар эди. Эндиликда эса, республика бюджетидан маблағ ажратиш фақатгина инвестиция дастурлари, маҳаллий бюджетларга трансфертлар ва қайтариб бериш шарти билан бериладиган ссудалар орқали амалга оширилади.

Мисол тариқасида, ўтган йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида харажатларнинг катта қисми республика бюджетидан амалга оширилган. Эндиликда, маҳаллий бюджетларга қўшимча маблағлар топиш йўлларини қидириши, тадбиркорга айланиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаш, яъни ишбилармонлар солиқ тўлаш қобилиятига эга бўлиши учун истиқболли лойиҳаларга етарли миқдорда айланма маблағига банк кредитлари ажратиш, ўз вақтида қайтарилишини назорат қилиб бориш зарур бўлади. Ага шу масалалар ҳал этилмаса, белгиланган мақсадларга эришишда қийинчиликларга дуч келамиз.

Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун Президентимиз томонидан ҳам амалий, ҳам ҳуқуқий шарт-шароит яратиб берилди. Тегишли қарорлар қабул қилинди. Қонунлар чиқарилди. Энди фақатгина тизимли равишда, сидқидилдан ва виждонан ишлаш керак, холос. Шундагина кўзланган мақсадларга эришамиз.

Шу билан бирга, йиғилишда солиқ тушумларини ўз вақтида йиғиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Бунинг учун ҳокимлар ва уларнинг иқтисод бўйича биринчи ўринбосарларига, молия ва солиқ идораларига аниқ вазифалар берилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ошириб бажарилган даромадлар, биринчи навбатда, ҳудудларда мавжуд инфратузилмани яхшилашга йўналтирилиши кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, янги Солиқ кодексини амалиётда тўғри ишлашини таъминлаш, унинг нормаларини тадбиркорлар, фуқаролар, солиқчилар ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари онгига сингдириш мақсадида кенг тарғиб қилиш, кодекс мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, иқтисодий комплекс идоралари ходимлари ва тадбиркорларни ўқитишни ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Албатта, буларнинг ҳаммаси кўтарилган масалаларга жиддий ёндашган ҳолда, қўйилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, пировардида эса, иқтисодий соҳа ходимлари учун синовли йил бўлиши кутилаётган жорий йилда иқтисодиётимизни янада ривожлантиришга эришишга хизмат қилади.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+