Марғилондаги тарғибот тадбирида сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситалари қораланди

14.10.2019 20:10:27

Сифатсиз ва қалбакилаштирилган  дори воситаларига  қаршимиз!”. Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан  ўтказилган тарғиботтадбири шундай номланди. Унда вилоят партия фаоллари, тиббиёт вакиллари ва  маҳалла аҳолиси иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Сулаймонов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Маълумки, партия сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда соҳанинг қуйи қисми бўлган ҚВПлар, оилавий поликлиникалардаги ўзгариш ва янгиликлар муҳим ўрин тутади. Хусусан, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, шифокорларнинг ва дори дармонларни етишмаслиги, моддий-техник базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасаларининг биноларини моддий техника таъминотини яхшилашда амалий кўмак бериб келинмоқда. Шунинг  учун бугунги тарғибот тадбири ҳам соҳа вакиллари доирасида ўтказилмоқда. Қолаверса аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратилган. 

Жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнга тайёргарлик кўриш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтиришда бу каби тарғибот тадбирлари долзарбдир.

-Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнга барча қизғин тайёргарлик кўряпти – дейди  шаҳарнинг Қашқар маҳалласида яшовчи  Ҳовохон Салимова. –   Чунки  биз  танлаган номзодлар  мамлакатимизнинг келгуси 5 йилдаги равнақи учун муносиб ҳисса қўшади.   Қонунларнинг адолат, тенглик тамойиллари асосида ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилишида бу муҳим жиҳат деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳуқуқий-сиёсий билимларимизни ошириб боряпмиз.

-Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради, – дейди  Марғилон шаҳар  комплекси ҳамшираси  Дилафруз Мусинова. - Партия Сайловолди дастурида кўзда тутилган лойиҳалар бизнинг мақсадларимиз билан муштаракдир. Халқимизнинг саломатлиги, келажагимиз ворислари бўлган ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларида сифатсиз ва қалбакилаштирилган  дори воситаларининг салбий таъсири катта. Унинг олдини олиш, фарзандларимизнинг тиббий саводхонлигини ошириш эса барчамизнинг вазифамиз.  Шунинг учун қизим Гулчеҳрахон билан бирга тадбирда иштирок этяпмиз.

Тадбирда  мусиқа мактаби ўқувчилари томонидан концерт дастури намойиш этилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиларининг  кўргазмали чиқишлари олқишларга сазовор бўлди. Мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган,  қўплаб ютуқларга эришган спортчи, иқтидорли ёшлар – Рустам Ўктамов, Моҳинур Раҳмонова, Мубинахон Пўлатова, Розияхон Комилжонова, Абдулмажид Хусанбоевлар  партия томонидан тақдирланди.

–   Спорт – менинг ҳаётим, – дейди қўл жанги бўйича мамлакат чемпиони Абдулмажид Хусанбоев. – У соғлом турмуш тарзининг энг муҳим жиҳатларидан бири саналади.  “Адолат” партияси каби  мен ҳам унинг моҳиятини тенгдошларим ўртасида тарғиб қилишга ҳаракат қиламан.    

Элимиз суйган санъаткорлар томонидан  ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.                      

 Камола ПОЛВОНОВА,

                              Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+