“МАЖЛИС! МАЖЛИС! “СОВЕШАНИЕ!”

20.10.2019 18:10:20

(бадиҳа)

Эрталаблари таҳририят биноси ҳовлисини супураётган фаришта янглиғ мушфиқ аёл билан шоша-пиша кўришиб, мухбирларимиз ўзини зуд лифтга урар, тирбанд ҳолларда зинадан кўтарилишарди. Улар ҳар куни ишга деярли шу алфозда ҳовлиқиб келишади... Кела-сола “Қабулхона”даги котиба қиз иш столи устида турадиган сариқ дафтарни очиб, қай вақтда келганликларини қайд этишади. Дафтар ҳошияси ёнига бежаб чекилган имзоларга синчиклаб қараган одам имзо чекувчининг ниҳоятда тиғизликда, ғоят беписандлик билан тахминан қалам юргизганини пайқаши мумкин! Қаватдаги узун ва ним қоронғи даҳлиз бўйлаб очилган эшиклардан ўзаро ҳол-аҳволлашаётган мухбирларнинг жарангдор товушлари эшитилар, компютеру принтерлар ёқилар, айвонлар эшиги очилар ва чиқиб, сигара чекилар, қўшни хона ишкомларидаги айрим ҳамкасб мухбирлар билан чекиш асносида саломлашилар (шу жойида айтиб ўтсак, таҳририятдаги кулли аёлу эркакни том маънода икки гуруҳга ажратиш мумкин: чекувчилар ва чекмайдиганлар), электр човгумларнинг тугмаси босилар, яна аллақайси хоналардан хит бўлган бемаъни қўшиқлар эшитиларди...

Котиба қиз бош муҳаррир хонасидан доимги одимидан кўра масъулиятлироқ ва жиддийроқ қадам ташлаб, котибият, бўлимлар, мусаҳҳиҳлар, мухбирлар ва техник ходимлар хоналарига бир-бир бош суқиб, “Редакторнинг хонасига, мажлисга!”, – дея эълон қилди. Шу жумладан Нафақахўр мухбир хонасига-да бош суқиб, “Совещание”, – деб қўйди. Нафақахўр мухбирни бироз тасвирласак. Чунки битигимизнинг бир учи шу зот билан боғлиқ. Нафақахўр мухбир бир қарашда ўрислар суратга олган “Кавказ асираси” филмидаги “Маргуноф”ни эслатар ўзи камгап ва таҳририятнинг қизғин ғала-ғовури-ю воқеалар ривожидан бир чеккада, айтиш мумкинки, одамови. Бироқ, айрим қитмир мухбирлар мусаҳҳиҳлар хонасида кечадиган хотин-қизлар билан ҳангомалар пайтида баъзан уни қизғин ғала-ғовуру воқеалар ривожига “киритишади”: “Муштарийхон, таҳририятимизнинг эртанги зиёфатида мен билан рақс тушмас экансиз, демак кимдир мендан аввал чаққонлик қилган чиқар? Ҳа-да, масалан? Масалани бор эканми? Шубҳасиз, Нафақахўр мухбирда!”; “...Зуҳранинг нима учун лифтдан эмас, доимо зинадан чиқишининг асл сабабини мен биламан! Сабаби шундаки, у бир дафъа нақ Нафақахўр мухбир билан бирга лифтдан кўтарилган”... (мусаҳҳиҳлар хонасида кулги қўпади. Қитмир мухбирларнинг ҳазил-ҳузул гап-сўзию, кутилмаган хатти-ҳаракатларига таҳририят аъзолари аллақачон кўникиб кетган; улардан ҳеч ким ўпкаламайди, аксинча...). Нафақахўр мухбир ўзига кам аҳамият бергани учунми, кўпчилик ундан ўзини парҳез тутар, фаррош аёллар ҳам айнан унинг хонасига келганида апил-тапил, номига супурги уриб чиқишар, хусусан, иссиқ ойларда – Она-сайёрамиз Қуёшга яқинлашгани сари, таҳририят ходимлари Қуёш тизимига тескари ўлароқ (!) Нафақахўр мухбирдан узоқлашарди. Нафақахўр мухбир мажлисларда савол бермас, таклифу тавсиялардан йироқ, худди сайлов жараёнини кузатишга келган халқаро экспертдай жим ўтирар, лекин бир парча ён дафтарига нималарнидир қиртишлаб, қайд этишни канда қилмасди... Ҳа-я, сал қолса, баён этиш ёдимдан кўтарилар экан, Нафақахўр мухбирнинг бу ерда фаолият юритишининг, умуман, бир неча пушт шу ерда қўним топганлигининг ўқ илдизлари бир замонлар Туркистон диёрига Оқ пошшонинг ўрнашгани билан туташади. Яна шуни битиш зарурки, Нафақахўр мухбир яқин ўтмишда тўлақонли ўрис тилида чоп этилган, алҳол-алҳол асосий қисми ўзбек тилида чоп этилаётган газетамизнинг, ўша вақтлардаги ўрисча битган кўп сонли мухбирларининг сўнгги вакили! Ҳатто соф қуйма олтин ҳам “999,9” фоиз бўлгани сингари Нафақахўр мухбир ҳам шу тўққизлар ўнг палласидан фарқ қилган сўл палла – “000,1”да туради. Лекин Худо бор, яхши ёзади... 

Котиба қизнинг эълонидан сўнг кулли ходим ён дафтарчасини қўлига илдириб, бош муҳаррир хонасида бирин-кетин кўриниш берди. Хотин-қизлар ва қари-қуриларга жой кўрсатилди. Охирги ходимнинг келгунига қадар орадан бир неча дақиқа ўтди. Олтмишга яқин ижодию, техник ходим тўда бўлди. Ниҳоят, бош муҳаррир мажлис боиси ҳақида сўз очди:

– Яна бир бор, ассалому алайкум, ҳурматли жамоа. Кўп вақтларингизни олмайман! Асосий иккита масала юзасидан сизларга етказишим шарт бўлган гаплар бор. Авваломбор, барчангизни “Энг улуғ, энг азиз” бўлган Мустақиллик байрамимизнинг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан табриклайман! Шу муносабат билан, Давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан, Мустақиллик байрамида ҳафтасига беш кун ишлайдиганлар тўрт кун, ҳафтасига олти кун ишлайдиганлар эса икки кун дам олади! Яъниким, ҳафтасига беш кун ишлайдиганлар – 31 августдан 3 сентябргача (жами тўрт кун); ҳафтасига олти кун ишлайдиганлар эса – 1-2 сентябр кунлари дам олади. Хусусан, 31 август (шанба) – тақвим бўйича дам олиш куни, лекин олти кун ишлайдиганлар учун иш куни: 1 сентябр (якшанба) – ишламайдиганлар байрам куни! 2 сентябр (душанба) – қўшимча ишланмайдиган байрам куни! 3 сентябр (сешанба) куни эса – 7 сентябр, шанбадан кўчирилган дам олиш куни (олти кун ишлайдиганлар учун дам олиш куни). Демак, бизга, ҳурматли таҳририят жамоаси, 31 августдан 3 сентябргача – тўрт кун дам!

– Қ-қ-и-и-у-у-вв, – чапак чалиниб кетди!

– Фақат истисно тариқасида шуни маълум қиламанки, навбатчи, бош муҳаррир ўринбосари, котибият, саҳифаловчилар ва мусаҳҳиҳлар камина билан биргаликда газетамизнинг байрам сонини чоп этишда иштирок этадилар! –урғулади бош муҳаррир.

Қитмир мухбирлар чалинган чапак товушининг асосий улуши тўғри келадиган – ёнма-ён ўтирган мусаҳҳиҳлар томон ўгирилиб қаради-ю, сув кўрмай этик ечган одамни шалақ қилган мисол имо-ишоралар қилди.

Бош муҳаррир таомилга кўра, энди Нафақахўр мухбирга юзланди:

– Прежде всего, уважаемый пенсионер корреспондент, я поздравляю вас с «Самым великим, самым дорогим» для нас праздником –  28-летием Независимости! В связи с этим, по указу нашего Президента в  праздничные дни те, кто работает пять дней в неделю будут отдыхать четыре дня, а те, кто работает шесть дней в неделю – два дня! То есть, работающие пять дней в неделю отдыхают  с 31 августа по 3 сентября, а работающие шесть дней в неделю –  1-2 сентября. В частности, 31 августа (суббота) – по календарю выходной день, но для работающих шесть дней в неделю будет рабочим днём,  1 сентября (воскресенье) – нерабочий праздничный день! 2 сентября (понедельник) – дополнительный нерабочий праздничный день! 3 сентября (вторник) – выходной день, перенесённый с 7 сентября (субботы) (для шестидневок тоже выходной день). Значит, нам, уважаемый пенсионер корреспондент, с 31 августа по 3 сентября – целых четыре дня отдыха! Вам это понятно?

– Да, конечно, – деди сокинлик билан Нафақадаги мухбир.

– Только в виде исключения, я сообщаю, что дежурный, заместитель главного редактора, секретариат и корректоры будут участвовать в подготовке праздничного номера нашей газеты!

– Хорошо.

– Хўш, бу биринчи масала эди. Энди иккинчи масалага ўтамиз, – деди бош муҳаррир. – Таҳририятимизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда, қолаверса, жамоамизнинг жипслигини янада мустаҳкамлаш мақсадида, Мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан, аввал ҳам келишилганидек, умумжамоа бир дастурхон атрофида, ўйин-кулги қилиб, байрамни кўтаринки руҳда нишонлаймиз!

– Қ-қ-и-и-у-у-вв, – чапак чалиниб кетди! Лекин бу сафарги олқиш биринчисига қараганда жўшқинроқ чиқди. Жамоанинг кайфияти ёппасига кўтарилган эди. Сўнг, ўзига ярашиқ жилмайиш билан бош муҳаррир яна гапида давом этди:

– Бош ҳисобчимиз, жой белгилаб келган экан, қаер эди? Ҳа, “Жамшид” ресторанида, 1 сентябр, якшанба куни соат 19:00да жам бўламиз!

Таҳририят жамоаси ушбу аниқ маълумотларни мамнуният билан тушуниб олди. Бош муҳаррир тағин Нафақахўр мухбирга юзланди:

– А второй вопрос, уважаемый Пенсионер корреспондент, – деди расмий оҳангда дона-дона сўзларкан бош муҳаррир, – состоит в том, что достойно продолжая славные традиции нашей редакции, а также в целях более крепкого сплочения нашего коллектива, в связи с 28-летием Независимости, как и договаривались ранее, будем отмечать этот праздник всем коллективом за праздничным столом, в приподнятом настроении, весело и радостно! Адрес: 1 сентября, воскресенье, в 19.00 часов соберемся в ресторане “Жамшид”!

– Очень хорошо! – деди у.

– Демак, ҳаммага тушунарли-а? Мазкур эълонлар бўйича саволлар бўлмаса агар, марҳамат, иш жойларингизга боришингиз мумкин, мажлис тамом, – деди бош муҳаррир. Жамоа қўзғалди.

***

Қари-қурилар суҳбатлар чоғида шонли таҳририятнинг олтин даврларини қўмсашар, у пайтлардаги бемалолчиликлар, кун ора зиёфату базмларни ютоқиб эслашар, ҳикоялари билан янги, суяги қотмаган мухбирларни ҳайратга солар, уларнинг кўз ўнгида “Сусамбил”нинг расмини чизар ва ҳикояларини шу тариқа ўкинч билан мухтасар қилишади: “Эҳ-ҳ, зўр пайтлар эди...”

***

Таҳририятда иш қизигандан қизийди. Гоҳо сокин, худди тозалик кунидаги расталар аро елим халталари сочилиб ётган кимсасиз бозорни эслатади... Иш – ўз номи билан иш-да! Энг қувонарлиси, жамоамиз чиндан ҳам бош муҳаррир айтгандай жипс... Барчамиз 1 сентябр, якшанба куни соат 19:00да “Жамшид” ресторанида, тўпландик! Бўлди ўйин-кулги... бўлди шеърхонлигу аския... Ҳа, зиёфатни бош муҳаррир очиб берди. Бу гал ғоят самимият билан сўзлади. Унинг тилаклари барчамизга маъқул бўлди, ҳатто Нафақахўр мухбирга ҳам...

Алибек АНВАРОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+