Миллатлар тотув бўлса, Ватан равнақ топади

30.05.2020 10:05:03

Глобаллашув жараёнида миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш тинчлик ва хавфсизликнинг гарови бўлиб хизмат қилади. Чунки, ранг-баранг маданият ва қадриятларга эга миллатлар узоқ вақт мобайнида бир маконда елкама-елка туриб, оғир даврларни бошидан кечирган ва ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизда ёнма-ён яшаб келмоқда. Шу боис, Ҳаракатлар стратегиясида ҳам хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги вазифалар белгиланди.

Сўнгги пайтларда жаҳонда геополитик рақобат тобора кучайиб, айрим гуруҳлар томонидан халқлар ўртасида ўзаро низо ва оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришга  уринишлар кучаймоқда. Бу борада миссионерлар томонидан манипулятив технологиялар қўлланилмоқда. Бугунги кунда миссионерлик ташкилотлари янги “ўлжа”лар орттиришда тиббиёт ва таълим соҳаларида фаолият олиб бориш, хайрия ёрдамлари кўрсатиш, уйма-уй юриб ташвиқот олиб бориш, маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётлар, газета ва журналлар чоп қилиб тарқатиш, радио ва теледастурлар тайёрлаш, кино маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда Интернет тармоғида сайтлар ташкил қилиш орқали ўз қарашларини тарғиб қилишга алоҳида эътибор бермоқдалар. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси жаҳонда ва Марказий Осиёда миллатлараро муносабатларда муҳим, позитив ва масъулиятли роль ўйнаб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг 72-сессияси иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини берди. Ушбу ташаббус жаҳоннинг бошқа давлатлари томонидан қўллаб-қувватланганлиги Ўзбекистоннинг диний бағрикенгликни таъминлаш борасида ташқи сиёсатдаги нуфузини яна бир карра кўтарди. Давлатимиз раҳбари “Бизнинг минтақамизнинг энг янги давр тарихининг мураккаб даврида бошқалардан фарқли равишда тинчлик ва барқарорликни сақлашга эришдик. Тор ҳудудий можароларнинг давлатлараро қарама-қаршилигига айланиб кетишига йўл қўймадик”, деб таъкидлаганди.

Сўнги маълумотларга қараганда, мамлакатимизда 139 та миллат ва элат вакиллари Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқда. Фаолият кўрсатаётган 150 дан ортиқ миллий-маданий марказлар, ўнлаб диний конфессияларнинг фаолияти шундан далолатдир. Бугунги кунда фуқароларнинг ҳар бир ҳодиса ва жараёнга онгли муносабатда бўлиши ва ўзбекона ўйлаб кўришга асосланган фаолияти туфайли ўз манфаатларини мустақилликни мустаҳкамлаш каби ижтимоий манфаатларга бўйсундириш ғоясини шакллантирмоқда. Бунга ўзбек халқининг сабр-тоқатлилиги, барча муаммоларни шарқона босиқлик билан ҳал этиши орқали эришилди. “Миллатлараро тотувлик”, “бағрикенглик” тушунчалари ҳар бир фарзанднинг ўз миллати вакили сифатида ўзлигини англашига, одоб-ахлоқ, миллий ва миллатлараро мулоқот ҳамда муносабатларнинг маданий меъёрларини ўзлаштириб боришига ёрдам бермоқда.

Мамлакатимизда турли миллат ва элатларнинг тинч-тотув яшаб келаётганлиги халқимизнинг бағрикенглигини кўрсатади. Бу жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистондаги миллатлараро дўстона ҳамкорликка асосланган манфаатлар уйғунлиги уларда ўзларига хос бағрикенгликни фаоллаштириб, мамлактимизнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлашга йўналтирилганлигидадир. Бу ерда юрт ҳаётининг ҳар бир хонадон ҳаёти, тартиб-интизом қоидалари, манфаатларига мослаштирилганлиги бағрикенгликнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Турли миллат вакиллари умуммиллий маданияти билан бир қаторда, ўз миллий онгига хос маданиятлар мазмун-моҳиятини ривожлантириб бориш имкониятига эга экан, буларнинг ҳаммаси миллий манфаатларнинг турли-туманлиги ва уларнинг мазмунан уйғунлигида намоён бўладиган бағрикенгликнинг ўрнини белгилаб беради. Ҳар қандай бағрикенглик мамлакатимизнинг тинч-осойишта ривожланишига асос бўлиб хизмат қилади. “Ватан” деган сўзнинг мазмун-моҳиятини англаб олган ҳолда фаолият юритиш бағрикенглик йўналиши сифатида Ватанни севиш, Ватан манфаатларини кўзлаб хизмат қилиш, ижтимоий манфаатлар уйғунлигини таъминлашни назарда тутади. Ватан турли халқлар, элатлар умумлашган диёр сифатида бу ерда яшовчи ҳар бир шахснинг, ҳар бир миллатнинг қон-қонига сингиб кетган туйғу бўлиб, уни севишга эҳтиёж уйғотади. Ҳар бир шахснинг ўз манфаатларини халқи, Ватани манфаатлари билан уйғунлаштиришга қаратилган бағрикенглик йўналишлари кенгайиб, умумлашиб боради. Бугунги кунда Она сайёра барча халқлар учун ягона Ватан бўлиб, уни пок сақлаш, бойликларини асраб-авайлаш инсоният учун муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, миллий манфаатларни уйғунлаштирувчи бағрикенглик одамларга нисбатан меҳр-муҳаббат билан қараш, уларни ҳурмат қилиш, унинг шахс сифатидаги эркинлик ва ҳуқуқларини таъминлаш билан суғорилган диний, фалсафий, ҳуқуқий, иқтисодий, ахлоқий қарашлардан иборат илғор дунёқарашнинг негизи бўлиб хизмат қилувчи асос ҳисобланади. Бағрикенглик турли йўналишдаги инсоний муносабатлар ифодаси сифатида кишилар ўртасидаги дўстлик, меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, ҳамдардлик, тинчлик, осойишталик каби муносабатларни ривожлантириб боради.

 

Умид ШОУМАРОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+