“Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”

13.10.2019 14:10:17

Тил ҳар бир  миллатнинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган, асрлар давомида унга ҳамнафас бўлган буюк хазинаси ҳисобланади. Инсон тўплаган бойлигидан ажраса, уй-жойи талофатга учраса, соғлиғи ёмонлашса, буларнинг барчасини ўрнига қўйиш мумкин, аммо тилини йўқотса, ўзи ҳам йўқликка маҳкум бўлади. Абдулла Авлоний “Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” дейди. Собиқ тузум “ягона совет халқи”ни яратиш учун миллий республикаларда шундай сиёсат олиб бордики, кўп жойларда миллатнинг руҳига зиён етди, тили камситилди, миллий қадриятлари оёқостида қолди. Ҳаммани деярли бир тилда гапириш, бир тилда фикрлаш ва даҳрийча турмуш тарзига бўйсундириш учун қилган мантиқсиз ҳаракатлари, алалоқибат, ўзининг илдизига болта урди.

Тарихнинг бу сабоғини бир зум бўлсин унутмаслигимиз керак. Айни чоғда, фарзандлар тарбиясида, таълим тизимида қулоғимизга она алласи бўлиб сингган, бизни дунёга, дунёни бизга танитган тилимизга муҳаббат ҳеч қачон сўнмаслиги керак, уни жон янглиғ асраб-авайлаш, ривожлантириш, мавқеига гард юқтирмаслик ҳар биримизнинг миллат, жамият ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Улуғ аждодлардан мерос бўлиб қолган бу буюк хазинада миллатнинг руҳи, қалби, маънавий-ахлоқий қарашлари, ота-боболарнинг ушалмаган армонлари ҳамда неча мингйилликлар синовидан ўтган миллий қадриятлари ўз ифодасини топади. Бу дунёда мукаммал нутқ, ёқимли сўзлашув одоби, юксак муомала маданияти ва қойим талаффуз орқали ифодалаб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Бир оғиз ширин сўз билан не-не муаммоларни ҳал этиш, одамларни, миллатларни ва ҳатто йирик-йирик давлатларни бир-бирига дўст, ҳамкор қилиш мумкин. Тилнинг мўъжизалиги шундаки, инсон ўзининг жамики фазилатларини равон тили орқали кўрсата олади. 

 Дунёда уч мингдан ортиқ катта-кичик, ривожланган,  сўзлашувчилари озайиб, йўқолиб бораётган тиллар, лаҳжалар бор, уларнинг ҳаммасини ўзлаштириш қийин. Бироқ тилнинг мўъжизавий қудрати шундаки, киши ўзи учун мутлақо бегона тилдаги сўзлашувни ёхуд қўшиқни тинглар экан, шу миллат ҳақида, унинг ҳаёти, турмуш тарзи тўғрисида маълум тасаввурга эга бўлади. Французлар Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросидаги мумтоз қўшиқларни бамисоли ўзбек тилини яхши биладиган, қўшиқ сўзларини тушунадиган кишилардай берилиб, кўзларига ёш келиб,  қайта-қайта тинглашади. Франциянинг мамлакатимиздаги биринчи элчиси Жан Пол Везиан бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаган эди: “Ўзбекистонлик хонандаларнинг овозида шундай хусусият борки, уларни тинглаган кишининг кўз ўнгида халқнинг қадим ўтмиш тарихи, босиб ўтган йўли, чеккан машаққатлари, маънавий олами, сабр-бардоши ва ёруғ кунларга умиди ўз ифодасини топади”.

Абу Ҳомид Ғаззолий “Ҳар қандай борлиқ ёки йўқлик, маълум ва номаълум нарсанинг барчаси тил воситасида изоҳланади ва ҳар қандай ҳолатда ўша нарсага тил ўзининг исботи ёки инкори билан рўбарў келади”, дейди. Бундан англашиладики, мукаммал тил воситасида ҳар қандай нарсани, воқеа-ҳодисани, ҳолатни изоҳлаш, муносабат билдириш  мумкин. Аллома яна дейдики,  “Илм кўп нарсани, жумладан, тўғри ва хато тушунчаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин, тил эса уларни ажратиб, ифодалаб беради”.

Миллий тил ўз-ўзидан шаклланмайди, неча-неча асрлар, давру замонлар бағрида вояга етади. Бунинг учун у ҳамиша фаол муомалада, ҳаракатда, қайралишда бўлмоғи керак. Ҳаракатсиз тил қотиб қолади. Тилга эътибор халқнинг турмуш тарзи, фикри-зикри, онг-тафаккури ривожи, миллий ғурур билан уйғун бўлиши зарур. Дунёда кўптиллилик мавжуд экан, уларнинг барчаси ҳам яшашга, ривожланишга ҳақли. Аммо бир тилнинг баланд мақоми иккинчи бир тилнинг камситилиши ҳисобига бўлмаслиги, бир тил иккинчи тилни муомала майдонидан суриб чиқармаслиги  керак.

Бугун дунёвий тараққиёт ёшларни бир неча тилларни мукаммал билишга, бошқа тилларда ёзилган, бошқа алифболарда ифодаланган манбалардан ҳам унумли фойдаланишга даъват этмоқда. Бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Аммо ўзга тилларни ўрганиш она тилига эътиборнинг сусайишига олиб келмаслиги керак. Руҳшунос олимлар она тилини унутиш жиноий хатти-ҳаракатларнинг кучайишига олиб келишини аллақачон исботлаб берганлар.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” бадиасида миллий тилнинг ривожи ва аҳамияти хусусида ғоят таъсирчан кузатувлар бор: “Ватанпарвар ва миллатпарвар ёзувчиларимиз халқнинг жонли сўзлашув тили билан мумтоз адабий тилимизнинг бадиий  нафис сўз санъатини ўз асарларида уйғунлаштириб, халқ оммаси яхши тушунадиган умуммиллий адабий тилни ривожлантирдилар… Мустабид мафкура тазйиқларини енгиб ўтиб, чинакам миллий тилда жозибали қаҳрамонлар яратишда Алишер Навоий ва Бобур Мирзо каби улуғ аждодларнинг ўлмас руҳидан ва мумтоз сўз санъатидан  ХХ асрда ижод қилган энг яхши шоир-ёзувчиларимиз катта мадад олдилар”.

Тилимиз узоқ давом этган маънавий инқироз йилларида расмий муомалада сезиларли даражада сусайган бўлса-да,  бойлиги ва жозибасини йўқотмади, таъсир кучини сақлаб қолди. Истиқлол шарофати билан давлат мақоми даражасига кўтарилди. Бугун барчамиз ушбу инқилобий ўзгаришнинг 30 йиллигини умумхалқ байрами сифатида нишонлашга бел боғлаб турибмиз.

Она тилини билиш шу тилга сўзлашиш, қўшиқ куйлаш, ижод қилиш, йиғинларда нутқ сўзлашдангина иборат эмас. Имло қоидалари ва талаффуз меъёрларига тўла амал қилиш, сўз, ибора, атама, мақол ва маталларни ўринли ишлатиш зарур. Равон нутқ, кучли мантиқий мушоҳада ҳамма замонларда ҳам муҳим фазилат ҳисобланган. Чунки ёзув ва талаффузда кишининг билими, тафаккури билан бирга, унинг ички маданияти, мушоҳада кучи,  содда қилиб айтганда, хат-саводи  намоён бўлади. Бу борадаги нуқсонларга  тоқат қилмаслик керак. Оҳорли сўз ва иборалар, таъсирчан қиёс ва ўхшатишлар, она тилимизга хос ноёб лутф ва пайровлар нутқимизга кўрк бағишлайди, фикр таъсирчанлигини оширади. Бу даражага эришиш учун маҳоратимизни муттасил чархлаб боришимиз керак. Ўзликни англаш, дунё кенгликларига чиқиш йўллари миллий онг ва тафаккурдан бошланади.

Истиқлол йилларида тилимизнинг нуфузини ошириш, қўлланиш, ҳаракат майдонини кенгайтириш, халқаро миқёсда  фаол ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий мулоқот воситасига айлантириш борасида  кўп ибратли ишлар қилинди. Бироқ, эътироф этиш керакки, давлат тилини қўллаш, уни ўрганиш ва ривожлантириш, қонун талабларига риоя қилиш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши, сунъий муаммоларнинг ечими топилиши керак. Чунончи, оммавий ахборот воситаларида, хусусан, телевидение ва радиода сўз ва ибораларни тўғри қўллаш ва талаффуз қилиш, реклама матнларидаги  саводсизликка барҳам бериш, буни писанд қилмаётганларга нисбатан маънавий таъсир чораларини қўллаш зарур.

Катта чорраҳада “Сиз пловни севасизми?” деб ёзиб қўйилибди. Бошқа бир жойда хоналарда ўрнатиладиган кондиционер реклама қилиниб, “Иссиқ-совуқ” қиламиз дейилган. Ҳамма кўради, истеҳзо билан кулади, аммо шаҳар мутасаддилари бу олақуроқ жумлаларни кўришмайди шекилли,  миллатнинг шаънига доғ бўлиб тушадиган кўплаб хато ва ғализликлар турган жойида тураверади. Бундай нуқсонлар бугун у қадар аҳамиятли бўлиб туюлмаслиги мумкин. Аммо улар ёш авлод нутқи ва ёзувига кўчганидан кейин тузатиш  қийин кечади. Бу – бўрттириш эмас. Ўтган йиллар давомида яхши ишларимиз билан бирга, хатоликларга ҳам йўл қўйдик. Алифбо масаласидаги сусткашлигимиз бугуннинг ўзида қандай “натижа” бераётганини билмоқчи бўлган киши мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларининг талабалари ёзаётган  баён ва иншо матнларини, амалиёт ҳисоботларини ўқиб кўрсин, бепарволик оқибатида юзага келган янги сунъий ҳарфлар, бирикма ва иборалар, қисқартмаларни кўрсин. Аҳвол бир мунча ташвишли десак, муболаға бўлмайди, аммо бу нуқсонларга барҳам беришнинг  имкони ҳозирча бор.

Тил миллий бойлигимиз, олис ўтмишимиз, келажагимиз, демакки, миллатнинг тақдири, унинг бу ёруғ оламда мавжудлигини ифодаловчи восита экан, унинг таъсирчан мақоми,  гўзаллиги ва латофатини сақлаш, келажак авлодларга бус-бутун етказиш ҳар биримизнинг маънавий бурчимиз бўлиши керак.

                                                                         Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+