Муҳаммад Валиев: Тинчлик-омонликда тонглар отади

31.03.2020 09:03:09

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Бу мақол бежиз эмас. Нима учун бизнинг авлод бошига бундай синов келди? Бундай ташвишли ҳолат фақат бизнинг бошимизга тушдими? Аждодларимиз йўли текис равон, машаққатсиз бўлганмикан?

Афсуски, ундай эмас. XX асрда халқимиз ўз бошидан турли хил катта-кичик ғам-ташвишларни ўтказган. Биз эсламайдиган Биринчи жаҳон уруши, 30-йиллар қатағони, сўнгра қаҳатчилик, Иккинчи жаҳон уруши, Тошкентдаги зилзила. Бундай ҳодисаларни бир муддат ўтгандан сўнг ўрганар эканмиз, барча манбаларда етказилган талафотдан кўра, халқнинг жипслиги, матонати, ўзи еб турган бир бурда нонни ўзгалар билан бўлишгани тўлқинлантириб юборар экан. Бўлиб ўтган воқеаларни бевосита унинг иштирокчисидан эшитиш, воқеаларни янада чуқурроқ англашга имкон яратади.

Раҳматли бувим айтиб берган гаплар ҳамон қўлоғим остида такрор ва такрор жаранглайди: “30 йиллардаги қаҳатчиликни эсласам, ҳозир ҳам юрагим увишади. Қорни ош-овқатга тўймаган қоқсуяк норасида болаларнинг ночор нигоҳлари ҳамон кўз олдимда, оч қолган боласининг олдида имконсизликдан дарди минг бўлган оналарнинг фарёди ҳали-ҳануз қулоғимда... Кундалик емишимиз – 400 граммдан ўлчаб бериладиган нонга бир кун етишсак, бир кун етиша олмас ҳам эдик. Уйга меҳмон келса, олдига ҳозиргидек ноз-неъматлар, суюқ-қуюқ ошлар тутиш қаерда, ҳатто, нон қўя олмасдик. Ўзига тўқ хонадонлардагина атала пишириб қўйилар, ун кам солинганидан кўм-кўк рангда бўларди. Кўпчилик иложсизлигидан кунжара еб, шишиб ўлгани ҳам, минг афсуски, аччиқ ҳақиқат”.

Коронавирус пандемияси бутун дунёни ўз забтига олган ҳозирги воқеликларни таҳлил этар эканмиз, бундай синовли кунлар барча авлод вакилларининг бошидан ўтганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шу кунгача бўлган турли хил можароли вазиятлар, урушлар, табиий офатлар, эпидемияларни “ойнаи жаҳон” орқали томоша қилардик, бу юртлар биздан узоқ, бизга оддий кундалик хабар сифатида алоҳида эътиборимизни тортмас ҳам эди. Лекин бугун жадал глобаллашув жараёнида Хитойнинг бир шаҳрида чақилган гугурт бутун дунёни аланга олишига олиб келиши мумкин эканини исботлаб берди.

Кунлар ўтиб, ойнинг юруғ кунлари ҳам келади. Бу бало даф бўлади. Бугунги кун ҳам тарих саҳифасидан ўз ўрнини эгаллайди. Бундан эллик-юз йил кейинги авлодлар бугунги воқеликларни ўрганиб, бизга қандай баҳо берар экан? Биз тарихда қандай из қолдирамиз? Оддий карантин шароитида ўзимизни қайси жиҳатдан намоён эта оляпмиз? Транспорт ҳаракати тўхтатилади, деган хабар чиқиши билан ўзимизни бозорга уриб, расталарни шип-шийдам қилиб, картошка васвасасини ясаганимиз билан мақтанамизми? Ахир озиқ-овқат тақчиллиги бўлмайди, захирамиз етарли, деҳқон бозорлари, озиқ-овқат дўконлари ёпилмайди, дейилгани бизга кор қилмайдими?

Ҳар биримиз ўз хато ва камчиликларимизни тўлиқ англаб етдикми? Хулосалар чиқардикми? Буни вақт кўрсатади.

Коронавирус пандемияси сабабли, югуриб кетаётган дунё бирпас тин олди, тўхтади. Дўппини бошидан олиб, ўзимизни ўзимиз таҳлил қилиш имконига эга бўлдик. Уй карантинда ўтириб, келгусидаги ҳаётимизни қандай йўлга қўямиз деган долзарб саволга жавоб излашга киришиб кетдик.

Шубҳасиз, бу воқеалар бизга сабоқ бўлади. Дунёда тиббиёт соҳаси ривожланган мамлакатларни довдиратиб, рельсдан чиқариб юбораётган вазиятдан оқилона хулоса қилиш вақти келди. Шубҳасиз, бундан кейин тиббиёт ва таълим соҳасига эътибор жуда катта бўлади. Лекин юртдошларимиз, синовдан тўғри хулоса чиқара олдиларми? Яна кимўзарга дабдабали тўйлар қилиш давом этадими? Ёки кимўзарга дабдабали ҳашаматли уйлар қуриш, автомобиллар харид қилишда давом этиладими? Йиллар давомида тўпланган бойлик эпидемиядан ҳимоя қила оладими? Келгуси йилларда яна тарқалиши мумкин бўлган турли эпидемияларнинг олдини олишга тайёргарлик кўра оламизми?

Шу ўринда таниқли адиб Тоҳир Малик қаламига мансуб “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” асаридан иқтибос келтирмоқчиман: “Ҳаёт давомида кишининг боши устидан қуёш чарақлаб туриши баробарида турли хил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик-танглик ҳам, тўқлиқ-очлик ҳам, ғалаба-мағлубият ҳам, шодлик-мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, хақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб-кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса, собир бўлиши иймон жумласига киради”.

Ҳаёт давом этади... Бизни яхши кунлар кутмоқда. Унгача ўзлигимизни намоён этишга, тийнатимизни тиниқлаштиришга имкон бор...

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+