Мурожаатнома ёшлар имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади

27.01.2020 18:01:24

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ёшлар ҳаётини чинакамига янгиликка бойитишда хизмат қилади. Юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар, эришилаётган натижалар ҳамда ёшлар иқтидорини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор бугунги кун ёшлари учун улкан ютуқдир.

Мамлакат раҳбари ҳар бир маърузасида ёшлар масаласига тўхталиб ўтар экан, йўлланган Мурожаатномада ҳам айни мана шу эътибор ўзининг яна бир маротаба тасдиғини топди. Хусусан, кадрлар тайёрлаш, ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг спорт билан шуғулланиб боришлари учун шароитлар кўламини кенгайтириш борасида билдирилган таклифлар соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим мезондир. Мурожаатномада бу борада ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз учун янги оммавий спорт объектларини қуриш зарурлиги тилга олинди, бу йил 269 та футбол, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдонлари, 178 та бокс, кураш, фитнес ва гимнастика спорт заллари, 32 та теннис корти қуриш бўйича салкам 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши таъкидланди. Бундай имкониятнинг берилиши Янги Ўзбекистонда янгича қарашларимизни шакллантириш билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни селекция қилишнинг “ташкилот – туман (шаҳар) – ҳудуд – республика” босқичларидан иборат тўрт босқичли тизимнинг жорий этилиши билан боғлиқ таклифнинг берилганлиги иқтидорли спортчи ёшлар сафини кенгайтиришда ҳамда спортга бўлган қизиқишларини янада оширишга имкон беради.  

Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ва мақсадлар бугунги кунда бизнинг эркин ва мустақил фикрлай олишимизда, тинч ва фаровон яшаш тарзимизни йўлга қўйишимизда ҳам аҳамиятлидир. Айниқса, “илм-маърифат, маънавият” тушунчаларини кенгроқ тарғиб этиш, “Жаҳолатга қарши маърифат” деган эзгу ғоя асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолиши юртимиз эгаларининг салоҳиятли, билимли ва маърифатпарвар бўлиб улғайишида хизмат қилади. Энг муҳими, янгича фикрлашни, қарашларимизни шакллантиришни, ҳар соҳанинг зўр мутахассиси бўлиб фаолият олиб боришимизни талаб этади.  

“Амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳот одамларнинг қалбига, юрагига тез кириб боради. Ва бундай ислоҳотни, бундай шиддатли жараённи ҳеч ким, ҳеч қандай куч, тўхтата олмайди. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак”.  Ушбу таъкид аҳолининг барча қатламларига бўлган эътиборнинг юксак намунаси сифатида баҳоланар экан, ҳар биримиз олдимизга аниқ мақсад қўйган ҳолда уни амалга оширишга ёндашсак, шубҳасиз, Ватан равнақи учун танланган йўлимиз Президент айтиб ўтганидек, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Санжар МАЙДОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+