Мурожаатномадан сўнг: Тенгдошнинг тенгдошга иш ўрни

28.01.2020 09:01:52

Давлатимиз раҳбари парламентга мурожаатномасида “Биз янги иш ўринларини яратадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, таъбир жоиз бўлса, уларни елкамизда кўтаришимиз керак”, дея таъкидладилар. Бу борада жойларда қандай ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўрғонтепа туман кенгаши фаоллари  ёшлар тадбиркорлиги ва уларнинг иш билан бандлигини таъминланиши, жумладан, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси туман филиали томонидан  2019 йилда амалга оширилган ишларни  жамоатчилик  назорати тартибида ўргандилар.

Ўтган йили туманда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда янги давр бошланди. Аниқроғи, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган 41 нафар ташаббускорлар бизнес майдонида ўз ўрнини топди. Уларнинг  истиқболли бизнес лойиҳасига жами 7 миллиард 909 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиш эвазига 254 та янги иш ўринлари яратилди. Иш билан банд бўлганлар орасида “Ёш адолатчилар”  кўпчиликни ташкил этади.

-Биз биринчи навбатда  тадбиркор тенгдошларимиз қандай янгиликни илгари сураётгани, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилиши, камхарж ва сердаромадлилигига эътибор қаратдик,-дейди  “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси туман филиали раҳбарининг ўринбосари Сардорбек Аҳмедов,- Янги иш ўринлари яратиш асосий шарт сифатида қўйилди. Бу борада туман ҳокимлиги ва “Агробанк” АТБнинг туман филиали  бизни қўллаб-қувватлади. Бизнесда озгина хатолик ҳам ишнинг ортга кетишига олиб келади. Шу сабаб янги иш бошлаётганларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди, ҳудудларда “Тадбиркорлик сирлари”, “Бизнес режа тузиш”, “Кредит ва солиқ сиёсати” каби мавзуларда семинарлар ташкил этилди.

Ёш тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳаларда 10 дан ортиқ йўналиш қамраб олинган. Айниқса, улар орасида чорвачиликни ривожлантириш истагидагилар кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай лойиҳаларнинг 13 таси маъқулланиб, уларга 2 миллиард 670 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Туманда бунинг учун қулай имконият, ўзига хос тажриба мактаби яратилган.

-Чорвачиликка ёшликдан қизиқаман, - дейди  Шукрулло Абдуҳалилов-Ҳозирда олийгоҳ талабасиман. Ўқишдан бўш вақтларимда яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда бўрдоқичилик билан шуғулланишга қарор қилдим. Умумий қиймати 200 миллион сўмлик лойиҳамиз  “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси туман бўлими томонидан қўллаб-қувватланиб, 150 миллион сўм кредит берилди. Қозоғистон давлатидан 30 бош зотли қорамол олиб келиб, парвариш қиляпмиз. Жой ва озуқа масаласида муаммо йўқ. Рацион асосида озиқлантириляпти.

Шукрулло беш нафар тенгдошларининг ҳам бандлигини таъминлади. Дастлабки даромадни кўзлаб турган ёшлар жамоаси топилган фойда ҳисобига фаолиятларини кенгайтириш ҳаракатида.

Ёшларнинг нафақат лойиҳаларини молиялаштириш, балки улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозорини топишга кўмаклашиш  жамғарманинг асосий фаолият йўналишларидан бири  ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш,  янги турдаги маҳсулотларнинг ўз харидорини топишига амалий ёрдам кўрсатилмоқда. 

– Ўтган йили 132 миллион сўм 7 фоизли имтиёзли кредит олиб, 70 тонналик музлатгич қурдик,–деди “Мамажонов Турсунбой авлодлари” фермер хўжалиги раҳбари  Мансурбек Мамажонов. – Жамғарма кўмагида ҳамкорларимиз сони ортиб боряпти. Бугунги кунда ўндан ортиқ боғбон ва сабзавоткорлар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Уларнинг бир неча турдаги маҳсулотларини сақлашни йўлга қўйдик.

Тенгдошларини иш билан таъминлаётган, узоқни кўра оладиган қўрғонтепалик ёш ишбилармонлар ҳар жабҳада фаол. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар жамоаси шаклланиш баробарида бизнес майдонида ғолиблик учун рақобатлашаётган катта кучга айланяпти.

                                                                  Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

       вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+