Мустақиллик мўъжизалари: Нурли ва мунаввар йўллар

02.09.2020 10:09:34

Бу йилги истиқлол байрамини халқимиз кўтаринки руҳда кутиб олмоқда. Бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемияси юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Серқуёш мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида бу хатарни бартараф этиш учун ўз вақтида барча чоралар кўрилди. Асосий эътибор инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилди. Шу туфайли ҳам бугун энг азиз бўлган мустақилликнинг 29 йиллик байрамини Республикамизнинг барча ҳудудларида халқимиз яхши нишонламоқда. Юртимизда амалга оширилгаётган ислоҳотлар, рўй бераётган беқиёс ўзгаришлар, муҳим воқеалар, нурли ва мунаввар йўлдан дадил бораётганлигимизни кўрсатиб турибди. Халқимиз Президентимизни  комил ишонч билан аниқ мақсад сари истиқболи порлоқ йўллардан олиб бораётганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилди.

31-август куни давлатимиз раҳбари Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, ижтимоий ўзгаришларнинг ҳаётийлиги ва боқийлиги халқнинг фикрлаш тарзида ўз аксини топиши кераклигини алоҳида эътироф этди. Ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар қанчалик залворли ва довруқли бўлмасин, у маънавият мулкига дахлдор кечмаса, халқ, миллат ва шахс  фикрлаш тарзига таъсир қилмаса, бундай ўзгаришларнинг умри қисқа бўлади. Президентимиз қатағон қилинган юртдошларимиз ҳақида фикр юритар экан, агар улар қатағон қилинмаганида жонажон Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун буюк ишлар қилган бўлар эди, дея армон билан эслади. Президентимиз Кўксарой қароргоҳида мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрамига бағишланган тантанали маросимда ҳам маъруза қилди.

Муҳтарам Президентимиз маърузаси ҳақиқатдан ҳам кенг қамровли. 29 йиллик босиб ўтилган йўлимиз, қувонч ва ташвишлар, мушкулот ва ютуқларимиз акс эттирилган унда. Дунёга чиқишимиз, дунё бўйлаб юришимиз, тараққиётга нимаики хизмат қилса, ҳаммасини олишимиз лозим. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонимизда янги бир уйғониш- Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратиляпти. Дунё давлатлари орасида мамлакатимиз янги Ўзбекистон сифатида эътироф этиляпти. Шунинг учун ҳам дилбар Ватанимизни, ўзбек халқимизни жаҳон таниди. Биз Президентимиз бошчилигида тараққиётнинг тамоман янги, самарали йўлидан бормоқдамиз.

Мен маърузани ўқиб, келажакда ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақи кўп миқдорда оширилишидан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Негаки, қайси давлат мактаб, таълим-тарбия учун маблағни аямаса, келгусида ўша сарф қилган маблағи бир неча минг баробар бўлиб хазинасига қайтади. Буни Япония мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Пандемия шароитида аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоялаш борасида сентябрь ойида кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига 426 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилиши, муқаддас Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Президентимиз сўнгги тўрт йил давомида мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони ҳозир 121 тага етказилди. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари барпо этиш, “замонавий мактаб” дастурини жорий этиш борасидаги ишларимиз ҳам йилдан-йил давом эттирилиши маърузада алоҳида қайд этиб ўтилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилган. Шу мақсадда ҳамоҳанг юртимизда илк бор “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” қабул қилинди. Маърузада партиямиз мақсад ва вазифаларига мос келадиган суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жиноятга оид қонунчиликни либераллаштириш, коррупцияга қарши курашиш масалалари борасида ҳам катта ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Умуман, мен бир партия фаоли сифатида муҳтарам юртбошимиз маърузаларини ўқиб, таъсирландим, ҳам қувондим. Шундай жаннатмакон, истиқболи порлоқ юртда умргузаронлик қилаётганимга шукрона келтирдим.

Гўзал Ватанимизнинг бир бўлаги бўлмиш Қашқадарёни таъриф ва тавсиф этар эканман аввало, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Талимаржрн ГРЭСи, Шўртангазкимё мажмуаси, Деҳқонобод калий ўғитлар заводи ва бошқа йирик салоҳиятли ишлаб чиқариш мажмуалари мустақиллик меваси эканглигини ҳис этаман. Бу саҳоватли воҳамиздаги бағрикенг, ҳаёт синовларида чиниққан, қўли қадоқ деҳқонлар, конларда тер тўкиб ишлаётган барча-барча юртдошларимиз ҳам истиқлол айёмини зўр шоду-хуррамлик билан ўз оилалари даврасида нишонлаяптилар.

Ҳа, мустақиллигимиз Президентимиз таъбирлари билан айтганда эндигина 29 ёшга тўлдию, Аллоҳ насиб этса, қирққа кириб қирчилама йигит бўлади. Юз билан юзлашади. Биз эса бор кучимиз ила унга хизмат қилишни ўзимиз учун шараф деб биламиз.

Азиз юртдошлар ана шу шараф ҳамиша йўлдошингиз бўлсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

                                                        Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат”

                                                        СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

                                                        халқ депутатлари Қашқадарё вилоят

                                                        Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+