Мустақилликка 29 йил: Тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар янги имкониятлар эшигини очмоқда

01.09.2020 20:09:46

Мустақилликнинг дастлабги йиллариданоқ соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигини янада юксалтириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Бу борада қабул қилинган тизимни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мухтарам Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2019 –2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси соҳа тараққиётини янги босқичга кўтарди.

Натижада бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги 73,8 ёшни: эркаклар учун – 71,4 ёш, аёллар учун эса – 76,2 ёшни ташкил этмоқда. Бутун дунёда эса умр давомийлигининг ўртача кўрсаткичи аёлларда 74 ёшни, эркакларда эса 69 ёшни ташкил қилиб турган бир вақтда юртимизда соҳага қаратилган алоҳида эътибор натижасида аҳолимизнинг ўртача умр кўриш ёши йил сайин ортиб бормоқда.

Шу билан бирга аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш, рационал овқатланиш маданиятини тарғиб этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини фойдали элементлар билан бойитиш, микронутриент танқислиги туфайли келиб чиқадиган касалликларнинг олдини олиш ишлари тизимли ташкил этилмоқда. Мамлакатимизда жаҳон тажрибасида илк бор ҳомиладор аёлларни таркибида фойдали микроэлементлари бўлган поливитаминлар билан бепул таъминлаш амалиёти жорий этилди. Бундай кенг қамровли ишлар натижасида мамлакатимизда мустақиллик йилларида оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайди. Мамлакатимизда камолга етаётган болаларнинг тўқсон икки фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Шунингдек, бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалар фаолиятини яхшилаш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг тиббий хизматлардан кенгроқ фойдаланишига имкон яратишга қаратилган бир қатор замонавий тиббий хизмат турлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бугун ҳудуларда “Электрон поликлиника” хизмати фаолият кўрсата бошлади. Эндиликда тиббий карталарни рўйхатхонадан қидиришга ҳам ҳожат қолмади. Чунки “электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш олдидан поликлиникалар хизмат кўрсатадиган маҳаллаларда яшовчилар тиббий карталаридаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги коорпоратив тармоғидаги электрон базага киритилди.

Натижада беморлар мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки туманида бўлишларидан қатъий назар, ўша ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Бу каби ташаббусларни ўз вақтида самарали амалиётга тадбиқ этиш учун бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “ЎзМедИнфо” электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш республика маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида соҳага ахборот технологияларини жорий этиш, тизимда интерактив хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида “Соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари мажмуасини яратиш ва соғлиқни сақлаш миллий интеграциялаштирилган ахборот тизими (ССМИАТ “Соғлиқни сақлаш” АТМ)ни ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан биргаликда мамлакатимиздаги қатор даволаш-профилактика муассасаларида, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда улар таркибидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “электрон поликлиника” ва “телетиббиёт” тажриба-лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Албатта, тиббий хизмат сифатини юксак даражага кўтаришда илғор технологияларни жорий этиш соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлашни тақозо этади. Жаҳон стандарларига тўла мос келадиган тиббий хизмат ускуналарини ҳудудларга ўз вақтида етказиб бериш учун тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 40 фоизга кўп маблағ ажратилган бўлса, 2019 йил учун ўтган йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп бюджет маблағлари йўналтирилди.

Шунингдек, бугунги кунда соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш ҳамда соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш орқали хизмат кўрсатиш сифатини халқаро даражада амалга ошириш учун тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик йилларида айниқса, сўнгги тўрт йилда соҳада ўз вақтида амалга оширилган ислоҳотлар бугунги бутун дунё тиббиёт тизимини синовдан ўтказаётган пандемия даврида ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Биз бугун бу каби ютуқлар билан чекланиб қолмасдан соҳа тараққиётини таъминлаш борасида тизимда амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалиётга жорий этилишини назорат қилиш орқали юртдошларимизнинг тиббий хизматга бўлган талабини тўлақонли таъминлашимиз зарур.

Зеро, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз сайловолди дастурида “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб олган.

 Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

”Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+