Навбатдаги манзил – Мўйноқ

17.06.2020 20:06:23

Қорақалпоғистон Республикаси маркази — Нукус шаҳридан 210 км олисда жойлашган Мўйноқ тумани бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жуда чиройли масканга айланган.

Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасига келган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари бугун “Саҳро марвариди”га айланган Мўйноқ  туманига ташриф буюрди.

Бундан олдин ишчи гуруҳ аъзолари Нукус туманидаги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектларида ва маҳаллаларда бўлган эди.

Дастлаб ишчи гуруҳ аъзолари яқинда ишга тушган Мўйноқ туманининг «Бозатау» овул фуқаролар йиғини ҳудудида қад кўтарган «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳига боришди.

Оромгоҳ давлатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг ноябрь ойидаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган топшириғи асосида бунёд этилди.

Туман ҳудудидаги қаровсиз ётган 12,7 га ер майдонида «Оқ кема» замонавий болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш маркази объект қурилиши учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси 36 миллиард сўм ажратган. Ушбу марказ қисқа муддатларда қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур «Оқ кема» оромгоҳи бир сменада 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган.

Ишчи гуруҳ аъзолари ташрифи давомида марказдаги болалар ётоқхоналари, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва болалар сузиш бассейни, стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун ажратилган жойлар билан танишди. Бундан ташқари, маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар, тиббиёт хоналари ва ошхоналари замонавий ускуналар билан таъминланганлигини ҳам кўришди.

“Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросимида рамзий калитни олган оромгоҳ директори Зерхан Сайтбекова Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаол аъзоси, партия Мўйноқ тумани ташкилотининг “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси ҳисобланади.

Оромгоҳ директори Зерхан Сайтбекова ишчи гуруҳ аъзолари билан суҳбати давомида оромгоҳда 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганлигини ва ҳозирги пайтдаги пандемия шароитидан келиб чиқиб, болаларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда мавсумнинг 1-навбатида 13 июнь кунидан 150 нафар бола қабул қилинганлигини таъкидлади.

Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи»нинг тарбияланувчилари, Мўйноқ, Шўманой, Қанликўл туманларининг кам таъминланган оилалари фарзандлари, И.Юсупов номидаги истеъдодли болалар мактабининг қобилиятли болалари оромгоҳнинг биринчи дам олувчилари бўлганлигини ҳам маълум қилиб ўтди.

Ишчи гуруҳ раҳбари Наримон Умаров ушбу оромгоҳда дам олаётган болалар билан ҳам суҳбатлашди.

«Оқ кема» оромгоҳи атрофи боғ яратиш мақсадида мевали ва декоратив дарахтлар ўтқазилибти. Демак, яқин вақтлар ичида ушбу ҳудуд ҳам яшил рангга бурканади.

Ишчи гуруҳ аъзолари Мўйноқ туманидаги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектларида ва маҳаллаларда бўлиши назарда тутилмоқда.

 

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+