Одиллик бор жойда, коррупция ўз-ўзидан йўқолади

15.10.2019 14:10:12

Туғуруқхонада

— Эна, мана, олинг, “суюнчи”, деб келса берасиз.

— Бериб қўйдим, болам, бердим.

— Пулингиз бормиди?

— Пул қайда, болам, ўзим ёпган сутли нон билан бултурги ғўлин ўрик туршагидан бердим. Келиним эсон-омон қутулиб бўлса, бир сиқим асраб қўйган сояки майизданам келтириб бераман.

— Соддасиз-да, энажон. Бу ер сизнинг қишлоқмас. Ахир, оқ халатнинг иккита чўнтаги бежиз тикилмаган...

Болалар боғчасида

Икки дугона учрашиб қолди.

— Кўз тегмасин, ўғлингиз русчани аввалгидан анча тузук гапиряпти. Қўшимча тўгаракка бердингизми?

— Йўқ, тарбиячисига байрамларда совға-саломни канда қилмаяпмиз. Олдинига шундайгина илтимос қилиб кўрдик, бўлмади. Йўқ демайди, лекин бажармайди. Барибир эътибордан четда қолаверди. Юзта «сиз-биз»дан битта «жиз-биз» яхши экан. Кўриб турибсиз, ҳозирча натижа ёмон эмас.

Дўконда

Дадаси маҳсулот назорати идорасида ишлашини билмайдиган бола онасига:

— Ойи, музлатгичда колбаса тугамасаям нега дадам яна сотиб олибди?

— Сотиб олмади, ўғлим, магазинчи амакининг ўзи шунчаки бериб юборибди...

Банкда

“Тажрибали” банк ходими янги ишчига:

— Сиз мижоздан пул-мул сўраб қўйманг тағин. Огоҳлантириб қўйиш менинг бурчим: битта-яримта хом иш қилиб, мени “подвадит” қилманг, дейман-да. Ҳозир ким кўп, “ёзувчи” кўп. Кейин тадбиркорлар ҳам ҳуқуқини билиб қолган. Эҳтиёт шарт-да. “Сизга кредит берилади-ю, фақат яна озгина муддат кутасиз, илож қанча?», десангиз, фаросатли, дангал тадбиркор мақсадга кўчади-қўяди. Вақтини кеткизиб кутиб ўтиргандан кўра, нақди билан ишни битказадиганлар ҳам оз эмас. Улар харажатсиз ҳаракат нолга тенглигини сизу биздан-да яхши билади...

Уйда

Ота ва ўғил суҳбатидан:

— У ерда ўқимайман. Дизайнер бўлмоқчиман.

— Эй бола, юрасанми қоғоз-қалам кўтариб?! Кўзингни каттароқ оч, бу туришда косанг оқармай ўтиб кетасан. Мен ўқишингни гаплашиб қўйганман...

Кўчада

ЙПХ ходими билан ажойиб келишув.

— Қоидани буздингиз, ука. Таъқиқлаш белгисини кўриб турибсиз-ку!

— Командир, шошиб тургандим, узр, энди бошқа қайтарилмайди.

— Йўқ, ҳужжатларни беринг, ёзмасам бўлмайди.

— Паспортнинг ичига қаранг, ҳамма “ҳужжат” ўша ерда...

— Қани, беринг-чи... Майли, бир сафар кечираман. Хавфсизлик камари тақилмаган, деб ёзиб бераман. Ёзмасам бўлмайди, ҳув анави ерда камера бор...

Талабалар ётоқхонасида

Юқори босқич талабаси билан янги талаба суҳбатидан:

— “Иқтисод” сал инжиқроғ-у, ўқисанг, қўйиб беради. “Олий математика”дан дафтарларинг ҳамиша жойида бўлсин. Ҳар дарс битталаб текширади. “Социология”дан иложи бўлса, “нб” туширма. Унданам астойдил ўқисанг, вазифаларини вақтида топширсанг, баҳо оласан. Ўртага таниш-билиш тиқиштирма яна. Баҳосиз қолиб кетасан-а!

— “Кимё”ни айтмадингиз-ку?

— Буни сессия пайти “староста”нинг ўзи айтади.

Бозорда

Сотувчи нарх кўтарилганидан нолиган харидорга:

— Биз ҳам нима қилайлик, ҳалигина паттанинг пулини бервордик, ҳозир қарасак, бозорком вакили келиб турибди. Вақти-вақти билан уларнинг оғзини мойлаб турмасак, жойсиз қоламиз. Бу жойга кўз тикиб турганлар қанча? Шунинг ҳисобигаям меваларга қўшимча нарх минади-да, ака. Тирикчилигимиз фақат шунинг орқасидан бўлса...

 

Аксар ўқувчига таниш ҳолатлар, шундай эмасми? Ёзиш қанчалар оғир бўлмасин, тириклик чоғиёқ (умрнинг қачон ва қаерда якун топиши мавҳумлигини билиб туриб) қабрнинг яхши жойдан, оиласининг шажараси ёнидан бўлиши учун ҳам олдиндан анча-мунча маблағ тикилаётганини эшитиб, ёқа ушладим. Икки дунё оралиғида турган энг сўнгги манзилни пуллаш савдоси қачон урфга кириб улгурди экан? Порахўрлик ва коррупция ботқоғининг чегараси қаерда тугайди? Одамларнинг барини тортиб кетишини кутиб яшаш керакми ё? Билмайман.

Мен билган биргина йўл бор. Гарчи бу гап айримларнинг виждон қитиғига тегиб кетиши, баъзилар учун дунёни ўзгартириб юборадиган янгилик бўлиб туюлмаслиги, яна бошқаларга “утопия”дек кўриниши мумкин.

Коррупцияга барҳам бериш учун ислоҳотни ҳар ким ўзидан, ўз-ўзини янгилашдан бошлаш керак. Айниқса, юқори турувчи давлат органлари вакиллари. Токи суд, адлия, ички ишлар, прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати, солиқ, божхона — хуллас, халқ адолат излаб борадиган ҳар қайси эшикда одиллик тарозиси бехато ишласин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида қайд этилганидек, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экан, халқ давлат бошқарувидаги шаффофликка шубҳа қилмасин. Ана ўшанда хоҳ сиёсатчи, хоҳ таржимон, хоҳ шифокор, хоҳ фермер бўлишни истаган болалар оилада, таълимда, кўча-кўйда бир сўз билан айтганда ҳамма ерда адолатни кўриб, унга ишониб вояга етади. Ана ўшанда ҳар амалида тўғриликни маҳкам тутадиган авлодлар қатлами жамиятда ишлай бошлайди. Адолат ва одиллик ўрнатилган жойда эса ўз-ўзидан коррупция тугайди, унга қарши курашга ҳожат ҳам қолмайди.

Ёдингизда бўлсин, “Чақмоқ қанча баланда чақнамасин, эгри бўлгани учун, албатта, ернинг қаърига борур. Шамки, тўғри, адилдир — куйса ҳам бошдан оёқ нур бўлиб куюр”. Сиз қай бирини танлайсиз: чақмоқдек баландликними ёки шам каби тўғриликни?

Наргиза ЮНУСОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+