Онлайн дарслар пайти шартнома пули қисқартирилиши ёки тўлов таътили берилиши керак

20.04.2020 20:04:59

2020 йил Ер шаридаги кўплаб мамлакатлар учун синовли йил бўлди. Бугун коронавирус инфекцияси кўплаб мамлакатларда сезилгани каби Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Буни сўнгги кунларда иқтисодий соҳага масъул бўлганлар томонидан тақдим этилган маълумотлардан ҳам билиб олиш мумкин.

Маълумотларга қараганда бугун Ўзбекистонда коронавирус пандемияси туфайли бир ярим миллиондан ортиқ фуқаролар ишсиз қолган. Шунингдек, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқаролар доимий даромадларидан маҳрум бўлган, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасига келиб қолди.

Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш учун эса давлатларда турлича йўллардан фойдаланилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам эҳтиёжманд оилаларга зарурий озуқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. (Албатта бу етказиб берилаётган оилаларнинг барчаси чиндан эҳтиёжманд оилалар эканлигига шахсан мен ишонмайман.)

Мен бугун мана шу мамлакатимиздаги 1.5 миллион ишсизларнинг фарзандлари бўлган талабалар ҳақида ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман. Охирги вақтда ўтказилаётган ҳукумат даражасидаги йиғилишларда эътибор фақат иқтисодий инқироз таҳлиллари ва озиқ-овқат масалаларига қаратилмоқда. Аммо биз пандемия шароитидан кейинги Ўзбекистон тараққиётини белгиловчи, келгусида бундай пандемияларни таъсирини имкон қадар мамлакатимизга етиб келмаслигини ҳал қилувчи кадрлар бўлган талабаларни унутдик.

Ҳозирги кунда барча таълим жараёнлари масофавий шаклда давом эттирилмоқда. Шу боисдан олий таълим тизимидаги профессор ўқитувчилар ҳам ҳар кунлик ишга қатнаш ва ортиқча қоғозбозликдан қисман озод этилган. Барча профессор ўқитувчиларга таътил пуллари ва ойлик маошлари тўлиқ шаклда тўлаб келинаётгани бўлсада олий таълим муассасаларининг ҳаражатлари маълум миқдорда қисқарган. Бу қисқариш олий таълим муассасалари, талабалар турар жойидаги таъмирлаш ҳаражатлари ва коммунал хизматлардан фойдаланилмаётганлиги ҳисобига юзага келган. 

Ўзбекистонда олий таълим муассасаси талабаларининг 90,2 фоизи тўлов шартномаси асосида таҳсил оладилар. Уларнинг шартнома пулини тўловчиларнинг аксарияти эса оддий ишчи халқимиз бўлса ажабмас. Бугун 1.5 миллион ишсиз бўлган (аслида бу рақам 5-6 миллиондан кам эмас) оилалар фарзандларининг тўлов шартнома пулларини тўлашда турли муаммога дуч келмоқда эканликлари табиий. Чунки айрим оилаларнинг 2-3 та фарзандлари шартнома асосида таълим олади.

Ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб ҳукумат томонидан тадбиркорлар, деҳқон ва фермерларни қўллаб қувватлаш учун маълум даражадаги маблағлар ажратилмоқда. Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш бугунги кунда учун долзарб ҳисобланади. Лекин ўсиб келаётган авлодга сифатли таълим бериш келажак учун пойдевор яратади. Шу боисдан “Адолат” СДП сайловчилар фикрини инботга олган ҳолда, 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллик учун тўланадиган талабаларнинг тўлов контракт суммасидан 2 ой учун қисқартиришни таклиф этади.

Бу эса ўз навбатида шартнома асосида таҳсил олаётган талабаларнинг контракт миқдорини камайтириб кўпгина оилаларга бюджетини таназзулдан сақлаб қолади. Акс ҳолда, ўз фарзандлари келажаги учун бефарқ бўлмаган ҳамда 1.5 миллиондан ортиқ ишсизлар орасидаги ота-оналар фарзандлари контракти учун қарзга ботадилар. Натижада пандемия тугаса ҳам, муаммо якун топмайди.

Шу ўринда олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан қуйдаги сабабларни важ сифатида кўрсатмасликларини сўраган бўлар эдик:

  1. Профессор-ўқитувчиларга ойлик маош тўлаш учун талабалар томонидан тўланаётган контрактдан ташқари давлат бюджетидан ҳам маблағ ажратилади. Барчамизга маълум, талабалар тўлаётган контракт олий таълим тизимига қилинаётган харажатларни 68% фоизинигина қоплайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4391-сон қарори мувофиқ 2020 йил 1 январидан 10 та олий таълим муассасаси ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган.
  2. Олий таълим муассасида фақат профессор-ўқитувчилар эмас, балки ёрдамчи персоналлар ҳам фаолият юритиб келмоқдалар, уларнинг контингенти профессор-ўқитувчилар миқдори билан тенг. Уларга ҳам ҳозирги кунда фаолият юритмаётган бўлсалар ҳам ойлик маош тўлаб келинмоқда.
  3. Республикада карантин эълон қилинганлиги сабабли 1 апрелдан ОТМлар қисқа вақт орасида масофавий дарс шаклига ўтказилди. Лекин аксарият ОТМ моддий базаси, серверлари бу юклама учун мўлжалланмаганлиги сабабли қўшимча ҳаражатларга сабаб бўлди.

Юқорида келтириб ўтилган каби мисоллар ОЎМТВ раҳбарияти томонидан келтириб ўтмасликларини сўраб қолган бўлар эдик, чунки ОТМлар талабалар томонидан амалга ошириладиган тўлов-контракт ҳисобига эмас, балки ўз илмий салоҳиятини маблағга айлантириш, йўлга қуйганларида бу каби муаммолар қаршисида қолмаган бўлар эдилар. Айбни талабалардан эмас, ўз вақтида олий таълим тизимида ислоҳотларни етарлича амалга ошира олмаган соҳа масъулларидан қидириш даркор.

Балки ўқишга қатнамаётган талабани шартнома пулидан тўлиқ озод қилишнинг имкони йўқдир, аммо ҳеч йўқ тўлов миқдорини 2 ой учун қисқартириш устида аниқ ҳаракатлар олиб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ёки банклар ипотека таътиллари эълон қилгани каби конракт таътиллари эълон қилиш керакдир. Яъни, талаба пул тўлашдан озод қилинмийди, маълум вақт ўтгандан кейин ота-онаси ўз иш фаолиятини давом эттириб оиланинг иқтисодий аҳволи изга тушгач тўловни амалга оширади.

Менимча бу таклифларни амалиётга татбиқ этишда муаммо бўлмайди. Чунки амалдаги қонунчилигимиз бўйича контракт тўловининг муддатини белгилаш ректорлар ваколатига берилган. (фақат ўқишга дастлаб 1 курсга қирган талабалар учун ўқув йилининг 1 семестри комиссия томонидан белиганади).

Масъуллардан бу борада ижобий ечим кутиб қоламиз.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Karimov Dostonn
2020-04-22 10:03:04
Fikringizga to'liq qo'shilgan holda, mas'ullardan bu masalaning ijobiy yechimini kutib qolaman!
Шойимов Салохиддин Турдибой угли
2020-04-21 21:25:49
Олий ўқув юртларининг сиртқи бўлимларида таьлим олаётган талабаларга онлайн дарслар ўтилиши айтилмоқда. Бундай пайтда давлат корхоналарида ишлайдиган талабаларга ўқув таътили берилмаслиги айтилмоқда. Биз ишда бўлган пайтда қандай улгурамиз дарсларга?

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+