Ўқитувчи таълим беришга масъулми ёки...?

24.08.2021 10:08:54

Ўзбекистонда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирлар амалга оширилишига қаратилган қонун қабул қилинган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатга кўра, Қашқадарё вилояти Қарши тумани 6-мактаб директори Феруза Аҳмедова мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилмоқда. Ишламаса, дарс бермайман, деб, таҳдид  ҳам қилмоқда. Феруза Аҳмедова мактабнинг қўшимча биносини сотиб 240 дан ошиқ ўқувчиларни кўчада қолдиргани етмагандек энди ўқитувчиларни дуқ-пўпса қилиб, ишлатмоқда. Бизни мажбурий меҳнатга жалб қилманг, десак, мени Қашқадарё вилояти халқ таълими мудири, Қарши туман халқ таълими мудири ва яна Қарши туман ҳокими ҳимоя қилиб турибди, хоҳлаганимни қиламан, демоқда.

Мазкур ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли масъул мутасаддилар иштирокида ўрганилди. Ушбу  мурожаатни тўлалигича ўрганиш  мақсадида 2021 йил  21-август куни Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида тумандаги 6-сонли мактабда кузатилган ҳолатлар бўйича Халқ депутатлари туман Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси П.Тулиевнинг ахбороти тингланди.

Шундан сўнг депутатлар томонидан тумандаги 6-умумий ўрта таълим мактаби директори Ахмедова Феруза Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармасининг хати ҳамда депутатларнинг таклифлари инобатга олиниб, тумандаги 6-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимидан озод этилишига розилик берилди. Шунингдек, Ахмедова Феруза келгусида халқнинг хақли равишда норозилигини келтирувчи ёки депутатлик мақомига путур етказувчи ҳолатларга йўл қўйган тақдирда депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш белгиланди.

Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайди. Соҳада хизмат қилаётган 400 минг нафардан ортиқ фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда устоз обрўсини ошириш йўлидаги ишларини давом эттиради. Вазирлик қонунчилигимизда белгиланган меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий нормаларга сўзсиз амал қилиб келмоқда , деб хабар берган баёнотида.

Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатларни олдини олиш ва халқ таълими тизими ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шикоятларни қабул қилишда қулай бўлган виртуал инспекторни ишга туширган.

                                               Юлдуз МУҲАММАДИЕВА,

                                               “Адолат” СДП

Қарши туман Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+