8 мингта жиззахлик коррупцияни илдизигача қуритиш тарафдори

18.10.2019 16:10:30

Шу кунларда мамлакатимиз ҳудудларида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан фуқароларнинг манфаатлари, партиямизнинг ғоя-мақсадларини ифодалаган шиорлар асосида митинг, акция ва сайллар ўтказилмоқда.  

Жиззах вилоятида ҳам ҳудудий партия кенгаши ташаббуси билан “Биз коррупцияга қаршимиз!” шиори остида акция ташкил этилди. Мазкур акцияда партия депутатлари, фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, талабалар, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Акциянинг биринчи қисми митинг билан бошланди. Жиззах шахрининг “Шароф Рашидов” шоҳ кўчасида 8 мингга яқин ёшлар, хотин-қизлар, фуқаролар коррупцияга қарши партиямиз ғояларини қўллаб-қувватлашди. Митинг жараёнида партиямиз бугунги кунда олға сураётган қатор ғоялар кўп бор янгради.

Тадбир шаҳардаги Форум мажмуаси ва унинг атрофида давом этди.

— Коррупция мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига улкан таҳдид бўлиб, у жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емириши, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантириб, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокига салбий таъсир кўрсатади, — деди вилоят партия кенгаши раиси Ориф Шукуров. — Давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан коррупциянинг олдини олишда амалиётга йўналтирилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш зарур.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи хавфли иллатдир. Коррупция давлатнинг ривожланишига ҳамда миллий хавфсизликка таҳдид солади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Жиззах давлат педагогика институти ректори А.Холбеков бундай тадбирлар жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, бу иллатга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишда амалий аҳмиятга эга эканини қайд этди.

Юртдошларимизда коррупцияга, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши шарт. Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.

Иштирокчиларнинг фикрича, коррупция халқнинг давлатга ишончини пасайтиради, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция билан муроса қилиб бўлмайди, “бутун дунёда бор”, “коррупцияни барибир енгиб бўлмайди” каби важлар билан уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам мумкин эмас. Коррупцияни фақат тубдан йўқ қилиш ҳақида ўйлаш ва бу иллатга ҳамжиҳатликда қарши курашиш керак.

Партия ташаббуси билан ташкил этилган бундай тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этади.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+