Ўзингиз ўтирган шохни арраламанг

07.04.2020 12:04:15

Коронавирус пандемияси жаҳоннинг турли мамлакатларида одамзотни қақшатиб, турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборганига уч ойдан ошди. Албатта, бундай вазиятга ҳар қаерда муносабат ўзгача. Мамлакатимизда ҳам мазкур офатнинг халққа таъсирини юмшатиш, ватандошларимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида катта ғамхўрлик қилинмоқда. Улар тез орада натижа бериб, манфур хасталик батамом чекинса, ажаб эмас.

Аммо шу ўринда лашкар бехатар бўлмас, деганларидек, фавқулодда ҳолатда инсонлар ўзларини ҳар хил тутаётганликларини кузатиш мумкинлигига эътибор қаратмоқчимиз. Кўпчилик мустаҳкам иродасини намойиш этиб, ўзини, оиласини, яқинларини мураккаб вазиятдан соғ-саломат олиб чиқиб кетиш чорасини кўрмоқда. Улардан ибрат олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бироқ орамизда ваҳимага берилаётган, саросимага тушиб, ўзи нима қилаётганлигини тушунмаётганлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, карантин чоралари эълон қилинган дастлабки кунлари баъзилар ўзларини бозор ва дўконларга урганликларини, қоп-қоплаб озиқ-овқат жамғаришга киришиб кетганликларини эслайман. Ҳолбуки, мутахассислар юртимизда озиқ-овқат ва энг зарур истеъмол моллари тақчиллиги хавфи йўқлигини қайта-қайта такрорлаб тургандилар. Наҳотки, бузғунчилар (уларни шундай аташ жоиз) бундай ҳатти-ҳаракатлари билан аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима уйғотишлари мумкинлигини ўйламаганлар? Балки бугунги кунда ҳукуматнинг қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида халқимиз коронавируснинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик учун кенг кўламли чора-тадбирлар кўраётгани яхши натижалар бераётганига гувоҳ бўлиб, мулзам ҳам бўлиб қолгандирлар.

Ёлғон хабарлар ва ноўрин миш-мишлар тарқатганлар-чи? Наҳотки, улар ўзларининг номаъқул ҳаракатлари билан жамиятга катта зарар етказаётганликларини тушунмасалар? Яхшиямки, тегишли чоралар қўлланиб, бундайларнинг таноби ўз вақтида тортиб қўйилди. Карантин қоидаларини бузаётган, тиббиёт ходимларининг маслаҳатларига риоя қилмаётганлар-чи? Мен уларни баланд дарахтнинг энг юқоридаги шохига ўтириб олиб, уни арралаётганларга ўхшатаман. Ахир, бундан энг аввало, ўзлари жабрланадилар-ку! Шунинг учун айтсалар керак-да, адабни беадабдан ўрган деб. Сиз билан биз, ҳаммамиз бундай ҳолатларга йўл қўймаслигимиз даркор.

Албатта, шу кунларда “ўзини ёлғизлатган” ҳар бир киши уйда қандайдир фойдали юмушлар билан шуғулланади, китоб ўқийди, телевизор кўриб, радио эшитади, ижтимоий тармоқларни кузатади. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг ижрочи котиби Акбаржон Мансуров ҳам биз юқорида айтган ишлар билан банд. Айни пайтда мамлакатда ва дунёда юз бераётган воқеаларга Фейсбукдаги саҳифаси ва Телеграммдаги канали орқали муносабат билдириб туришни унутмайди.

– Мен пандемияга қарши курашда партиядошларимиз фаол қатнашаётганликларидан фахрланаман, - дейди у. – Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Наримон Умаровнинг бир неча бор аҳолига таъсирли мурожаатлар билан чиққанидан мамнун бўлдим. Партия Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Абдукамол Раҳмонов ҳам барчани ҳушёрликка, ҳамжиҳатликка чақираётгани диққатга сазовор. Яқинда партиядошимиз Фарруҳ Абдуҳамидовнинг маданият вазири О. Назарбековнинг ўзи каби санъаткорларни барчадан устун қўйган гапларига жавоби ҳам кўпчиликка маъқул тушди. Сафдошларимизнинг мана шундай фаоллиги барчамизнинг кайфиятини кўтаради, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади.

Бундай мисолларни ҳар бир вилоят, шаҳар ёки тумандан келтириш мумкин. Масалан, халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Мусохон Аппаков фаолиятини олайлик. У айни пайтда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят  бошқармасига раҳбарлик қилмоқда. Айни дамларда сафдошимиз етакчилик қилаётган фаоллар ҳамма ерда аҳолидан тушган мурожаатлар асосида мурувват ёрдамларини кўрсатиш ишларини йўлга қўйишди. 3 апрелда, яъни “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази” ўз фаолиятини бошлаган куни 1 минг 500 га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Жами 178 та маҳалладаги кам таъминланган, ногиронлиги бор юртдошларимиз яшайдиган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз қариялар ва карантинга олинган каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 3 тоннага яқин ўсимлик ёғи, 8 тоннадан зиёд ун, 4,3 тонна гуруч, 1,3 тонна шакар, 2,1 тонна макарон, 24 минг донадан кўпроқ тухум, 4,5 тонна пиёз, 1,2 тонна гўшт маҳсулотлари тарқатилди. Ҳозир шаҳар ва туманларда ҳам ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолиятини бошлади.

Мана шундай олижаноб, халқ манфаатларига қаратилган ишлардан ҳаммамиз ибрат олсак арзийди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+