Педагоглар сайловдан нима кутяпти?

08.11.2019 14:11:56

Бу йилги сайлов кампанияси халқимизнинг кайфияти кўтаринки, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортган янгича муҳитда ўтиши кутиляпти. Янги Ўзбекистон янги сайловларга кириб боряпти. Одамлар сиёсий партиялардан амалий натижа, қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти. Партиямиз бу жараёнда юксак масъулиятни зиммасига олиб, сайлов кампаниясига киришган. Ана шу мақсад ва ғояларни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари фаоллари жойларда бир қатор тарғибот тадбирларини ўтказмоқдалар.

Хусусан, партиянинг Музработ туман Кенгаши ҳамда туман Адлия бўлими ҳамкорлигида тумандаги 10, 8, 28 ва 21 умумий ўрта таълим мактабларида "Мен сайловда фаол иштирок этаман" мавзусида тадбирлар ташкил этилди.

Мазкур тадбирларда партиянинг туман Кенгаши фаоллари, туман Адлия бўлими ходимлари, умумтаълим мактаблари жамоалари, ўқитувчи- педагоглар қатнашдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа эканлигини қайд этди. Шунингдек, сайловлар амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг боришига таъсир кўрсатиб, давлатни ривожлантиришда стратегик мақсадларга эришишга кўмаклашиши таъкидланди. Яна шунингдек, бу йилги сайловлар илк бор 2019 йил 26 июнда қабул қилинган янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилиб, у сайловларни адолатли ўтказиш мезонлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилганлиги ва соғлом рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, сиёсий партиялар фаолиятини фаоллаштиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.

Мафтуна Худойберганова, 21-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, тадбир иштирокчиси:

— Мамлакатимиз тақдири, тараққиётига дахл­дор бўлган, барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юкловчи муҳим сиёсий санага саноқли кунлар қолди. Мазкур Сайлов бизлардан фаоллик ҳамда бирдамликни талаб қилади.

Келажак яратувчиларини тарбиялашдек шарафли касб - педагоглик касби зиммамиздаги масъулиятни икки ҳисса оширади. Мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятларни хориждан келган меҳмонлар ҳам эътироф этишмоқда. Биз ёшларга чуқур билим беришимиз учун мамлакатимиз раҳбарияти томонидан таҳсинларга арзигулик улкан ислоҳотлар олиб бориляпти. Келажагимиз қандай бўлиши эса бугун кимга овоз беришимизга боғлиқ. Биз эртага амалга ошадиган бунёдкорликлар учун, фаровон турмуш, тинчлик ва тараққиёт учун сайловда фаол иштирок этиб, номзодларга овоз берамиз.

Тадбир сўнгида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари партия аъзолигига қабул қилинди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+