Попликлар партия ташаббусини қўллаб-қувватлади

02.12.2019 20:12:28

Мамлакатимизда шу йил 22 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда. Айни кунларда депутатликка номзодлар сайловчилар билан учрашиб, ўзларининг сайловолди дастурларини баён этмоқдалар. Фаолларимиз эса “Адолат” СДП ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган тадбирларни изчиллик билан амалга оширмоқдалар.

Яқинда Поп тумани марказидаги “Ёшлар боғи”да кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида фаолларимиз ва партиямиз тарафдорларининг ана шандай чиқиши ташкил этилди. Иштирокчилар орасида “Адолат” СДПдан депутатликка номзодлари кўрсатилган сафдошларимиз ҳам бор эдилар. Марказий кўчалар бўйлаб ўтказилган юришдан сўнг кўп кишилик митинг бўлиб ўтди. Унинг қатнашчилари асосий эътиборни партиямиз сайловолди дастурида олға сурилган қатор масалаларга қаратдилар. Кенг майдон узра жаранг сочган шиорлардан бири “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!” эди.

Тадбирда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев ва бошқа қатор фаолларимиз сўзга чиқиб, бу борада партия олдида турган энг муҳим вазифаларга тўхталдилар. Уларнинг бажарилиши ҳеч шубҳасиз, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, турмуш фаровонлигини оширишга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди. Мазкур йўналишдаги ташаббуслар аҳоли томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватланаётгани ҳам алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби Нурбек АБДУЛЛАЕВ:

  • Митинг иштирокчилари беморларни сифатли дори-дармонлар билан ўз вақтида таъминлаш қаторида қалбакилаштирилган дори воситалари сотувига чек қўйиш талабларини қўйдилар. Дори воситалари нархлари турлича эканлиги, баъзилариники жойларда кескин фарқланиши ажабланарли эканлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, дориларнинг ноқонуний айланиши, сифатсиз дори воситаларининг дорихоналарда шифокор рецептисиз сотилишига ҳам барҳам бериш зарур. Дори-дармонлар рекламасини чеклаш, сифатли, арзон дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Мамлакатимизда ўсувчи гиёҳлар, доривор ўсимликларлардан фойдаланиб, дори-дармон ишлаб чиқариш кенгайтирилиши ҳам фойдадан холи эмас.

Бўлажак сайловлар ва “Адолат” СДП фаолиятига бағишланган викторина ҳам қизиқарли ўтди. Тадбирда иштирок этган ҳар бир кишининг вақти қизиқарли ва мазмунли кечди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+