Президент Фармони вазиятни бошқаришда ўз ўрнида тезкорлик билан қабул қилинган ўта муҳим ҳужжатдир

20.03.2020 15:03:19

Муҳтарам Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони мураккаб вазият мамлакат олдида кўндаланг бўлган чоғда зудлик билан қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди.

Фармон имзоланишидан олдин давлатимиз раҳбарининг халққа мурожаати Ўзбекистон халқига жуда катта кўтаринкилик бағишлади. Зудлик билан кўрилган чоралар, барча жиҳатдан тайёргарликнинг, заҳираларнинг мавжудлиги ҳақидаги сўзлар халққа катта далда бўлди ва бу ишонч ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиш кайфиятини пайдо қилди. Очиқлик, шаффофлик билан ахборот бериб борилиши ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Фармонда кўзда тутилган иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли даромадларининг пасайиб кетишининг олдини олиш, кам таъминланган қатламнинг ижтимоий ҳимояси, айниқса, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ҳимояланиши аниқ чора-тадбирлар орқали белгилаб қўйилгани вазиятни бошқаришда тўғри қадамдир.

Иқтисодиёт барқарорлиги ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича, айниқса, аҳолининг жуда катта қатламини қамраб олган якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиқлари 50 фоизга камайтирилиши, солиқ таътиллари берилиши, шунингдек, йил охирига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилиниши, солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблашнинг тўхтатилиши, аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддатларининг 15 октябрга қадар узайтирилиши халқ манфаатини ўйлаб, вазиятни тўғри баҳолаб қабул қилинган энг инсоний, энг одилона қарордир.

Ушбу фармон билан халқ орасида саросимага, тадбиркорларнинг фаолиятлари юзасидан хавотирига, депутатлар, жойлардаги фаолларнинг кўтараётган муаммолари, саволларига ўрин қолмади, барчасига жавоб юзага келди.

Ушбу вазиятда муҳтарам Президентимизнинг видеомурожаатлари, қабул қилинган Фармонлари туфайли халқда давлат раҳбарига, ҳукуматга ишонч ортди.

Эпидемия даври олдимизда яна бир имкониятни пайдо қилди, яъни халқимизда жипслик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик руҳи пайдо бўлди. Биз кеча сайлов округларидан қайтдик. Азалий қадриятларимизга мувофиқ бир-бирига ёрдам бериш, бошга қийинчилик тушган пайтларда бефарқ бўлмаслик жиҳатлари кучайганини сездик. Жойларда халқимиз томонидан бепул тиббий ниқоби тарқатиш, талабаларни бепул манзилига етказиб қўйиш акциялари ўтказилди.

Мана шу жараёнда давлатимиз, ҳукуматимиз ўз вақтида тўғри йўл тутганлигини, чора-тадбирларни тўғри белгилаганлигини юқори баҳолаган ҳолда, фармонда кўзда тутилган вазифалардан келиб чиқиб, биз депутатлар ҳам чора-тадбирларни амалга оширишда ўзимиз учун вазифалар белгилаб олдик ва давлатимиз раҳбарияти, ҳукумат ва халқимиз билан биргаликда вақтинчалик қийинчиликни енгиб ўтишда ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.

Гулбаҳор Саидғаниева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+