Президент ташрифи янги марраларга чорлайди

01.07.2020 17:07:45

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимиз фаровонлиги йўлида ижтимоий, иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар жараёни билан танишиш мақсадида  ўтган ҳафтада Наманган вилоятида бўлди. Ишлаб чиқариш корхоналарида, дала ва боғларда, маҳаллаларда ўтказилган мулоқотларда кейинги салкам бир ярим йил мобайнида рўёбга чиқарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Айни пайтда  иқтисодий ва ижтимоий ресурс ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича бир қатор истиқболли вазифалар белгилаб берилди. 

Аввало шуни айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг ташрифи ҳар галгидай вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта воқеа бўлди. Чунки шу аснода   барча жабҳалардаги ислоҳотларнинг оралиқ якунлари таҳлил этилди, янги марралар белгилаб берилди. Мен ҳам  Президентимиз иштирокидаги фаоллар  йиғилишида қатнашар эканман, мамлакатимизнинг бошқа минтақалари қатори вилоятимизда ҳам кейинги йилларда нақадар катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлиги кўз ўнгимда намоён бўлди. Халқимиз тараққиётнинг ойдин йўлидан дадил одимлаётганлигидан қалбим ғурурга тўлди. Бу борада “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари ҳам фидокорлик билан меҳнат қилиб, қўлга киритилаётган ютуқларга муносиб ҳисса қўшаётганликларини ҳам фахр билан эсладим.

Президентимиз ўз нутқида жойларда ютуқлар борлигини, ўзгаришлар бўлаётганини, лекин булар ҳали кўзлаган марраларимизга мос эмаслигини таъкидлади. “Тўғри гапни гапирган одам – ислоҳотларга хайрихоҳ, - деб таъкидлади у. - Аччиқ гаплардан тўғри хулосалар чиқариб йўлимизни топиб олишга ҳаракат қилсак, энг катта маррамиз шу бўлади.” Шу билан бирга   ҳали орамизда эскича тушунчалардан қутула олдмаётган, янгиликни ва замон нафасини сезмайдиган раҳбарлар йўқ эмаслиги қайд этилгани бўлди. Чиндан-да, шундайлар ислоҳотларнинг муваффақиятли боришига халақит бермоқдалар. Боз устига улар тўғри гапни ва танқидни ёқтирмайдилар. Бундай ҳолатда  иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби муаммоларни ўз вақтида ҳал этиб бўлмайди.

Бошқа масалалар қатори йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Улар давлат раҳбари ва ҳукумат қарорларини ўқиб, уларнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушунишлари даркор. Шунингдек, ўз иш фаолиятиларини таҳлил қилиб боришлари, иқтисодий ўсишлардан хабардор бўлишлари талаб этилади.

 Президент томонидан Наманган тажрибаси таклиф қилинди. Унга кўра ҳафтанинг душанба куни иш жойида меъёрий ҳужжатлар билан ишланади, сешанбадан шанбагача ҳамма маҳаллаларда оилалар аҳволини ўрганади. Биринчи навбатда одамларнинг муаммолари ва эҳтиёжлари ҳисобга олинади, уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Президентимизнинг вилоятга ташрифидан, унинг халқ вакиллари билан бўлган мулоқотларда билдирган фикрларидан чиқарган хулосам шу бўлдики, ҳаммамиз ўз фаолиятимизга яна бир бор танқидий баҳо бериб, камчиликларни бартараф этишимиз, бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан яхшироқ ишлшимиз зарур. Бу борада сиёсий партияларнинг вакиллари, турли даражадаги халқ депутатлари кенгашларининг депутатлари ўрнак кўрсатишлари лозим. Биз партия вилоят кенгашида бу йўналишда алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқамиз ва амалга оширамиз. Уларнинг ижросини пухта назорат қилиб, вилоят аҳли  олдига қўйилган масъулиятли вазифаларни бажаришга муносиб ҳисса қўшамиз.

 

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+