Пул чўнтакдан кетмаса...

13.02.2020 09:02:57

Мустақиллик йилларида бошланган бунёдкорлик ишлари сўнги йилларда янада жадаллик билан олиб борилмоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир юртошимизнинг кўнглига хурсандчилик олиб кирмоқда. Айниқса давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида амалга оширилилаётган ишлар республикамизнинг олис ҳудудларидаги юзлаб туман-шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.

Ана шундай “Обод маҳалла” дастури доирасида 2019 йилда Арнасой туманининг ҳам бир қатор маҳаллаларида аҳолининг турмуш фарофонлигини ошириш уларга муносиб яшаш ва меҳнат шароитини яратиш борасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Жумладан, бундай бунёдкорлик ишларининг амалий ифодасини тумандаги “Бобур” МФЙ ҳудудидаги ижобий ўзгаришларда ҳам кўриш мумкин. Маҳаллалардаги ички йўллар асфальт қилинди. Симёғочлар янгиланиб аҳолига узликсиз электр энаргияси етказиб берилиши йўлга қўйилди. Қувонарли тарафи аҳолига туну-кун хизмат кўрсатадиган савдо марказлари қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди. Йиллар давомида фойдаланилмай келинаётган бино ва иншоатларда маҳалла ёшлари бандлигини таъминлаш учун тадбиркорлик фаолиятлари йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг 11 февраль куни маҳалладаги сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш, сайловчиларни қийнаб келаётган муаммолар ечимини биргаликда ҳал этиш мақсадида маҳалла фуқаролари билан мулоқот олиб бордик. Мулоқот жараёнида маҳалла фуқаролари томонидан 2019 йилда маҳалла ҳудудида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари эътироф этилди. Шу билан биргаликда ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар юзасидан мурожаатлар қилинди. Хусусан, маҳалланинг энг чекка ҳудуди бўлган “Бобур” кўчаси аҳолиси томонидан “Обод маҳалла” дастури доирасида ички йўлларни таъмирлаш борасидаги бошланган ишларнинг чала қолдирилгани, кўча бошига туман “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан ўрнатилган ахлат ташлаш майдончасининг мусор яшиклари ўрнатилмаганлиги натижада аҳоли томонидан мусорлар очиқ ҳолатда тартибсиз завур атрофига ташланаётгани айтиб ўтилди.

Кўча оқсоқли билан “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан ўрнатилган ахлат ташлаш майдончасини бориб кўздан кечирганимизда эса, яна ҳам аянчли ҳолатга дуч келдик. Давлат маблағлари ҳисобидан қурилган иншоатнинг эшик ва айрим ромлари, кириш дарчалари аҳоли томонидан ўз бошимчалик асосида олиб кетилган. Албатта, бундай салбий ҳолатда бугунги бунёдкорлик ишларини тўлақонли ўзида ҳис қила олмаган, Ватанимиз тараққиётида ўзини дахлдор дея ҳисобламаган бинонинг эшик ва ромларини ўз бошимчалик билан ўзлаштирган маҳалла аҳлини айиблаш адолатдан. Аммо ўз вақтида туман “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан қурилиш ишлари охирига етказилиб, бу майдончага алоҳида ходим бириктирилганда эди маҳалла ҳудудида бундай салбий ҳолатлар бўлмаган эди.

Агар 2019 йилда амалга оширилган маҳалладаги бунёдкорлик ишлари ҳар бир фуқаронинг ёки “Тоза ҳудуд” ДУК ходимларининг ўз чўнтагидан амалга оширилганда эди бу каби эътиборсизлик кузатилмаган бўлар эди. Миллионлаб солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан ажартилган давлат маблағларининг бундай эътиборсиз қолдирилишини ҳеч бир асос била оқлаб бўлмайди. Агар ҳар бир давлат ташкилоти ходими ва ҳар бир фуқаро ўз вазифасини виждонан бажарса юртимиз тараққиёти бугунгиданда юқорилаган, давлат маблағлари бундай эътиборсизлик натижасида таланмаган бўлар эди.

Муродов Аҳмаджон “Бобур” МФЙ, “Бобур” кўчаси оқсоқоли;

— Юқоридаги ҳолат ҳар бир маҳалла аҳлини юзини ерга қаратади. Бундан кейин бундай салбий ҳолатлар рўй беришига йўл қўймаймиз. Бугунги кунда “Бобур” кўчасидаги симёғочларни ҳам янгисига алмаштириш ва кўча четидаги ариқларга махсус латоклар ётқизилишига ҳам зарурат бор. Ваъдага вафо қилиб сайловдан кейин бугунгидек келиб биз билан очиқ мулоқотларни амалга ошириб муаммо ва таклифларимизни тингласаларингиз албатта қисқа фурсат ичида маҳалла ҳудудидаги муаммоларнинг тўлиқ ечимига эришамиз.

“Бобур” кўчасида аниқланган муаммолар ечими юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун туман “Тоза ҳудуд” ДУК раҳбарининг туман кенгашида ешитувини ташкил этиш юзасидан таклиф билдирилди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+