Қамашидаги сайл туман аҳолисининг эътиборини тортди

18.10.2019 18:10:02

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ва Қамаши туман Кенгашлари томонидан истироҳат боғида “Биз адолат тарафдоримиз” шиори остида “Адолат сайли” акцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда  маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари, маданият ходимлари, санъаткорлар иштирок этди.

Тадбир эсда қоларли ва мазмунли ўтиши учун чиройли саҳна қилиниб, унинг ичи дид билан безатилди. Айниқса, саҳна атрофига нур тарқатувчи мосламалар ўрнатилгани, ранг-баранг пуффаклар осилгани, “Адолат”нинг катта баннерлари саҳна атрофларига ўрнатилгани ҳам тадбирга ўзгача файз, шукуҳ бағишлади. 

“Адолат сайли” акциясида партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рўйиддин Раупов сўзга чиқиб, сайловолди дастурда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, тинчлик ва миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП бу йилги сайловда иштирок этар экан, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ғоясини рўёбга чиқаришни асосий вазифаси, деб ҳисоблашини  ҳам  айтиб ўтди.

“Адолат сайли” акцияси жуда мароқли ўтди. Унга ташриф буюрганлар таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқларини тинглаб, ҳордиқ чиқариб, “Адолат” СДПнинг мақсад ва вазифаларидан воқиф бўлдилар.

-Жамиятда адолат тамойилларининг барқарорлиги, ижтимоий адолат мезонларига тўлиқ риоя этилиши учун тинимсиз курашиш биз “Адолатчилар”нинг энг асосий мақсадимиз, энг асосий вазифамиздир,-деди партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров,- Биз адолат тамойилларига амал қилиб, жонажон Ватанимизда яшаётган барча миллат халқларининг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаймиз. Умуман, сайловолди дастуримизда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий  ва бошқа соҳаларда ҳам аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Шунингдек, Наримон Умаров   бўлажак   сайловларга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўриш, халқ орасида обрў-эътиборга эга номзодларни танлаш, партиявий-ташкилий ишларни янгича ташкил этиш, вилоят сайлов штабини сайлов қонунчилигига асосан меъёрий-ҳуқуқий, тарғибот ҳужжатлари билан янада бойитиш юзасидан маслаҳатлар берди.

                                                                              Комил САХАТОВ,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

                                                                       

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+