“Қозикент”га янги трансформатор ўрнатилади

21.02.2020 15:02:00

Жамиятда қонун устиворлигини таъминлаш, бошқарув идоралари, ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳларининг ўрни бор.

Ўзбекистон “Адолат” СДПдан вилоят Кенгашига сайланган   депутатлар ҳам электорат билан ҳамнафасликда бу борада қатор амалий ишлар олиб бораётгани айниқса қувонарли.

Партия депутатлик гуруҳи аъзолари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчилар мурожаатлари асосида 20 дан ортиқ депутатлик сўровлари киритди, шундан 9 таси жойларда ижобий ечимини топди.
Айтиш жоизки, вилоятдаги бир қатор умумтаълим мактабларида ўқувчиларининг дарсликлар билан таъминланиши, дарсликлардаги хато-камчиликлар, замонавий таълим технологияларини жорий этилиши, уларнинг моддий-техник базаси билан таъминланганлик даражаси, ички йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, газ таъминотидаги муаммолар, хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаш, ёшларни ишга жойлаштириш ва бошқа шу каби муҳим масалалар партия депутатларининг диққат марказида бўлмоқда.

Хусусан, вилоят Кенгаши депутати Содиқ Ҳақбердиевнинг Нарпай туманидаги 64 умумтаълим мактабида мавжуд иккита спорт зал ҳам бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда эканлиги юзасидан фуқаролар томонидан қилинган мурожаат асосида туман ҳокимлиги молия бўлимига киритган депутатлик сўрови ушбу масалага мутасаддиларнинг эътиборини қаратди. Бу борада манзилли дастурда тегишли вазифалар белгиланиб, ижроси депутат назоратига олинди.

Нарпай тумани аҳолиси учун суюлтирилган газ балонларни ўз вақтида аҳолига етказишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида қўшимча махсус автомашина ажратишда ёрдам сўраб “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ директори Х.Бобомуродовга депутатлик сўрови орқали мурожаат қилган депутатга 320 дона газ балонларини аҳолига бир вақтда етказиш хусусиятига эга “CHACMAN” русумли махсус автомашина ажратилди.

Шунингдек, тумандаги “Қозикент” маҳалласида 180 KW қувватли ТП аҳоли сони кўплиги сабабли электр токи етказиб беришга қуввати етмаётгани, электр энергиясидаги узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани депутат С.Ҳақбердиевни Нарпай туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ш.Ўриновга депутатлик сўрови орқали мурожаат қилишга ундади. Мурожаат ўрганиб чиқилиб “Қозикент” маҳалласи аҳолиси учун  қўшимча 100 KW ТП ўрнатиш жорий йилнинг 4-чорагида амалга оширилиши режага киритилгани маълум қилинди.

Партия гуруҳининг яна бир фаол аъзоси Илҳом Тўхтасиновнинг электорат билан учрашувида сайловчилар Самарқанд шаҳридаги “Устозлар” маҳалласида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг  кўплиги сабабли мавжуд трансфарматорнинг қуввати етмаётганлигини, электр тармоғида кўплаб узилишлар юзага келиб, электр  жиҳозлари ишдан чиқаётгани, маҳаллада 57 дона янги типдаги симёғочларни ўрнатиш зарурлиги маълум қилинди. Шу мақсадда депутатнинг Самарқанд ҳудудий Электр тармоқлари ОАЖга киритган депутатлик сўрови натижасида ушбу масала манзилли дастурга киритилди. Албатта, бу вазифанинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши депутат назоратида бўлади.

Бу каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Муаммонинг эса катта-кичиги бўлмайди, ҳар бир муаммо ўз вақтида ҳал этилиши зарур. Бу эса партия депутатларидан масъулият, билим, тезкорлик, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашни тақозо этади.


Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+