Сайловчиларнинг ишончини оқлай оламизми?

04.09.2020 12:09:04

 

Партиямиз мақсадларидан келиб чиқиб тайёрлаган дастуримда асосан адолатлилик, имкониятлар тенглиги, ижтимоий ҳимояга алоҳида аҳамият қаратганман. Адолат ҳаётимизнинг бош тамойилига айланиши, у ҳар бир инсон учун хизмат қилиши учун курашиш мақсадлари дастурда мужассам этилган.

Депутат сифатида одамларни қийнаётган айрим муаммолар юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига ёзма ёки оғзаки сўров чиқариб, масалага бепарволик билан, масъулиятсизларча муносабатда бўлаётган раҳбарларни учратганимда, ҳайратим ортади. Ахир биз одамларнинг турмушини эртага эмас, бугун яхшилашга бел бойлаган эмасмиз-ми? Хусусан, Қўштепа туманининг “Тегирмонбоши” МФЙдаги трансформатор одамлар учун хавфли ҳолатга келиб қолгани ҳақидаги оғзаки мурожаатимга электр таъминоти корхонасидаги мутасаддилар пинак ҳам бузишмади. Бир неча ёзма мурожаатларимдан сўнггина тартибга келтирилди. Маҳалламиздаги оилавий поликлиниканинг санитария ҳолати бугуннинг талабига мутлақо жавоб бермайди. 4-мактабгача таълим ташкилоти том қисми яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Тўғри, ҳозир карантин шароитида ташкилот фаолият кўрсатмаяпти. Аммо эртами индин у яна одатий фаолиятига қайтади-ку! Бу муаммолар бўйича сўровларимга ҳам тегишли раҳбарлардан ҳамон бирор ижобий жавоб ололганим йўқ. Лекин муаммолар ҳал бўлмагунча ўзим ҳам тинчимайман, мутасаддиларни ҳам тинчитмайман. Ичимлик суви масаласи анча йиллардан буён муаммо бўлиб турибди. Кундузи икки соатгагина сув берилади. Уйда бўлганлар уни ғамлаб олади, аммо бу пайтда ишда бўлганлар тоза сувни қаерлардандир ташиб келишларига тўғри келади. Маҳалла фаоллари билан келишиб, сув минораси ўрнатишни режалаштириб турибмиз.

Халқ депутатлари туман Кенгашида ҳар бир депутатнинг ўрни, ваколати, одоби, сайловчилари олдидаги масъулияти, уларга ҳисоб бериб бориши сингари жиҳатларни бизга берилган қўлланма асосида ўрганяпман. Бу борада катта тажрибага эга бўлган депутатлардан билмаганимни сўраб билишга ҳаракат қиляпман.

Ўтган давр мобайнида менга мурожаат қилган эҳтиёжманд оилалардан иккитасига саховатпешалар ёрдамида скважин-қудуқ суви чиқаришга кўмаклашдик. Бир оилага газ олиб кирдик ва плита келтириб бериб, қувончига шерик бўлдик. Ногиронлиги бўлган аъзоси бор яна бир оилага дарвоза қуриб берилди. Умуман, пандемия даврида округимиз ҳудуди ҳамда Марғилон шаҳридаги 300 дан ортиқ даромадидан ажраб қолган, ночор оилаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни зиммамизга олиб, бунинг уддасидан чиқяпмиз.

Инсон учун саломатликдан кўра каттароқ бойлик бўлмаса керак. Автоҳалокат туфайли бош миясидан қаттиқ жароҳат олган қизнинг ҳаётини сақлаб қолишга Яратганнинг инояти билан ҳисса қўшдик. Мия учун Тошкентдан протез тайёрлатиб келиб, Фарғонада қилинган жарроҳлик амалиёти учун 3000 АҚШ доллари сарфини эҳсонли инсонлар билан биргаликда кўтардик. Қўли енгил шифокорлар ҳам кам бўлмасинлар. Ҳозир қизнинг саломатлиги тикланганидан хурсандмиз.

“Қийқи” маҳалласидан бир аёл "Депутат экансиз, ўн икки ёшли ўғилчам қаттиқ беморликдан ҳолдан кетиб, йўлида юролмай қолди. Докторлар уни Тошкентга олиб боришни тавсия қилишди. Илтимос, ёрдам беринг" деб қолди. Мен аёлга “Бу менинг округим эмас”, дея олармидим?! Йигитчани ўзим машинамда ўша айтилган шифохонага онаси билан етказиб бордим. Муолажалар учун сарф-харажатни савобталаб одамлар билан бирга зиммамизга олдик. Аниқ ташхис билан қилинган муолажалар кор қилиб, бола ўн кун ичида оёққа турди. Уни Тошкентдан соғ-омон олиб келганимизда бувисининг қувонч кўз ёшларини кўрсангиз, ҳақимизга қилган дуоларини эшитсангиз эди!

Ўтган саккиз ойдан кўпроқ вақтда шунга амин бўлдимки, одамлар депутатга ишонади. Унга қилган мурожаати ерда қолмайди, деб ҳисоблайди. Аммо яна бир англаганим, ҳали орамизда одамлар дардига бефарқлар, ўз иши масъулиятини англаб етмаётганлар бор. Бундайларнинг раҳбарлар орасида учрашига асло тоқат қилиб бўлмайди. Шундай экан, биз, депутатлар, одамлар турмуш даражасини кўтаришдек олижаноб мақсад йўлида, айниқса, мутасаддилардаги бу иллатга қарши турмоғимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман.

Фаолиятим давомида яна бир қанча масалаларни кўтаришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Хусусан, бир масалани яқин кунларда доимий комиссия муҳокамасига киритмоқчиман. Президентимиз томонидан илгари сурилган "Беш ташаббус" доирасида мактаблардаги спорт залларидан тўғри ва самарали фойдалана олинмаяпти. Масалан, 50-мактаб мисолида буни яққол кўриш мумкин. Ҳудуддаги болаларнинг ҳаммасида ҳам йўл кира, вақт сарфлаб спорт мактабларига бориш имконияти бўлмайди. Агар ҳафтанинг маълум кунларида спорт мактабларидан олис жойлардаги муассасалар залларида тегишли мураббийлар томонидан тўгарак машғулотлари олиб борилса, ҳамма болаларни жалб қилиб олиш мумкин бўларди. Ана шунда жисмоний чиниқиш, вақтини мазмунли ўтказиш учун ҳамма ўғил-қизлар, ёшларга бирдек имконият яратиларди.

Аъзамжон АҲМАДЖОНОВ,

 Халқ депутатлари  Қўштепа туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+