Сайёрамиз аҳли имтиҳондан ўтмоқда

31.03.2020 17:03:31

Одам ҳеч қачон эртага ёки индинга нима бўлишини билмайди. Лекин бошга тушганни кўз кўради, деганларидек, инсон зотига ҳеч қачон ношукрлик ярашмайди. Балки ҳар бир ҳолатни, у яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, муносиб кутиб олади. Чунки бу беш кунлик дунё бир синов эканлиги ҳаммага аён.

Бир неча ойдан бери дунё миқёсида давом этаётган коронавирус пандемияси ҳам сайёрамиз аҳлини имтиҳондан ўтказмоқда. Афсуски, бу офат юртимизни ҳам четлаб ўтмади. 15 мартда вирусни юқтириб олган дастлабки бемор аниқланган бўлса, уларнинг сони тобора ошиб бормоқда. Орада қурбонлар ҳам бўлди. Шу билан бирга матонатли шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан тузалган беморларнинг борлиги қувончлидир.

Яқинда шоир Носиржон Жўраевнинг “Буюк имтиҳон” деган шеърини ўқиб қолдим. У жаҳонни титратиб турган мавзуга мурожаат қилиб, ажойиб мисралар битибди. Худди ҳар биримизнинг кўнглимиздаги фикрларни ифода этгандай:

Бу енгил ҳавода учар оғир дард,
Ҳар ютум нафасда хавотир энди.
Худо бандасига қўйди нозик шарт:
Қўлингдан келгани дуодир энди.

Мана бу мисралар эса ҳар биримизни ҳушёр бўлишга ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чорлайди.

Худо синабдими – демак, эслабди,
Ўзининг қудратин такрор эслатди.
Синов шамоллари бекор эсмабди,
Имтиҳон – ҳар кимга баҳодир энди.

Шу ўринда шоир халқимизнинг бундай машаққатли синовларга кўп рўпара бўлганлигини, ҳар сафар ўзига хос жасорат ва бирдамлик кўрсатганлигини баён этади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу сафар ҳам шундай бўлади.


Сен – не имтиҳондан омон ўтган халқ,
Бошидан не яхши-ёмон ўтган халқ,
Қонингдан қонимга имон ўтган, халқ,
Бир-бировга меҳринг шифодир энди.

Вазият тақозосига кўра ҳамма ўз уйида ўтириб, касалликка қарши кураш олиб бормоқда. Лекин бекор ўтириш йўқ. Мана, вилоят Кенгаши ходими Акбаржон Мансуровни олайлик. У партиямизнинг таниқли блогерларидан. Ижтимоий тармоқлар орқали долзарб мавзулардаги чиқишларни давом эттирмоқда. Унинг мингдан ортиқ обуначиси борлигини ҳисобга олсак, тарғибот ишлари таъсирчанлиги қанчалик юқори эканлиги аён бўлади.

Вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев, раис ўринбосари Абдужаббор Нишонов, Учқўрғон ва Наманган туманлари  партия кенгашининг раиси Рустамжон Хўжамбердиев ва Ёрқиной Ҳожиматова ҳам ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатмоқдалар. Энг муҳими, уларнинг чиқишлари, айниқса, БПТ ва депутатларимиз фаолиятини янада такомиллаштириш ҳақидаги фикр-мулоҳазалари кўпчиликка маъқул тушмоқда.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+