Саломатликка садоқат – чинакам инсонийлик белгиси

24.03.2020 14:03:43

Бугун ён-атрофингиздаги инсонларга назар солсангиз, уч хил тоифага дуч келасиз. Биринчи тоифа тамоман ваҳимага чулғанган, атрофдигаларни ҳам қўрқитиш билан овора. Фобияси шу қадар кучлилигидан миш-мишларга ҳам осонгина ишонади, ҳар қандай ахборотнинг асирига айланади. Иккинчи тоифадаги одамлар эса мутлақо бепарво. Худди йил бошидан бери коронавирус дея жар солаётган оламдан айродек ёхуд мазкур касалликка қарши вакцина олгандек тутадилар ўзларини.

Учинчи тоифадаги – олтин ўрталикни сақлаган, ваҳимага берилмаган ҳолда ўзи ва яқинлари саломатлигини муҳофазаланаётганлар, афсуски, жуда кам. Тиб илмининг султони Ибн Сино айтган эди: “Биз учтамиз: табиб, бемор ва дард. Бемор табиб томонга ўтса, дардни енгиш мумкин. Борди-ю бемор дард томонга ўтиб олса, табиб ожиз”. Дарҳақиқат, ҳар қандай муаммо каби касалликка ҳам оқилона ҳамкорлик орқали ечим, яъни даво топиш имкони мавжуд.

Коронавирус ҳали Хитойда кезиб юрган пайтлари “Ўзбекистонга кириб келди, энди нима қиламиз?” деган ваҳимали чақириқлар роса болалаган эди. Юртимизда мазкур хасталик қайд этилган айни пайтда эса худди ўша “тарғибот”чилар хотиржам тортиб қолгани кишини таассуфга солади. Шифокорлар ўз оиласи, ҳузур-ҳаловатидан воз кеча тунни тонгга улаб меҳнат қилаётган айни паллада кимгадир уйда ўтириш-у ниқоб тақиш малол келмоқда. Бу билан ўзлари ва яқинлари ҳаётини хавф остига қўяётганларидан бехабарлар. Сабоқ чиқариш учун исботлар камми? Хулоса чиқариш учун бошига ташвиш тушиши шартми?

Карантин жорий этилганидан бери унга қай даражада амал қиляпмиз? Мактаб-боғчалар ёпилди, аммо кўча тўла болалар... Кафе ва ресторанларга тўй маросимларини ўтказиш тақиқланади, аммо уйда ўтказилаётган тўйлар... Имкон қадар ташқарига чиқмаслик, уйда ўтириш уқтирилди, аммо давом этаётган меҳмондорчиликлар, сайрлар... Аслида буларнинг бари фуқаролар манфаатини кўзлаб жорий этилган, уларга тартиб-интизомга содиқлик эмас, ўз соғлиғи муҳофазаси йўлида амал қилиш даркор.

Бари вақтинча. Шуни тушуниб етсак бас. Ҳамжиҳатликда синовдан ёруғ юз билан ўтиб олсак, яна аввалги фаол ҳаётимизга қайтамиз, яна юртимиз ва хонадонимиз байрам шодиёналарига тўлади. Осойишталикка эришиш эса осон эмас, бу сиз-у биздан тенг масъулиятни талаб қилади.

Юрт тинчлиги, халқ фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимиздаги бир сиёсий куч сифатида барчани карантин талабларига амал қилиш, шахсий гигиена ва профилактика қоидаларига риоя этишда ҳушёрликка чақиради.

 

Ўзбекистон "Адолат" СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+