“Спортни сев ва спорт билан яша!”

01.03.2021 09:03:51

Сухроб Ҳамроев бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгашининг бош ҳисобчиси, шу билан бир қаторда спорт унинг энг севимли машғулоти.

“Спортни сев ва спорт билан яша!” – бу Сухроб Ҳамроевнинг ўзи учун қабул қилган биринчи шиори. Бугун ҳар бир ёш спорт билан шуғулланиши лозим. Чунки соғ танда соғлом ақл ривожланади.  Сухроб ёшлигиданоқ спортнинг футбол тури билан шуғулланиб келган.

Сарҳисоб қилиб кўрадиган бўлсам 5 ёшдан футболга қадам қўйганман. Бугун эса 27 ёшни қарши оляпман, қарангки, босиб ўтган шунча йиллик умрим давомида нафақат туман, вилоят, балки Республика мусобоқаларида ҳам терма жамоамиз билан бирга бир неча бор иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқдамиз. Мақсадим Республика олий лига ўйинларида фахрли ўринларни қўлга киритиш ва вилоят терма жамоасини жаҳон чемпионатларига олиб чиқиш. - дейди у биз билан суҳбат жараёнида.

Якунланган йилнинг декабрь ойида футзал бўйича 18-30 ёшли  маҳалла ёшлари ўртасида вилоят биринчилиги ўтказилган эди. Ушбу мусобоқада вилоят миқёсидаги МФЙларидан 101 та жамоа, бир минг ўн нафар спортсевар ёшлар қатнашдилар. Ушбу муросасиз кечган мусобоқада Сухроб Ҳамроев энг яхши ўйинчи номинациясини қўлга киритди. Қолаверса,  2020 йил  сентябрь – декабрь ойларида  иккинчи лига жамоалар ўртасида ўтказилган 29-вилоят  биринчилиги   Сухроб Ҳамроев жамоасига насиб этди.  Яъни, Вобкентнинг “Вобкент” терма жамоасига.

Сухроб ҳар доим ўз устида ишлайди. У бугун сиёсий майдонда ҳам ёшларга яратилаётган имкониятлардан хабардор ва тенгдошларни қизиқишига қараб ҳар доим фаолликка чорлайди. “Вақтингизни қандай тақсимлайсиз?” дея берган саволимизга у шундай жавоб қайтарди:

-Вақтни томчига қиёслайман, унда ҳаёт акси бор, аммо қисқа. Шунинг учун биз ҳар бир дақиқамиздан унумли фойдаланишимиз лозим. Шундагина биз вақтнинг устидан ғалаба қозонамиз. Бир дақиқа вақтимни бесамар кетгани бу мен учун бир қадам ортга қолиш билан баробар, шу учун ҳар доим ҳисоб-китоб билан кун тартибимни тузуман.

Ҳам спортни, ҳам сиёсий партиядаги фаолиятини уйғунлаштириб олиб бориш орқали Сухроб  ижтимоий-сиёсий жараёнларда бевосита иштирок этади.  Қолаверса бугунги ёшларга зарур бўлган китобни севиб мутола қилиш ҳам унинг севимли машғулоти. Партиямиз сафида бундай ёшларнинг кўпайиши эса ютуқлар бардавомлигини таъминлайди.

Зулхумор ТЎРАЕВА,

“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+