Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари йўлида

22.06.2020 19:06:55

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ тизимида кенг ва чуқур ислоҳотлар ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, суднинг мустақиллиги, адолатли иш кўриши, ноҳақликнинг олдини олиши, инсон ҳуқуқларининг юксак даражада қадрланиши каби кўплаб ўта муҳим мезонлар барқарор бўлиши лозимлиги таъкидланган. Мамлакатимизда кейинги йилларда бу йўналишда бир қатор янгиликлар амалга оширилмоқда. Лекин ҳозирча суд-ҳуқуқ тизимининг фаолияти жамият талабларига тўла мос тушади, дейиш қийин.

Мамлакатимизнинг бошқа минтақалари қатори Наманган вилоятида мустақил суд ҳокимиятининг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича нима ишлар қилинмоқда? Бу соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш учун яна қандай чора-тадбир кўриш керак? Одил судловга салбий таъсир ўтказиши мумкин омилларга барҳам беришнинг йўллари борми? Ана шу ва бошқа қатор саволларга жавоб излаган Олий Мажлис сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Суд ва Судьялар олий кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Наманган вилоятида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов:

– Ишчи гуруҳимизнинг ташрифи Олий Мажлис ҳузуридаги суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича комиссия, шунингдек Сенат ва Қонунчилик палатасидаги тегишли қўмиталар ташаббуси билан амалга оширилди. Биз вилоят судларининг, Учқўрғон ва Янгиқўрғон туманларидаги судлар фаолияти билан яқиндан танишдик. Судьялар ва бошқа ходимлар билан мулоқотда адвокатлар, адлия органлари вакиллари, маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари ҳам иштирок этдилар. Ислоҳотларнинг бориши, эришилаётган натижалар қатори фаолиятга халақит бераётган камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Албатта, ишни янада яхшилаш юзасидан кўпдан-кўп таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Биз уларнинг барчасини ёзиб олдик ва умумлаштирилган ҳолда якуний маълумотномада акс эттирамиз.

Мулоқотлар асносида билдирилган фикрларга келсак, уларнинг барчаси судлар мустақиллигини ҳамда одил судловни таъминлашга қаратилган. Масалан, юқори малакали, билимли, адолат йўлида ишонч билан фаолият юритадиган кадрларни тайёрлаш доимий диққат марказида туриш керак. Судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини ҳамда хавфсизлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш талаб этилади. Соҳа фаолиятида шаффофликни йўлга қўйиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур. Судлар учун янги, замонавий бинолар қуриш, уларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш ҳам муҳим ва долзарб масалалардан ҳисобланади.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+