Тадбиркор халқни нега алдади?

03.09.2020 11:09:49

Пойтахтимизда аҳоли сони ўсишига қараб автомобиллар ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Шунга яраша кўп қаватли автотураргоҳлар ўрнатилишга талаб кучаймоқда.

Яқин орада шундай кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши режалаштирилаётган жойлар ҳам талайгина. Ушбу жойларда олиб борилаётган ишлар қай тарзда амалга оширилаётганини ўрганиш мақсадида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари Луиза Хикматова, Бехзод Тўхтамуродовлар жойларда бўлиб, аниқланган муаммоларга ечим излашди.

Ўрганишлар жараёнида Қора-қамиш дахаси 2, 2А ва 6А уйлар оралиғида автотураргоҳ қуриш учун ажратилган ернинг ярмига тадбиркор томонидан ўзбошимчалик билан қандолатчилик цехи қуриб олинганлиги маълум бўлди. Аввал бошда кўп қаватли автотураргоҳ қуришни ўз зиммасига олган тадбиркор кейинчалик ими-жимида ўз фойдасига қандолатчилик цехи қуриб олган. Ачинарлиси, буни ҳеч ким назоратга олмаган.

ТХАЙ ва Қамарнисо кўчалари кесишувида қурилаётган кўп қаватли автотураргоҳда олиб борилган ўрганишларда эса қурилиш жараёни қизғин кетаётганлиги устидан чиқилди. Уларга тегишли кўрсатмалар бериб ўтилди.

Шунингдек, Бешқўрғон мавзесидаги кўп қаватли уйлар оралиғидаги бўш майдонга ҳам автотураргоҳ қурилиши режалаштирилган эди. Олиб борилган ўрганишлар вақтида бу ерда бир оила ноқонуний ўрнашиб олиб, яшаб келаётганлиги маълум бўлди. Қурилиш ишлари ҳали бошланмаган бўлиб, ер майдони атрофи панжара билан тўсиб қўйилганлиги ойдинлашди.

Қора-қамиш 1 мавзесида олиб борилган ўрганишлар жараёнида кўзда тутилган жойлар 2018 йил «Обод маҳалла» дастурига киритилганлиги ва айни пайтда ишлар якунланганлиги маълум бўлди. Шу билан бирга, режадаги ер манзарали дам олиш жойларини ташкил этиши туфайли депутатлар геодезия ва кадастр хулосасига таянган ҳолда бу ерга автотураргоҳ қуришни рад этиш таклифини беришди.

Айни кунларда депутатлар ўрганилган барча муаммоларни навбатдаги сессияга олиб кириш ҳаракатида. Бу бўйича маҳаллий Кенгашнинг тегишли қарори чиқарилишига эришилгач, муаммо бартараф этилиши тегишли ижро органлари зиммасига юклатилади.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+