“ТЕМИР ДАФТАР” НАЙРАНГЛАРИ ТАКРОРЛАНМАСМИКИН...

16.10.2020 16:10:35

Аёллар ва ёшлар масалаларига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани сўнгги йиллардаги ислоҳотларимизда ўз натижасини кўрсатмоқда.

Лекин ушбу тизимга эътибор ва ғамхўрликлар ортгани сайин  - бир қатор долзарб муаммолар ўзгаришсиз қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу муаммолар аёлларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги, муносиб иш ҳақи тўланадиган иш жойи билан таъминланиши, ажримлар, ёшлар бандлиги, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, ёшлар ва аёлларнинг қониқарли ижтимоий ҳаёти каби муҳим масалаларда акс этмоқда.

Бугун биз маҳалланинг елкасига маҳаллий ҳокимлик, сектор раҳбарлари, депутатлар, яна бир қанча мутасаддилар топшириқларини юклар эканмиз, у ўзини ўзи бошқармайди, шубҳасиз, бошқарилади. Шу боис, маҳалла ўзини ўзи бошқарувчи эмас, маҳаллий ҳокимликнинг бир филиали, ячейкаси, давлатнинг энг кичик бошқарув органи сифатида фаолият юритса, ишда унум бўлади.

Биз ҳамон маҳалла раисини сайлар эканмиз, бу лоқайдликлар давом этади. Фикримча, маҳаллий ҳокимни тайинлагани каби маҳалла раисини ҳам танлов қилиш, меҳнат фаолиятига самарадорликка эришган раҳбарлар тажрибасидан маҳалла тизимида ҳам фойдаланиш, бошқа ҳудуддан бўлса, уй-жой билан таъминлаш, маҳаллани эса давлат ташкилотига айлантириш зарур. Янгича ишлаш қўлидан келмайдиган, ўз олдига юксак мақсадлар қўймаган маҳалла раислари балки “темир дафтар”ларда қўллаган найрангларини “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”да ҳам юритиши табиий ҳол.

Президентимиз айтган “ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш” учун маҳаллага давлатимиз раҳбари талабларига мос кадрлар керак.

Биз эса ушбу тизим вакилларидан огоҳлик, ташаббускорлик, ҳалоллик, ватанпарварлик билан ишлашларини кутиб қоламиз.Зеро маҳалла – Ватан ичра Ватандир!

Комила ИСРАИЛОВА,

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+