Тиббиётда коррупцаген ҳолатлар қачон камаяди?

09.10.2019 19:10:16

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Сайлов -  илғор демократик ғоялар ифодаси” мавзусида анжуман ўтказилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, журналистлар, блогерлар, партия фаоллари  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Шу боисдан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқди ва кенг омма эътиборига муҳокама учун тақдим этди.

Учрашувда дастурнинг таълим, тиббиёт, суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналиши кенг муҳокама этилиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар натижаси таҳлил этилди. Хусусан, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар танқидий ўрганилди. Мақсад мавжуд камчиликларни аниқлаш,   камчиликларни янги қонунлар ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш ва бу орқали ҳалқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишдир.

- Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш лозимдир, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши Мафкура бўлими бошлиғи Фазлиддин Зияев - Бунда асосий эътиборни барча муассасаларда “ақлли тиббиёт” - электрон тиббиёт тизими асосида ишлашга ўказиш таклиф этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, партия давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланиб, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилишига эришиш билдирилди. Бу тизим шаффофлашуви ва унда коррупцаген ҳолатлар камайишига туртки бўлади.  

– Партиянинг сайловолди дастури лойиҳаси билан танишиб чиқдим, – деди “Жамият” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири ўринбосари Нуриддин Убайдуллаев. – Унда умумтаълим мактаблари, коллеж, лицейларнинг ўқув режаларида тарих, ўзбек адабиёти, она тили фанларидан дарс соатларини кўпайтириш масаласи кўтарилган. Бундан ташқари, халқ таълими муассасаларида ўқув режаларини қайта кўриб чиқиш ва айрим фанлар дарс соатларини қисқартириш, айримларини ўқув режасидан чиқариш таклифи илгари сурилмоқда. Умумтаълим мактабларида ҳам махсус фанларни чуқурлаштириб ўтиладиган синфлар очилишини ташкил этиш масаласини тезроқ амалиётга татбиқ этиш жоиз. Шунингдек, мактабларда ўқувчилар сонини оптималлаштириш вақти келди. Бу айниқса, бошланғич синфларда жуда муҳим. Партия илгари сураётган умумтаълим мактабларида тиббий хизмат сифатини янада ошириш таклифига ҳам қўшиламан.

Шунингдек, блогерлар Адҳам Элтоев, Обиджон Латипов, Фурқат Қурбоновлар томонидан дастурда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, меҳнат кодексини тўлиқ ижросини йўлга қўйиш лозимлиги тўғрисидаги қатор фикрлари тингланди.

Тортишувлар  ва таклифларга бой бўлган учрашувда билдирилган фикрлар инобатга олиниши таъкидланди. Якунда хулосалар умумлаштирилиб, партия сайловолди дастурида акс эттирилиши белгиланди.

Зулайҳо АХМАДЖОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+